Аллоҳ рози – ҳамма рози
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Шубҳасиз, Аллоҳ таборака ва таоло бир бандани яхши кўрса Жаброилга нидо қилади: «Аллоҳ дарҳақиқат фалончини яхши кўрди. Сен ҳам уни яхши кўргин!». Бас, Жаброил (алайҳиссалом) у бандани яхши кўради ва осмонда нидо қилади: «Аллоҳ дарҳақиқат фалончини яхши кўрди, сизлар ҳам уни яхши кўринглар!». Бас, осмон аҳли уни яхши кўрадилар. Сўнг, Ер аҳли учун ҳам у банда севимли қилиб қўйилади».
(Имом Бухорий ривоятлари, 7485-ҳадис).
Муовия розияллоҳу анҳу Уммулмўминин Оиша онамиз розияллоҳу анҳога мактуб йўллаб:
«… Менга васиятнома ёзиб насиҳат қилинг, қисқароқ бўлсин …» дедилар.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ёздилар:
Саломун алайка. Аммо баъд. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим. У зот дедилар:
«Одамлар норози бўлсалар ҳам Аллоҳни рози қилишга ҳаракат қилган банда учун Аллоҳнинг Ўзи одамларнинг муаммоларини бартараф этишда кифоядир. Аллоҳнинг ғазабини келтириб бўлса ҳам одамларни рози қилишга ҳаракат қилган бандани эса Аллоҳ (ҳеч қандай ёрдамсиз ташлаб), ана шу одамларнинг ўзига топшириб (уларни бу кимсага қарши қилиб) қўяди».
Вассалому алайк.
(Имом Термизий ривоятлари, 2414-ҳадис).
Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
«Ҳаммани рози қиламан деб бутун вужудинг ила ҳаракат қилсанг ҳам, бу асло имконсиздир! Шундай экан, амалингни ва ниятингни фақат Аллоҳ учунгина холис қилгин!».
(Шуабул-иймон китоби, 10/201)
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•