Тараққиёт йўли

Бўлимлар: Радиосуҳбатлар

ISLOM OVOZI

Шайх Обидхон қори, 2007 йил
«Би Би Си» суҳбатидан лавҳа

(Ривожланган давлатларнинг қайси томонларидан ибрат олишимиз керак?)

Мусулмонларнинг ичларида, алҳамду лиллаҳ, уламоларимиз бор, яхши-яхши инсонлар, илмли, оқил, доно, инсофли, раҳму шафқатли инсонлар бор… Ўшаларга имконият бериладиган бўлса, улар қўлларидан келганча меҳнат қиладилар, ҳаракат қиладилар, мусулмонларни тинч-тотувлик билан яшашга кўндирадилар ва ўргата оладилар, иншоаллоҳ.

Оврўпо шароити ҳақиқатдан, айтганингиздек, бошқача. Бу ерда жуда кўп эркинликлар бор. Моддий жиҳатдан тўкин-сочинлиги бир ёқда турсин-ку, лекин маънавий, ҳуқуқий, сиёсий жиҳатдан ҳам у ерда эркинликларнинг қандай тақдим этилгани, албатта, ибратли ҳолат.

Сиз мавжуд қонунларга хилоф келмаган ҳолда, бемалол ўзингизнинг динингизга амал қиласиз, хоҳланг ташкилот тузасиз, хоҳланг партия тузинг, хоҳланг мадраса очинг, масжид очинг, болаларни ўқитинг, “Қуръон”га ўқитинг, “Ҳадис” ўқитинг, бемалол.

Бу нарсанинг инсонларнинг онгги билан боғлиқ жиҳати ҳам бор. Яъни, давлат тепасида ўтирган, сиёсат юритаётган инсонларнинг онгига, уларнинг тушунчаси, аҳлоқи, уларнинг қалби, ниятлари, мақсадларига, демак, боғлиқ нарсалар…

Бу ерда қайси миллат бўлса ҳам, ҳаммаси ўзининг урфу одатларига бемалол риоя қилади. Бу ердаги ҳукуматлар қайтага ўзлари айтиб турадилар: “Сизлар ўз тилингизни сақлашингиз керак, динингизни сақланг, урфу одатларингизни сақланг”, – деб. Ҳатто ўзингизнинг бир миллий марказингиз ёки исломий ташкилотингизни тузсангиз, бу ердаги ҳукумат шунга ёрдам беради, пул ажратади, сизни ҳар хил тадбирларга рағбатлантиради…

Ҳозир биз тил ўрганаяпмиз ва шу билан бир қаторда, динимизни ҳам, алҳамду лиллаҳ, ўрганаяпмиз. Мана, фарзандларимизга, оила аъзоларимизга дарс бераяпмиз. Бундан ташқари, биз мана шу атрофдаги мусулмонларга ҳам дарс бераяпмиз, уларнинг кўпчилик фарзандлари, ўғил болалар, қизлар ва ҳаттоки катталар ҳам “Қуръон”дан сабоқ олишаяпти. Масжидга ва ҳам бизнинг уйимизга келиб, дарс олиб кетишаяпти.

Биз турган жойларда ҳам қочқинларга муносабатлари жуда ўзгача. Ўзларининг фуқаролари билан баб-баробар, тенг кўришади. Илм беришади, ўзларининг тилларини ўргатишади, ана шу тилларини ўргансангиз, ўқиш даврингиз сиз учун меҳнат ҳисобига ёзилади ва улар сизни бемалол, етарлича маош билан таъминлайдилар. Бола-чақангиз нечта бўлишидан қатъи назар, оила-жонингиз неча киши бўлса ҳам, ҳаммасини етарли даражада маблағ билан таъминлашади. Демак, иқтисодий жиҳатдан бу ерда ҳеч қандай қийинчилик йўқ, алҳамду лиллаҳ! Халқнинг фаровонлигини ниҳоятда қадрлашади ва инсоннинг ҳуқуқлари – ҳам диний ва ҳам сиёсий ҳуқуқларини ниҳоятда ҳурмат қилишади…

Бу ерда ўзингизнинг Ватанингиз, туғилиб, ўсган юртингиздан олисда эканингиз ва дўст, ёру биродарларингиз, қавму қариндошларингиз, ота-онангиздан узоқда, фироқда эканингиз инсонга оғир бўлади, албатта. Қанчадан-қанча бизнинг биродарларимиз, шогирдларимиз ёки устозларимиз, яхши инсонлар қамоқхоналарда азоб чекаяптилар. Бундай нарсалар, албатта, инсонга тинчлик бермайди, унинг оромини ўғирлайди…

Имконият берилганда, албатта, ҳамма қайтади. Лекин ҳозирги давлатни бошқараётган одамларнинг назаридаги, тушунчасидаги имконият – бу имконият эмас! Улар бугунги ҳолатни имконият дейишади, улар мусулмонларга катта нарсани бериб қўйганмиз, кенг имкониятларни яратиб берганмиз, шунга шукр қилишмаяпти, деб айтишади. Шунинг учун ҳам, имконият деганда, уни қандай тушунишга боғлиқ…

Мен Обидхон Собитхон ўғли 1958 йилда туғилганман. Тошкентда Ислом институтини битирганимдан кейин, “Тилла Шайх” жомеъ масжидида ноиби имом бўлиб ишладим. Сўнгра, “Тўхтабой” масжидига имом бўлиб ўтдим, 1991 йилдан 95-йил охиригича у ерда имом бўлиб ишладим.

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi