Илм олиш ибодати бошқа фарз амаллар ўрнини босмайди

Cавол:

«Мен институт талабасиман. Ҳолбуки атрофимдагилар каби кийинаман, бегона йигитлар билан гаплашаман ва улар билан қўл бериб сўрашаман. Бу диний томондан тўғрими? Ахир бир соатлик олинган илм, бир кунлик ибодатга тенг деган ҳадис борку?»

Жавоб:

Муҳтарам синглимиз, Аллоҳ таоло сизнинг илмга бўлган рағбатингизни янада зиёда қилиб, холис ният билан ўқишни давом эттиришга, олима бўлиб мусулмон халқимизга улкан хизматлар тақдим этишга муваффақ айласин.

Илмнинг фазилати улуғлиги маълум. Фақат ҳар бир масалани ўз ўрнида тўғри англаб, тўғри татбиқ эта билиш жуда ҳам зарур.

Илм олиш савобли иш бўлиши билан бир вақтнинг ўзида очиқ-сочиқ юриш ва номаҳрамлар билан қўл бериб кўришиш гуноҳ. Шу билан бирга бу нарса аёл кишининг ҳам эркак кишининг ҳам соғлигига зарарлидир.

Айни дамда нафл ибодат ҳеч қачон фарз ибодатларнинг ўрнини боса олмайди. Ҳар бир ибодатни ўз ўрнида бажариш шартлиги абадий давом этаверади.

Масалан, кимдир «бир соатлик илм бир кунлик ибодатга ўтар экан» деб, Ислом динимизнинг иккинчи энг улкан рукни – энг катта фарз амали бўлмиш беш вақт фарз «намозларни ўқимасам бўларверар экан, ўрганаётган илмим намозларнинг ўрнига ўтаверар экан», деб ўйлаши шайтоннинг васвасасидан бошқа нарса бўлмайди.

Вояга етган муслима қизларимиз ҳақиқий мусулмонча кийимларни кийиб, Аллоҳ беркитишга буюрган аъзоларини беркитиб, бошларига ҳам рўмол ўраб юришлари Меҳрибон Раббимиз фарз қилган маълум ва машҳур ибодатлардан биридир. Бу борадаги айрим ояту ҳадисларни она тилимизга таржима қилиб, сайтимизда ҳам , ижтимоий тармоқларда ҳам нашр қилганмиз.

Аллоҳ таоло сизга ҳам бизга ҳам, барча ака-ука ва опа-сингилларимизга ҳам икки олам бахт-саодатини насиб айласин.

«Ислом Овози» таҳририяти

Мавзуга оид:

Опа-сингилларимизга ҳижоб оятларини ўргатайлик

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi