Ватанда туриб Исломга хизмат қилиб яшаш аҳамияти

Савол:

Ўзбекистонда яшайман, уйланмаганман. Youtube (youtube.com/islomovozi) орқали маърузаларингизни эшитиб бораман.

Оиламнинг диний илмлари йўқ. Бу нарса (илмсиз бўлиб юравериш) гуноҳ десам, улар «ҳамма қиляпти-ку, ҳамма эшитяпти-ку…», дейишади.

Мен бу ердан ҳижрат қилайми ёки солиҳа қизга уйланиб, оилам билан бирга сабр қилиб, уларга Аллоҳни танитишга ҳаракат қилайми ?

Жавоб:

Аллоҳ таоло барчамизни иймону исломда, илму амалда собитқадам қилсин.

Сиз албатта солиҳа қизга уйланиб, қариндош-уруғларингизга яхши муомалада бўлиб, гўзал ахлоқу одобингиз билан ўз ватанингизда ҳақиқий мусулмон намунаси бўлиб яшашга ҳаракат қилинг.

Шариатимиз бўйича асл қоида ҳар бир инсон ўз юртидаги турли-туман қийинчиликларга Аллоҳ учун сабр, Ислом ва мусулмонларга илму ҳикмат ила хизмат қилиб яшаши керак.

Аллоҳ таоло саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломдек энг гўзал ахлоқли зотга ҳам хитоб қилиб айтадики:

{فَبِمَا رَحْمَةٍ مِّنَ اللَّهِ لِنتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لَانفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ ۖ  فَاعْفُ عَنْهُمْ وَاسْتَغْفِرْ لَهُمْ وَشَاوِرْهُمْ فِي الْأَمْرِ ۖ  فَإِذَا عَزَمْتَ فَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ ۚ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُتَوَكِّلِينَ}.

[آل عمران: 159].

«(Эй Расулуллоҳ), Аллоҳ томонидан бўлган марҳамат сабабли сиз уларга юмшоқ (хушмуомала) бўлдингиз. Агар қўпол, қаттиқ дил бўлганингизда эди, албатта атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар. Бас, уларни афв этинг, улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг ва ишларингизда уларга маслаҳат солинг! Энди (маслаҳат қилгач, бирон ишни) қасд қилсангиз, Аллоҳга суянинг — таваккал қилинг! Албатта Аллоҳ Ўзига суяниб (иш қилгувчиларни) севади».

(Оли Имрон сураси, 159-оят)

Раъд сурасининг 7-оятида ҳам марҳамат қилади:

{وَلِكُلِّ قَوْمٍ هَادٍ}. [الرعد: 7].

«Ҳар бир қавм учун (Аллоҳ йўлига) етакловчи — ҳидоят қилгувчи бордир».

Иброҳим сурасининг 4-оятида ҳам айтади:

{وَمَا أَرْسَلْنَا مِن رَّسُولٍ إِلَّا بِلِسَانِ قَوْمِهِ لِيُبَيِّنَ لَهُمْ}. [إبراهيم: 4]

«Биз ҳар бир пайғамбарни (ҳукмларимизни) баён қилиб бериши учун ўз қавмининг тили билан (сўзлайдиган қилиб) юборганмиз».

Барча пайғамбарлар ўз қавмлари билан бирга туриб, халққа хизмат қилиб, одамларни ҳаққа даъват этиб яшар эдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда уларнинг баъзилари ҳақида ибрат учун ҳикоя қилиб берар экан, пайғамбарлар ўз қавмларининг ака-укалари бўлганликларига алоҳида урғу берадиган оятлар нозил қилган. Масалан, Од қавми ва Самуд қавми ҳақидаги оятларнинг аввалида айтадики:

{وَإِلَى عَادٍ أَخَاهُمْ هُودًا قَالَ يَا قَوْمِ اعْبُدُوا اللَّهَ. مَا لَكُمْ مِنْ إِلَهٍ غَيْرُهُ}

«Од қавмига ўз акалари (ёки укалари) Ҳудни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир».

(Аъроф: 65, Ҳуд: 50).

{وَإِلَى ثَمُود أَخَاهُمْ صَالِحًا قَالَ يَا قَوْم اُعْبُدُوا اللَّه مَا لَكُمْ مِنْ إِلَه غَيْره}

«Самуд қавмига ўз акалари (ёки укалари) Солиҳни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир».

(Аъроф: 73, Ҳуд: 61).

Ҳижрат қилиш масаласига келсак, у айрим давлатларда исломий ҳаёт кечириб бўлмай қолганда, динга даъват ва хизмат қилиш имкони қолмаганда, мусибатлардан чиқиш йўлининг энг охирги чораларидан бири сифатида бажариладиган амалдир, унга асло шошилмаслик керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Маккадан ҳижрат қилиб чиқиб кетишга шошилмаганлар. Ўз қавмлари бўлмиш Қурайш қабиласининг азобу қийноқларига 13 йил сабр қилиб, барчага ахлоқу одобда гўзал намуна бўлиб яшадилар. Маккада динни сақлашга, Исломга хизмат қилишга ҳеч қандай чора қолмаганидан кейингина Мадинага ҳижрат қилдилар.

Бизнинг ватанимиз, Аллоҳга шукрки, мусулмонлар диёридир. Айниқса бугунги кунда катта ижобий ўзгаришлар бўляпти, алҳамду лиллаҳ. Бундай фурсат ва неъматни барчамиз албатта ғанимат билиб, шукронаси учун ҳам Парвардигоримиз нозил қилган ягона ҳақ динга хизмат қилиб қолмоғимиз даркор.

Меҳрибон Раббимиз Ўзи эзгу ниятлар билан ҳаракат қилаётган барча ака-укаларимиз ва опа-синилларимизга мадад ва тавфиқ ато этсин.

«Ислом Овози» таҳририяти

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi