«Давлат бошқаруви қандай бўлиши керак?»
Савол:
Давлат бошқаруви қандай бўлиши керак?
Жавоб:
Ислом барча замонларга ва барча маконларга энг муносиб бўлган мукаммал ва оламшумул дин эканлигида шак-шубҳа йўқ.
Мусулмон киши аввало мана шундай эътиқод устига мустаҳкам ўрнашиб олмоғи даркор.
«Давлат бошқаруви қандай бўлиши керак?», деган саволга келсак, бунинг жавобини ҳам Динимиз 14 аср аввал баён қилиб қўйган.
Бироқ, илмий масалаларни назарий шаклда ўрганиб олишнинг ўзи уларни воқеликда тўғри татбиқ эта олиш кафолатини бермайди.
Инсоният бошидан кечириб келаётган муаммоларнинг асл илдизи бир-бирига боғлиқ бўлган икки нуқтадаги камчиликларга – (1) Динни (ҳаёт қонунларини) чуқур ва атрофлича ўрганмасдан туриб, (2) воқеликни ҳам чуқур ва атрофлича англамасдан туриб ҳукм чиқаришга бориб тақалади.
Давлат бошқарувида шўро (инсоният учун зарур бўлган ҳар бир соҳа мутахассислари – олиму уламоларнинг маслаҳатлари) жуда улкан аҳамиятга эгадир. Ислом фиқҳида бу мавзу илмий ва ақлий далил-исботлар билан муфассал баён қилинган. Уламоларимиз қадим замонлардан буён «Аҳкоми султонийя» (давлат раҳбарлиги аҳкомлари), «Сиёсати шаръийя» (шаръий – ҳикматли бошқарув), Қозилик ва «Алоқоти давлийя» (халқаро ёки давлатлараро алоқалар), «Илмун-нафсил инсонийя» (Инсон ва нафс илми) каби фанларда жуда кўп долзарб китобларни ёзишган. Ана шу китоблардан ҳатто бугунги кунда ривожланган ғайриисломий давлатлар ҳам ҳалигача фойдаланиб келишяпти.
Ислом ҳар бир соҳани ўз мутахассисидан ўрганиш ва у билан маслаҳатлашиб иш юритиш зарурлигини қайта-қайта таъкидлаган.
Аллоҳ таоло ҳатто Ўзининг энг улуғ, энг ақлли ва энг илмли бандаси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам ўзларининг энг илмли ва энг тақволи асҳоблари билан бамаслаҳат иш юритишга буюрган:
«(Эй Расулуллоҳ), ишларингизда уларга (саҳобаи киромларга) маслаҳат солинг! Энди (маслаҳат қилгач, бирон ишни) қасд қилсангиз, Аллоҳга таваккал қилинг!».
(Оли Имрон: 159)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг амрига итоат қилиб, доимо саҳобалар билан бамаслаҳат иш юритардилар. Аллоҳдан очиқ-ойдин ваҳий келмаган ишларда аксарият саҳобаи киромлар нимани ихтиёр этишса, ўшани қабул қилардилар, гарчи ўзларининг фикрлари бошқача бўлса ҳам.
Бунга мисол ўлароқ Уҳуд жангида Қурайш мушриклари Мадинаи мунавварага бостириб келган пайтларини эслашимиз мумкин. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд майдонига чиқмасдан Мадина шаҳри ичида туриб жанг қилишни афзал билгандилар. Бироқ, саҳобаи киромларнинг кўпчиликлари мушрикларнинг Мадинага бостириб киришини кутиб ўтиргандан кўра Уҳуд майдонига чиқишни хоҳладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг фикрларини қабул қилдилар ва ҳаммалари биргаликда Уҳуд майдонига йўл олишди. Қиссанинг давоми Сийрати Набавийяда маълум ва машҳур.
Мўмин-мусулмонларнинг сифатларини баён қилган ояти карималардан яна бирида Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Улар Парвардигорларига ижобат-итоат этган ва намозни тўкис адо қилган зотлардир. Уларнинг ишлари (мудом) ўзаро шўро-маслаҳат (билан) бўлур ва Биз уларни ризқлантирган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар. Улар ўзларига зулм етган вақтда (унга қарши курашиб) ғолиб бўладиган зотлардир».
(Шўро сураси, 38-39 оятлар)
Киши ўзича ақллилик қилиб ҳар-хил гапларни гапириб юбориши ёки ҳар-хил ишларга қўл уриб қўйишидан олдин Дин таълимотларини ҳам дунёвий фанларни ҳам чуқур ўрганиш учун доимий ҳаракатда бўлиши, ҳар бир муаммо қаршисида омонатдор уламолардан маслаҳат сўраб туриши жуда ҳам зарур.
Ҳатто Дин илмларини чуқур ўрганиб чиққан уламолар дунёвий фанлардан воқеликда долзраб бўлиб турган масалаларни ўрганишлари, қайси замонда, қайси маконда, қайси босқичда, қандай вазията турганликларини аниқ-тиниқ билиб олишлари шарт.
Жуда кўп масалаларнинг тафсилий аҳкомлари макондан маконга, замондан замонга, ҳолатдан ҳолатга қараб ўзгариб туради. Шариат аҳкомларини ҳам Исломга тарғиб этилаётган одамларнинг ҳолатлари ва истеъдодларига қараб босқичма-босқич етказиш лозим бўлади.
Мисол учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинаи мунавварада Ислом дини ўз камолига етиб бўлганидан сўнг (вафотларидан озгина олдин) Яман диёрига Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни даъват учун юборар эканлар, у кишига васият қилиб шундай дедилар:
«Сен Аҳли китоб (яҳуд ва насоролар)дан бўлган бир қавм (яшайдиган) диёрига кетмоқдасан. (Шундай экан), бас уларни «Ягона Аллоҳ ҳақ илоҳ, У Зотдан бошқа ҳеч қандай илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир» деб гувоҳлик беришларига даъват қилгин. Қачонки улар мана шу чақириққа итоат қилсалар, бас, сен уларга Аллоҳ ҳар кеча-кундузда беш вақт намозни фарз қилганини ўргатгин. Кейин агар улар бу даъватни ҳам қабул этиб итоат қилсалар, бас, Аллоҳ уларнинг ичларидаги бойларидан олиб камбағалларига топшириладиган садақани фарз этганини ўргатгин. Қачонки улар бунга ҳам итоат қилсалар, бас, сен уларнинг мол-мулкларидан энг афзалларини олишдан узоқ бўлгин ва мазлум инсоннинг дуои бадидан қўрқгин! Зеро, унинг дуои бади билан Аллоҳнинг ўртасида ҳеч қандай тўсиқ йўқдир!».
(Имом Муслим ривояти).
Ушбу ҳадиси шариф ва бошқа кўпдан-кўп далиллардан Ислом уламолари барча халқларни Исломга тарғиб этишда уларнинг ҳолатларига қараб босқичма-босқич ҳаракат қилиш зарурлигини баён қилганлар. Зеро, ҳар бир инсон бу динга чин қалби билан қизиқиб, ўз ихтиёри ила кириши керак. Ҳеч кимни ҳеч қачон ҳеч қайси эътиқодга мажбурлаб ишонтирилмайди.
Аллоҳ азза ва жалла Бақара сурасида ҳам марҳамат қилади:
«Динга зўрлаш (мажбуран мусулмон қилиш) йўқдир! (Зеро) ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди. Бас, ким шайтондан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳечқачон узилмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Аллоҳ Самийъ (барча овозларни эшитиб тургувчи), Алийм (барча нарсаларни билиб тургувчи)дир».
Валлоҳу аълам.
«Ислом Овози» таҳририяти
* Алоқадор мавзулар:
31-суҳбат: Давлатчилик, подшоҳлик, адолат (4)
74-суҳбат: Шахс, жамоат ҳамда давлат ғалабаси учун зарурий сифат (2)
Исломда «толерантлик» бўлиш мумкинми?
Исломни даврга мослаштириб ревизия қилиш
Мусулмоннинг номусулмон ҳимоясида бўлиши
Швеция ҳақида Обидхон қорининг гувоҳликлари
Жамиятни қандай ислоҳ қилинади?
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•