Ғаразли кимсалар шайх Обидхон қори номини суистеъмол қилмоқчи
Ўтган йилнинг апрел ойида Стокголмда содир этилган террор ҳужуми учун айбдор деб кўрилаётган Ўзбекистон фуқароси Раҳмат Акилов, суриштирувлар натижасида маълум бўлишича, устозимиз шайх Обидхон қори Собитхон ўғилларининг обрў-эътиборларидан ўзининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланмоқчи бўлган.
У Швецияга келган илк кунларида ўзини Обидхон қорининг тарафдори экани, Ўзбекистонда унга катта хавф борлигини, ватанига қайтса ҳукумат томонидан тазйиққа учрашини даъво қилган.
Аммо Швециянинг тегишли идоралари Р. Акиловнинг сўзларида ҳеч қандай асос йўқлиги учун унинг бошпана сўраш талабини рад этганлар. Акилов Р.нинг хатти-харакатлари, дунё қараши ва диндорлик ҳолати воқеликда иддао қилаётганидек эмаслиги маълум бўлган.
Бинобарин, унинг сўзларида ростлик йўқ деб топилиб Швецияни тарк этиши тўғрисида қарор қабул қилинган.
Аммо Раҳмат Акилов ҳуқуқ-тартибот идораларидан яширин ҳолда Швецияда ноқонуний яшашда давом этган.
2017 йил 7 апрелга келиб, Стокголм шаҳрининг марказида тўхтаб турган юк машинасини ўғирлаб, тўсатдан пиёдалар юрадиган кўчага ҳайдаб кириб, одамларни босиб кетди. Натижада 5 инсон ҳалок бўлди. Уларнинг энг кичиги 11 ёшлик қизчадир. 10 дан зиёд одам жиддий жароҳат олди.
Швеция: Шайх Обидхон қори маърифатпарвар инсон
Шу ўринда эслатиб ўтиш зарурки, Швеция шайх Обидхон қори Собитхон ўғилларига 2006 йил Ўзбекистон ҳукуматининг таъқиб ва тазйиқларидан қутқариш мақсадида сиёсий бошпана берган.
У киши ўшандан бери оилалари билан Швецияда махсус ҳимоя остида истиқомат қилиб келмоқдалар.
Кўпчиликка маълум, 2012 йил уюштирилган ваҳшиёна суиқасд ҳаракати оқибатида Қори ака оғир жароҳатланганлар.
Швеция маҳкамаси ва ҳуқуқ-тартибот идоралари бу суиқасд ҳаракати ортида Ўзбекистон МХХ си турганига далолат қилувчи жиддий ишоралар борлигини айтиб келишади. Бу ишга алоқадор деб топилган бир неча инсонлар маҳкамага тортилган ва асосий ижрочи Ўзбекистон фуқороси Юрий Жуковский бир умрли қамоққа ҳукм этилган.
Шу билан биргаликда Швеция ҳукумати Ўзбекистон томонининг бўҳтонларига, асоссиз айбловларига жавоб ўлароқ, шайх Обидхон қори ҳақ учун курашадиган маърифатпарвар инсон эканлигини, у кишининг фаолияти, маъруза ва асарлари доимо исломий таълим-тарбия, одоб-ахлок йўналишида бўлганини таъкидлаб келади.
Шайх Обидхон қорининг халқ ўртасида ҳурматлари баландлиги сабаб, бундан ўзининг моддий ва ижтимоий манфаатлари йўлида фойдаланмоқчи бўладиган инсонларни кўп учратиш табиийдир.
Асоссиз даъволар
Швецияда давлат идораларига ўзини мазлум ва ёрдамга муҳтож инсон қилиб кўрсатиш асносида Обидхон қорининг номларини суистеъмол қилиш ҳаракатларига юзлаб мисоллар борлиги айтилади.
Шайх Обидхон қорига ўзини ё у – ё бу шаклда яқин инсон сифатида танитишга урунишлар жуда кўп. Бундай ҳолатлар анча йиллардан буён дунёнинг бир қатор мамлакатларида кузатилмоқда.
Унутмаслик керакки, Швецияда шайх Обидхон қорининг номларини суистеъмол қилиш орқали сиёсий бошпанага эришиб бўлмайди. Бу ҳолат қачонки инсоннинг ҳаёти ҳақиқатдан ҳам хавф остида қолганини росмана йўллар билан исботлансагина амалга ошиши мумкин холос.
МХХ Агентлари
Боз устига, Ўзбекитсон МХХ си томонидан Швецияга айғоқчи қилиб юборилаётган кимсалар ҳам мавжуд. Улар ҳақида талайгина маълумотлар бор.
Айниқса, шайх Обидхон қори ва у кишининг издошларига тегишли маълумотларни тўплаш, умуман олганда Швециядан бошпана олиб ҳаёт кечираётган кўпдан-кўп мусулмонларни кузатиб, МХХ га етказиб туриш амалиётлари ҳақида тез-тез хабарлар чиқиб туради.
Биз – мусулмонлар бундай разил мақсадли кимсаларга Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилсин деб дуо қиламиз. Барча беайб инсонларни уларнинг ёмонлигидан асрасин, қилаёган бузғунчиликлари ўзига уриб, даф бўлсин.
Меҳрибон Парвардигоримиз барча мазлум инсонларга нажот берсин…
«Ислом Овози» таҳририяти
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•