Абу Ҳанифани қўрқитган туш таъбири ва тушлар ҳақида қисқача эслатма

Имом аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи айтади:

“Бир туш кўрдим, у мени қўрқитиб юборди. (Тушимда) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини ковлаётган эканман. (Уйғониб кетиб) Басра (шаҳри)га бордим ва Муҳаммад ибн Сийрийн раҳимаҳуллоҳдан тушимнинг таъбирини бир киши орқали сўрадим.

Шунда (имом Муҳаммад ибн Сийрийн тушимни таъбир қилиб) айтдики:

“Бу инсон (яъни Абу Ҳанифа) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабарларини (ҳадис, сийрати набавийя ва фиқҳ илмларини) излаётган кишидир”.

(Ўша пайт имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳали 30 ёшга етмаган эди).

Манба:

Имом Шамсиддин Аз-Заҳабий (Аш-Шофеий)нинг “Сияри Аъломин-нубало” китоби.

 

* Эслатмалар:

  1. Имом Муҳаммад ибн Сийрийнга нисбат бериладиган “Тушлар тафсири” ҳақидаги машҳур китобни бу имом ёзмаганлар. У китобнинг муаллифи 407 ҳижрий санада вафот этган Абу Саъд Абдулмалик ибн Муҳаммад Ал-Харкуший Ан-Найсобурий деган уламодир. Кўпчилик одамлар уни адашиб имом Ибн Сийрийнга нисбат бериб юборганлар. Валлоҳу аълам.
  2. Тушларни китобда ёзилган тафсирга биноан ёки тақвоси суст бўлган ва билиб-билмасдан шарҳлаб юбораверадиган одамнинг гапига ишониб таъбир қилмаслик керак. Таъбирни фақат Аллоҳдан қўрқадиган, тақвоси ва илми кучли бўлган, уламолар гувоҳлик берадиган, шу соҳа бўйича ишончли мутахассис бўлган кишидан сўраш лозим.
  3. Шунда ҳам туш ва унинг таъбири ҳеч қайси ҳукм учун шаръий ҳужжат сифатида асос қилиб олиниши жоиз бўлмайди. Уларни фақат Аллоҳнинг марҳаматларидан умидвор бўлиб туриш ва ибрат олиш мақсадида зикр қилинади холос.
  4. Икки киши бир хил туш кўрса ҳам унинг таъбири бошқа-бошқа бўлиши мумкин. Инсоннинг ростгўй ёки унинг акси, тақволи ҳаёт кечирадиган солиҳ ёки ҳаромдан тийилмайдиган фосиқ бўлиши у кўрган тушнинг таъбирига таъсир қилади. Масалан, туш таъбир қиладиган зотлардан бирлари тушида азон чақираётганини айтиб келган бир инсонга “сен ҳажга борар экансан”, деб таъбир қилганлар. Айни тушни бошқа бир одам келиб айтганда “сен ўғри экансан”, деганлар. Ҳақиқатан ҳам ана шундай бўлган экан. Бунинг сабабини сўралганда “биринчи инсон тақволи мўмин киши, иккинчи кимса эса фосиқ эди”, деб жавоб берганлар.

Валлоҳу аълам.

 

* Қисқача таржимаи ҳол:

Имом Муҳаммад ибн Сийрийн Абу Ҳурайра, Зайд ибн Собит, Анас ибн Молик, Ибн Умар, Ибн Аббос ва бошқа саҳобаи киромлар розияллоҳу анҳумдан илм олган улуғ тобеий, тафсир, ҳадис, фиқҳ соҳаларида буюк аллома, “тушларни тўғри таъбир қиладиган тақводор имом”, деб дунё эътироф этган, ибодат, зоҳидлик, ҳикмат, ҳалимлик каби гўзал ахлоқлар билан барчага маълум ва машҳур. 110 ҳижрий (729 милодий) санада имом Ҳасанул Басрий вафотидан юз кун ўтиб Охиратга риҳлат қилган.

Муҳиддин Обидхон қори