Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ (3-қисм)
(Уламолар ҳаёти ҳақида туркум мақолалар)
* Имом Абу Ҳанифанинг фазилатлари:
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
* Тавба сураси, 100-оят:
“Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар – Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна (Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган , улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк саодатдир!”.
Ушбу ояти каримада Меҳрибон Раббимиз саҳобаи киромларни ва уларга эзгу амаллар билан эргашиб борадиган зотларни мақтади.
Саҳобаи киромларга илму амалда мукаммал тарзда эргашган зотлар Ислом уммати уларнинг ҳақиқатпарвар уламолар эканликларига иттифоқ қилган буюк алломалардир. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ана шу зотлар жумласидандирлар.
* Муҳаммад сураси, 38-оят:
“Мана, сизлар шундай кишилардирсизки, Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилиш учун даъват қилинурсизлар. Бас, (аниқки) сизларнинг орангизда бахиллик қиладиган кимсалар ҳам бордир. Ким бахиллик қилса, бас, албатта у фақат ўз зиёнига бахиллик қилур. (Чунки у ажр-савобдан маҳрум бўлур). Аллоҳ (сизларнинг хайр-эҳсонларингиздан) бой-беҳожат, сизлар эса (У Зотнинг ажру савобига) фақир-муҳтождирсизлар. Агар сизлар (Аллоҳга итоат этишдан) юз ўгириб кетсангизлар, У Зот (ўрнингизга) сизлардан бошқа бир қавмни алмаштириб қўюр, сўнгра улар сизларга ўхшаган бўлмаслар, (балки Аллоҳга тоат-ибодат қилурлар)!“.
Бу оятда Аллоҳ таоло Ислом динини қабул қилганидан кейин дунё имтиҳонларига сабр қилолмасдан, дин йўлида собитқадам туролмасдан, куфру залолатга қайтиб кетиб қоладиганларни огоҳ этиб, Аллоҳ Ўзи уларнинг ўрнига ҳақиқий мўминларни пайдо қилиб қўйишини башорат берди.
Дарҳақиқат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг бир қанча араб қабилалари Ислом динидан чиқиб кетиб қолдилар. Уларни Исломга қайтариш учун Абу Бакр Сиддиқ ва улуғ саҳобалар жуда ҳам улкан ихлос ва шижоат ила жиҳод қилдилар. Анча вақт давом этган урушларда минглаб араблар муртад ҳолида ўлиб кетди. Аллоҳ таоло эса уларнинг ўрнига қанча-қанча халқларни, миллион-миллион инсонларни мусулмон қилиб қўйди ва уларнинг зурриётларидан буюк алломаларни чиқарди. Ана шу зотларнинг энг улуғлари имом аъзам Абу Ҳанифа дохил тўрт мазҳаб имомлари ва буюк муҳаддис уламолар бўлдилар. Раҳмону Раҳим бўлган Зот барчаларини Ўз раҳматига олган бўлсин, бизларга ҳам Ўзининг фазлу марҳаматларидан насиби рўзи айласин.
* Жумъа сураси 1-4 оятлар:
“1. Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса (Ёлғиз) Подшоҳ, (барча айб-нуқсондан) пок, қудрат ва ҳикмат соҳиби бўлмиш Аллоҳга тасбеҳ айтур. 2. У (Аллоҳ) омийлар (яъни аҳли китоб бўлмаган илмсиз кишилар) орасига ўзларида бўлган, уларга (Қуръон) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб — Қуръон ва ҳикмат — ҳадисни ўргатадиган бир пайғамбарни (яъни Муҳаммад алайҳис-саломни) юборган Зотдир. Шак-шубҳасиз улар (ўзларига пайғамбар келишдан) илгари очиқ залолатда эдилар. 3. (Аллоҳ бу пайғамбарни) яна улардан бошқаларга — уларга ета олмаган (энди дунёга келадиган инсонларга ҳам юборгандир). У Азиз ва Ҳаким – қудрат ва ҳикмат соҳиби бўлган Зотдир. 4. Бу Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, Ўзи хоҳлаган кишиларга берур. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир”.
(Жумъа сураси, 1-4 оятлар).
Имом Бухорий, имом Муслим, имом Аҳмад ва бошқа муҳаддис алломалар ривоят қилишган ҳадиси шарифда келади:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтдилар:
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ўтирган эдик, шунда у зотга (Аллоҳ ҳузуридан) Жумъа сураси нозил бўлди. Суранинг учинчи оятида Аллоҳ хабар берди:
“(Аллоҳ бу пайғамбарни) яна улардан бошқаларга — уларга ета олмаган (энди дунёга келадиган инсонларга ҳам юборгандир)“.
Шунда мен сўрадим: улар кимлар эй Расулуллоҳ?
Абу Ҳурайра ушбу саволни уч марта сўрагунларига қадар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бермадилар.
Ўша ерда Салмон Ал-Форисий розияллоҳу анҳу ҳам ўтирган эдилар.
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак қўлларини Салмонга қўйиб айтдилар:
“Агар иймон Сурайё (юлдузи)да бўлган тақдирда ҳам, қасамки, мана булардан чиқадиган мардлар унга албатта етиб борадилар!”.
Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳ ва саллам ушбу илоҳий хушхабар билан форс диёридаги халқлардан, Ислом динини қабул қиладиганлар ичидан иймону ислом илмларини чуқур ўрганадиган буюк алломалар чиқишини мана шундай башорат бергандилар.
Ана шундай улуғ зотларнинг пешқадамлари сифатида имом Абу Ҳанифа, имом Бухорий, имом Муслим, имом Абу Довуд, имом Термизий, имом Насоий, имом Ибн Можаҳ ва бошқа бир қанча улуғ алломаларни бир қанча уламолар “бу зотлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги ояти кариманинг тафсирида башорат берган зотлардир”, деб айтганлар.
Валлоҳу аълам.
Муҳиддин Обидхон қори ўғли