Аёлни уриш ҳақидаги саволга батафсил жавоб
- Асл қоида;
- Раҳбарлик қонунияти;
- Оила – давлат!
- Эр ўз аёлига хушмуомала бўлиши фарз;
- Бутун инсоният учун энг гўзал намуна;
- «Пайғамбар алайҳиссалом ҳеч кимни урмаганлар …»
- Эрнинг хотин устидан раҳбарлиги;
- Уриш жоиз бўлиш шарти ҳақида бир ҳадис;
- Аёлига зулм қиладиган кимса яхши одам эмас;
- Мисвок чўпи билан уриш;
- Юзга уриш мутлақо ҳаром;
- Эридан зулм чекаётган аёлни қутқариш вожиб;
- Ҳақиқий куч билакда эмас, ақлда!
Асл қоида
Асл қоида бўйича ҳеч ким ҳеч кимни ноҳақ уриши ва унга озор бериши жоиз эмас.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
{وَالَّذِينَ يُؤْذُونَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ بِغَيْرِ مَا اكْتَسَبُوا فَقَدِ احْتَمَلُوا بُهْتَانًا وَإِثْمًا مُّبِينًا}
الأحزاب، 58
«Мўмин ва мўминаларга бирон гуноҳ қилмасликларидан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар».
(Аҳзоб сураси, 58-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«مَنْ ضَرَبَ سَوْطاً ظُلْماً اقتُصَّ مِنْهُ يَوْمَ القِيَامَة»
رواه البزار والطبراني وصححه الألباني وغيره
«Кимки бировга зулм қилиб бир марта савалаб қўйса ҳам Қиёмат куни албатта ундан қасос олинади!».
(Баззор, Табароний ривоятлари, Албоний ва бошқа муҳаддислар: саҳиҳ).
Муфассирлар имоми Ибн Жарир Табарий раҳимаҳуллоҳ айтади:
«Калтакланиши мумкин бўлган аёл бўлиб, уни урадиган эр бўлса ҳам ёки калтакланиши мумкин бўлган киши хизматчи бўлиб, уни урадиган хўжайини бўлса ҳам ёки ота ўз фарзандини ёки отанинг васияти ила унинг фарзандини урадиган одам бўлса ҳам , ҳеч қайси бир инсон бирор бир инсонни ноҳақ уриши ёки унга озор бериши жоиз эмас!».
(Таҳзибул-осор: 1/418).
Раҳбарлик қонунияти
Эр ўз аёлини уриши жоизми деган саволнинг жавобига келадиган бўлсак, бу масала атрофлича баён қилиниши лозим бўлиб турган узун мавзу. Биз бу ўринда имкон қадар қисқача тўхталишга ҳаракат қиламиз.
Маълумки, ҳар бир давлат, ҳар бир ташкилот ва ҳар бир жамоа учун раҳбар таъйинланиши шарт бўлади.
Тартиб-интизомни сақлаб тура оладиган раҳбари йўқ жамоа парокандаликка юз тутиб, хонавайрон бўлишини ақл-идроки соғлом инсонлар яхши биладилар. Шунинг учун кўпинча ақлли инсонлар ўзларидан кўра пастроқ инсон раҳбар бўлиб қолган бўлса ҳам халқ манфаатини устун қўйиб, ўз нафсларини жиловлаб, ўшандай раҳбарга ҳам итоат қилиб яшайверадилар.
Саҳиҳ ҳадислардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«اسمعوا وأطيعُوا، وإن استُعمل عليكم عبدٌ حبشيٌّ، كأنَّ رأسَه زبيبةٌ»
رواه البخاري
«Қулоқ тутинглар, итоат қилинглар, гарчи сизларнинг устингизга боши худди майиздек (қора) ҳабаший қул инсонни раҳбар қилиб қўйилса ҳам!».
(Имом Бухорий ривояти).
Ҳатто фақатгина уч киши қисқа муддатли сафарга чиққанларида ҳам ичларидан бирларини раҳбар қилиб олишга буюрилган.
«إذا كانَ ثلاثةٌ في سفرٍ فليؤمِّروا أحدَهم»
سنن أبي داود ومشكاة المصابيح
«Сафарда уч киши бўлишса, бирларини албатта амир қилиб олсинлар!».
(Сунани Аби Довуд: 2609-ҳадис, Мишкотул масобиҳ: 4/43)
Оила – давлат!
Оила ҳам бир давлатдир. Оиладаги тартиб-интизом қанчалик гўзал бўлса, шу оила туфайли дунёга келадиган авлодларнинг жамиятга тақдим этадиган хизматлари ана шунга яраша бўлади.
Аллоҳнинг шариати Исломнинг мукаммал дин эканлигини яққол кўрсатиб турадиган аҳкомларидан бири шуки, оилада салоҳиятли эркак киши раҳбар бўлиши лозимлигини таъкидлаб қўйган ва ана шу раҳбарнинг ўзига хос бурчларини ҳам ҳуқуқларини ҳам баён қилиб берган.
Эр ўз аёлига хушмуомала бўлиши фарз
Меҳрибон Парвардигоримиз марҳамат қилади:
{وَلَا تَعْضُلُوهُنَّ لِتَذْهَبُوا بِبَعْضِ مَا آتَيْتُمُوهُنَّ إِلَّا أَن يَأْتِينَ بِفَاحِشَةٍ مُّبَيِّنَةٍ ۚ وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ ۚ فَإِن كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَىٰ أَن تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا}
النساء، 19
«(Агар хотинларингиз билан бирга яшаш ниятингиз бўлмаса) берган маҳрларингизнинг бир қисмини қайтариб олиш учун хотинларингизни (бошқа эрга тегишдан) тўсиб туриб олманглар! Магар улар очиқ бузуқлик қилсалар (у ҳолда берган маҳрингизни қайтариб олишингиз мумкин). Улар билан тинч-тотув яшанглар (хушмуомалада бўлинглар). Агар уларни ёмон кўрсангизлар ҳам (сабр қилиб иноқ ҳолда яшайверинглар). Зеро, сизлар ёмон кўрган нарса ортида Аллоҳ кўп яхшиликларни пайдо қилиб қўйган бўлиши мумкин».
(Нисо сураси, 19-оят).
Уммул-мўминин Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«خَيْرُكُمْ خَيْرَكُمْ لأهلِهِ وأنا خَيْرُكُمْ لأهلِي»
رواه الترمذي وغيره وصححه الألباني
«Сизларнинг яхшилариннгиз оиласига яхши бўлганингиздир. Мен сизларнинг ичингизда оиласига янг яхши бўлганингиздирман».
(Имом Термизий ривояти, Албоний ва бошқа муҳаддислар: саҳиҳ).
Бутун инсоният учун энг гўзал намуна
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
{لَّقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِّمَن كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا}
الأحزاب، 21
«Дарҳақиқат сизлар учун — Аллоҳ ва Охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Расулуллоҳ (Аллоҳнинг расули)да гўзал намуна бордир «.
(Аҳзоб сураси, 21-оят).
«Пайғамбар алайҳиссалом ҳеч кимни урмаганлар …»
Уммул-мўминин Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўллари билан ҳеч кимни урмаганлар, на бирон аёлни ва на бирон хизматчини, фақат Аллоҳ йўлида жиҳод қилганларида (Исломга қарши жанг қилган кофирларни ўлдирганлар). Биров у зотга озор берса ҳам ҳеч қачон ўзлари учун ўч олмас эдилар. Фақат, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга йўл қўйилса, Аллоҳ учунгина интиқом олардилар».
(Имом Муслим ривояти).
Эрнинг хотин устидан раҳбарлиги
Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:
{الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ بِمَا فَضَّلَ اللَّهُ بَعْضَهُمْ عَلَىٰ بَعْضٍ وَبِمَا أَنفَقُوا مِنْ أَمْوَالِهِمْ ۚ فَالصَّالِحَاتُ قَانِتَاتٌ حَافِظَاتٌ لِّلْغَيْبِ بِمَا حَفِظَ اللَّهُ ۚ وَاللَّاتِي تَخَافُونَ نُشُوزَهُنَّ فَعِظُوهُنَّ وَاهْجُرُوهُنَّ فِي الْمَضَاجِعِ وَاضْرِبُوهُنَّ ۖ فَإِنْ أَطَعْنَكُمْ فَلَا تَبْغُوا عَلَيْهِنَّ سَبِيلًا ۗ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلِيًّا كَبِيرًا}
النساء، 34
«Эркаклар хотинлар устида раҳбардирлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир. Бас, ибодат-итоатли ва эрлари йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзу ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар — яхши хотинлардир. Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (яъни насиҳатларинг кор қилмаса) уларни ётоқларда тарк қилингиз (улар билан бир жойда ётмаслик орқали тарбия этиш чорасини қўлланг), сўнгра (яъни шунда ҳам сизларга Шариат мезони остида бўйинсунмасалар) уринглар. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар (зулм қилманглар). Албатта, Аллоҳ энг юксак ва буюк бўлган Зотдир».
(Нисо сураси, 34-оят).
Уриш жоиз бўлиш шарти ҳақида бир ҳадис
Ушбу ояти кариманинг тафсири ўлароқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳажжатул-вадоъ (видолашув ҳажи)даги хутбалари асносида айтадилар:
«فَاتَّقُوا اللهَ فِي النِّسَاءِ، فَإِنَّكُمْ أَخَذْتُمُوهُنَّ بِأَمَانِ اللهِ، وَاسْتَحْلَلْتُمْ فُرُوجَهُنَّ بِكَلِمَةِ اللهِ ، وَلَكُمْ عَلَيْهِنَّ أَنْ لَا يُوطِئْنَ فُرُشَكُمْ أَحَدًا تَكْرَهُونَهُ، فَإِنْ فَعَلْنَ ذَلِكَ فَاضْرِبُوهُنَّ ضَرْبًا غَيْرَ مُبَرِّحٍ، وَلَهُنَّ عَلَيْكُمْ رِزْقُهُنَّ وَكِسْوَتُهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ»
رواه مسلم في حديث جابر الطويل بقصة حجة الوداع
«Аёллар борасида Аллоҳдан тақво қилинглар! Зеро сизлар уларни Аллоҳнинг омони (тинч-тотув ҳаёт кечириш шарти) ила олдинглар, уларнинг авратлари сизларга Аллоҳнинг сўзи (шаръий никоҳ рухсати) ила ҳалол қилиб берилди. Аёлларнинг зиммасида сизларнинг тўшакларингизга сизлар ёқтирмайдиган инсонларни ўтирғизмасликлари вожибдур. Агар улар бунга хилоф иш қилсалар (сизларга Шариат кўрсатганидек итоат қилмасалар), бас, сизлар уларни ғайримубарриҳ (из қолдирмайдиган, бирор бир аъзосига талофат етказиб қўймайдиган) даражада уриб (яхши тарбия қилингиз). Аёлларингиз учун сизларнинг зиммангиздаги вожиб бўлган бурчингиз уларнинг ризқларини бериб яхшилик ила боқиш ва (зарур кийимлар билан) кийинтиришдир…».
(Имом Муслим ривояти).
Аёлига зулм қиладиган кимса яхши одам эмас
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар бердилар:
» لَقَدْ طَافَ بِآلِ مُحَمَّدٍ نِسَاءٌ كَثِيرٌ يَشْكُونَ أَزْوَاجَهُنَّ لَيْسَ أُولَئِكَ بِخِيَارِكُمْ «
رواه أبو داود وصححه الألباني
«Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг оиласига (бир қанча) аёллар эрларидан шикоят қилиб келдилар. Улар (аёлларига озор берадиган эркаклар) сизларнинг яхшиларингиз эмаслар».
(Имом Абу Довуд ривояти, Албоний ва бошқа муҳаддислар: саҳиҳ).
Мисвок чўпи билан уриш
Ҳаддидан ошиб кетаверадиган аёлни уриб тарбиялашдан бошқа чора қолмаган тақдирда ҳам ҳадиси шарифда баён қилинганидек қаттиқ зарб берилмаслиги шарт.
Ояти карима ва ҳадиси шарифнинг тафсирида қуйидаги ривоят ҳам собит бўлган:
Ато ибн Аби Рабоҳ айтадилар. Ибн Аббосдан сўрадим:
ما الضرب غير المبرح؟
قال: بالسواك ونحوه
Ғайримубарриҳ (из қолдирмайдиган) зарб қандай бўлади?
У зот розияллоҳу анҳумо жавоб бердилар:
«Мисвок ва шунга ўхшаш нарса билан (уриш)».
(Ибн Жарир Табарий ва Ибн Абу Ҳотим Розий ривоятлари).
Юзга уриш мутлақо ҳаром
Айрим кимсалар биров билан уришиб қолса дарров юзга ҳужум қилиб, муштлаша бошлайди, ваҳоланки юзга ҳатто оддий тарсаки солиш ҳам жоиз эмас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«إِذَا قَاتَلَ أَحَدُكُمْ فَلْيَجْتَنِبْ الْوَجْهَ»
رواه البخاري ومسلم
«Бирингиз уришмоқчи бўлса юз(га уриш)дан сақлансин!».
(Бухорий ва Муслим).
Уламолар ҳадиси шарифнинг шарҳида: «Юзга уриш ҳаромлиги мутлақдир. Биров сизга ноҳақ ҳужум қилганда сиз ўзингизни ҳимоя қилишга ҳақлисиз, аммо ўшандай ҳолда ҳам ҳужум қилаётган кимсанинг юзига уришингиз жоиз бўлмайди» деб айтганлар.
Ҳадиснинг араб тилидаги тўлиқ шарҳи билан танишинг: ما حكم ضرب الوجه بهدف التعليم على القتال؟
Шунинг учун ҳам бокс ва кикбоксинг каби соғлиққа зиён етказадиган спорт турлари шариатга хулоф деб фатво берилган.
Алоқадор мавзу: Кикбоксингга ҳомийлик қилса бўладими?
Эридан зулм чекаётган аёлни қутқариш вожиб
Эридан қаттиқ зулм кўраётган аёл адолатли маҳкамага ёки қози домлаларга шикоят қилишга тўла ҳақлидир. Юқоридаги ҳадислардан бирида айрим саҳобийя аёллар ўз эрлари устидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилиб борганликлари ва у зот заифаларни ҳимоя қилиб чиққанликлари зикр қилиб ўтилди.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:
{لَّا يُحِبُّ اللَّهُ الْجَهْرَ بِالسُّوءِ مِنَ الْقَوْلِ إِلَّا مَن ظُلِمَ ۚ وَكَانَ اللَّهُ سَمِيعًا عَلِيمًا
إِن تُبْدُوا خَيْرًا أَوْ تُخْفُوهُ أَوْ تَعْفُوا عَن سُوءٍ فَإِنَّ اللَّهَ كَانَ عَفُوًّا قَدِيرًا}
النساء، 148-149
«Аллоҳ ёмон сўзларнинг ошкора айтилишини суймайди. Магар мазлум томонидан бўлса (жоиздир). Ал¬лоҳ эшитгувчи, билгувчи Зотдир. Хоҳ ошкора, хоҳ яширинча бирон яхшилик қилсангиз ёки бирон ёмонликни афв қилиб юборсангиз (Аллоҳ суйган бандалардан бўлурсиз). Зеро, Аллоҳ қудрат эгаси бўлгани ҳолда афв қилишда барқарор бўлган Зотдир».
(Нисо сураси, 148-149 оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
.انصر أخاك ظالماً أو مظلوماً
فقال رجل: يا رسول الله ، أنصره إذا كان مظلوماً، أفرأيت إذا كان ظالماً كيف أنصره؟
.قال: تحجزه أو تمنعه من الظلم، فإن ذلك نصره
رواه البخاري والترمذي وأحمد وغيرهم
«Биродаринг – хоҳ золим бўлсин хоҳ мазлум бўлсин – унга ёрдам бергин!».
Бир киши сўради: эй Расулуллоҳ, у мазлум бўлса ёрдам бераман. Агар золим бўлса унга қандай ёрдам бераман?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:
«Уни зулм қилишдан тўсасан ёки ман қиласан! Ана шу унга ёрдам бериш бўлади».
(Бухорий, Термизий, Аҳмад ва бошқа муҳаддислар ривояти)
Уламолар «Фиқҳий Қомус»да ёзадилар:
ذهب الفقهاء إلى أن الزوج لو تعدى على زوجته فإن الحاكم أو القاضي يكفه عن ذلك…
«Фуқаҳолар (Ислом уламолари) айтадиларки, эр ўз аёлига зулм қилса, бас, ҳоким (мусулмонларнинг раҳбари) ёки қози (адолатли маҳкама орқали) у эрни зулмдан тўхтатишлари керак. Аксарият фуқаҳолар таъкидлашганки, қози ёки ҳоким (зулм қилаётган) эрга таъзир (зулмини бас қилиши учун жазо) беришга ҳақлидир…».
(Мавсуатул-фиқҳийя: 40/305).
- Ҳақиқий куч билакда эмас, ақлда!
Ҳаётда шундай эрлар ҳам борки, улар ўз аёлларини ҳатто чертмасдан, бирор марта урмасдан, ҳикматли муомала билан қўлга олиб, итоаткор ва тартиб-интизомли қилиб олишган.
Бунинг учун инсон энг аввало ўзи Ягона Аллоҳга итоаткор, холис ниятли, қатъиятли, сабр-тоқатли, бағри кенг бўлиши ва Аллоҳ берган ақлни тўғри ишлата билиши лозим. Ота-боболаримизнинг аксариятлари ана шундай бўлганлар.
Бугунги кунда, минг афсуслар бўлсинки, билак кучларини заифа аёллар устида ишга солиб, зўравонлик йўлини танлаётганлар ақлларини ишлатмасдан, сабр-тоқатли бўлолмасдан, ўз оила-фарзандлари келажагини барбод қилиб, дунё ва охират бахтсизлиги томон юзланмоқдалар.
Аллоҳ Ўзи инсофу ҳидоят берсин, оилаларимизни тинч-тотувли ҳаёт кечиришга, гўзал ахлоқли бўлишга муваффақ айлаб, икки олам бахтини насиб этсин.
Бу мавзуни яна ҳам батафсилроқ баён қилиш мумкин. Ҳозирча шу билан чекланамиз.
Валлоҳу аълам.
«Ислом Овози» таҳририяти
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•