«Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз…»
Савол
Сизга яна бир савол билан юзланмоқчи эдим, вақтингизни ажратиб жавоб берсангиз хурсанд бўлар эдим.
Саволим шундан иборатки, одам дили ўлса, уни қандай қилиб қайта жонлантирса бўлади?
Бир ўртоғим ҳеч нарсадан таъсирланмай қўйган деярли, «ҳеч нарсани ҳис этмайман» дейди.
Унинг қалбини яна қандай қилиб жонлантирсам бўлади?
Ўз маслаҳатингизни беринг.
Жавоб
Аллоҳ Ўзи мададкорингиз бўлсин…
Авваламбор, ҳидоят Ягона Аллоҳнинг қўлида. У Зот Ўзи хоҳлаганини тўғри йўлга бошлайди, хоҳлаганини адаштиради.
Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак сийратларидан бир мисол келтирамиз.
Пайғамбаримиз энг кўп яхши кўрган амакилари, бутун умри мобайнида Расулуллоҳни ҳимоя этиб, у зотга ўз жони-ю молини фидо қилиб яшаган Абу Толиб ибн Абдулмутталиб бу дунёдан ўтар пайти мушрик ҳолида кўз юмди, ваҳоланки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг олдида туриб: «Эй Амаки(жон), бир марта «Лаа илааҳа иллаллоҳ» (Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақатгина Аллоҳнинг Ўзи Ягона ҳақ Илоҳдир)» деб айтинг, токи мен Аллоҳнинг ҳузурида сиз ҳақингизда (мусулмон бўлганлигингизни айтиб) гувоҳлик бера олишим учун» деб турган эдилар. Шунда ҳам барибир Абу Толиб мушрикликни устун қўйиб ўлди.
Унинг бу ҳолда вафот топиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга жуда ҳам оғир ботган. Ана шу йилни Сийрати Набавийяда «Омулҳузн – ғамгинлик, хафалик йили» деб номланган.
Шунда бутун оламларнинг парвардигори бўлган Ягона Аллоҳ қуйидаги ояти каримани нозил қилди:
{إِنَّكَ لَا تَهْدِي مَنْ أَحْبَبْتَ وَلَٰكِنَّ اللَّهَ يَهْدِي مَن يَشَاءُ وَهُوَ أَعْلَمُ بِالْمُهْتَدِينَ}.[القصص: 56].
«(Эй Расулуллоҳ), аниқки, сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. У ҳидоят топгувчи кишиларни Ўзи яхшироқ билгувчидир».
(Қасас сураси, 56-оят).
Абу Толиб қиссаси ва ундаги чуқур илоҳий ҳикматлар жуда ҳам узун мавзу. Бу ерда фақат битта нуқтани эслаш билан чекландик холос.
Биз Аллоҳнинг мўмин-мусулмон бандалари сифатида У Зотнинг Ўзига илтижо қилган ҳолимизда, илм ва ҳикмат билан Ислом динини барча халойиққа баъзан билвосита, баъзан бевосита тарғиб этиб борамиз. Бироқ, биз ҳеч кимни ҳидоят йўлига мажбурлаб киритолмаймиз. Аксинча, одамларга эҳтиёткорлик билан муомала қилмасак, уларни билиб-билмасдан диндан нафратлантириб қўйишимиз хатари ҳам йўқ эмас. Аллоҳ асрасин.
Шунинг учун сиз ўртоғингизга яхши муомалада бўлиб, узоқни кўзлаб, гўзал хулқларда чиройли намуна бўлиб, бағрингизни кенг қилишда давом этинг. Ҳолатига яхши эътибор бериб туринг. Ҳар бир ҳолатнинг ўзига хос шарту шароити бўлади. Унинг кўнглини тўғри тушунишга, чуқур англашга ҳаракат қилинг.
Сизга ҳам ўзимизга ҳам маслаҳатимиз шуки, биз энг аввало ўзимизнинг эътиқодимизни, илму одобимизни доимо кучайтириб боришимиз керак. Бунинг учун қалбни юмшатиб, иймонни зиёда қиладиган панд-насиҳатларни қайта-қайта эшитиб туриш тавсия этилади. Зеро, Аллоҳнинг зикри қалблар ҳаёти ва шифосидир.
{الَّذِينَ آمَنُوا وَتَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُم بِذِكْرِ اللَّهِ ۗ أَلَا بِذِكْرِ اللَّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ * الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ طُوبَىٰ لَهُمْ وَحُسْنُ مَآبٍ }. [الرعد: 28-29]
«Улар иймон келтирган қалблари Аллоҳни зикр қилиш-эслаш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур! Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотлар учун хушнудлик ва гўзал оқибат — жаннат бордир».
(Раъд сураси, 28-29 оятлар).
{ أَلَمْ يَأْنِ لِلَّذِينَ آمَنُوا أَن تَخْشَعَ قُلُوبُهُمْ لِذِكْرِ اللَّهِ وَمَا نَزَلَ مِنَ الْحَقِّ وَلَا يَكُونُوا كَالَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ مِن قَبْلُ فَطَالَ عَلَيْهِمُ الْأَمَدُ فَقَسَتْ قُلُوبُهُمْ ۖ وَكَثِيرٌ مِّنْهُمْ فَاسِقُونَ (16) اعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ يُحْيِي الْأَرْضَ بَعْدَ مَوْتِهَا ۚ قَدْ بَيَّنَّا لَكُمُ الْآيَاتِ لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ}. [الحديد: 16-17]
«Иймон келтирган зотлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа (Қуръон эсламталарига) диллари юмшаш (кучли иймон билан тоат-ибодатли бўлиш) вақти келмадими? (Шунингдек улар учун) илгари китоб ато этилган, сўнг узоқ вақт ўтиши туфайли диллари қотиб кетган кимсалар (яъни, яҳудий ва насронийлар) каби бўлиб қолмаслик (вақти келмадими)? Улардан (яҳудий ва насронийлардан) кўплари фосиқ-итоатсиздирлар! (Эй мўминлар), билингларки, албатта Аллоҳ ўлган Ерни тирилтирур (яъни Аллоҳ қуриб-қақшаб ётган Ерни ёмғир билан «тирилтиргани» каби сизларнинг дилларингизни ҳам Аллоҳнинг зикри ва Қуръон тиловати ва эслатмалари билан тирилтирур). Мана Биз ақл юргизишларингиз учун сизларга (Ўз қудратимизга далолат қиладиган) оятларни батафсил баён қилдик».
(Ҳадид сураси, 16-17 оятлар)
Меҳрибон Раббимиз Аллоҳ таоло барчамизга тавфиқ ва мадад берсин.
«Ислом Овози» таҳририяти
Мавзуга оид яна:
Ҳаққа даъват қилиш ҳар бир мусулмон учун фарзми?
Даъват билан шуғулланадиган одам нималарга эътибор бериши керак?
Ҳижратда яшаймиз, аммо тарқоқ, дангаса, ғофил ва хотиржаммиз
«Инсон, Ҳаёт, Синов» силсиласи
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•