Юртимиз келажаги ҳақида башорат (аудио, видео)

Устозимиз шайх Обидхон қори – Аллоҳ шифои комил ато этсин – 10 йил муқаддам Би Би Си Ўзбек радиосига берган интерьвюларидан аудиолавҳа

«… Биз бор имкониятимизни ишга солсак, тўғри ва ибратли иш олиб борсак, бу Ватанимиздаги инсонлар учун ҳам иншоаллоҳ тажриба мактабини ўтайди.

Умид этамизки, Ўзбекистонда яшаётган мусулмонлар ҳам ўз фарзандларини ҳукумат органларидан қўрқмасдан Ислом динига бемалол ўргата оладиган замонлар келади. Болалар учун исломий мактаблар ёки давлат мактабларида исломий дарслар ташкил этилади. Хусусий университетлар очилади. Шахсий завод-фабрикалар пайдо бўлади ва ривожланади. Матбуот, радио-телевидение эркин бўлади. Иқтисодни бўғиб турган бугунги чангаллар олиб ташланади. Халқ хўжалагининг барча соҳалари иншоаллоҳ юксалиб, кучли тараққиёт содир бўлади.

Биз ана шундай кунлар учун БУГУН – БУГУН меҳнат қилишимиз зарур. Ўзбекистон бир кун келиб озод бўлсаю халққа хизмат қиладиган етук мутахассислар бўлмаса, бугунги ёшлар чаласавод, молпараст, шуҳратпараст, ҳукумат истагандек ахлоқсиз, динсиз ва модапараст бўлиб ўссалар, аҳвол яна ўз-ўзидан эски замонга қайтиб қолади.

Мардикорчилик уят иш эмас. Аммо ишга яроқли аҳолининг аксарияти шундан бошқа ишнинг уддасидан чиқа олмаса ёки шундан бошқа ишнинг ўзи бўлмаса, миллатда ривожланиш бўлмайди.

Агар халқимиз, асосан ёшлар ҳам исломий, ҳам дунёвий билимлар соҳиби бўлишга интилмасалар, ҳукумат устига яна сиёсий қолоқ, табиатан шафқатсиз шахслар келади. Ундайлар бурнининг тагидан нарини кўра олмайдиган қалби кўр, ақли фақат шахсий манфаатлар учунгина ишлайдиган нафс бандалари бўлади.

Бугунги ёшлар эртанги раҳбарлардир. Шунинг учун улар ҳозирдан бошлаб кенг ва чуқур билимлар соҳиби бўлишлари, ахлоқан намунали инсонлар бўлиб тарбия топишлари лозим.

Бугунги дунё кечагисидан кескин ва тубдан фарқ қилади. Эртангиси ҳам бугунгисидан шундай фарқли бўлади. Тараққиётнинг табиати шундай. Дунё сиёсати ҳам шу зайлда ривожланади. Буни биз одамлар ҳам – оддий одамлар ҳам, раҳбарлар ҳам тан олишимиз керак бўлади. Қаранг, кечаги куннинг (бугуннинг ҳам деса бўлади) энг зўр раҳбарлари учун хос бўлган сифатлар нималардан иборат? Бу инсонлар учун халқни алдаш, мамлакат бойлигини оилавий ўзлаштириш, диктатура, халқдан бегоналик, инсонийлик ва ахлоқ бобида фақирлик, ўзгача фикрга тоқатсизлик, динга беҳурматлик, мусулмонларга нисбатан хасислик ва паст назар билан қараш умумий белгилар бўлиб қолган.

Аммо биз эртанинг омадли ва ақлли раҳбарлари учун хос бўлган хислатлар қуйидагилардан иборат бўлади деб умид қиламиз: иймон ва ахлоқда ибрат, халқ билан бирга яшаш ва фикрлаш, турли дунёқарашларга сабр-тоқатлилик, диний ва дунёвий билимлардан етарли бохабарлик, фуқароларга раҳм-шафқат кўрсатиш ва кечиримли бўлиш…».

Шайх Обидхон қори
Би Би Си, 2008 йил, 3-май

Мавзуга оид:

Умид қилинган ёруғ кунлар келаётгани рост бўлсин

“Тақдирлар” рукнимизда навбатдаги қаҳрамонимиз ўзбекистонлик таниқли уламо Обидхон қори

Ҳижрат қилганим тўғри бўлганми ёки нотўғри?

Ватанда туриб Исломга хизмат қилиб яшаш аҳамияти

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi