Жунуб киши ва узрли аёл Қуръони каримни ушлаши, ўқиши ва эшитиши
Савол:
Узрли пайтда Қуръон китобини ушлаш ёки ёдлаган нарсасини ўқиб юриш жоизми?
Илтимос қилардимки, оятлардан ва саҳиҳ ҳадислардан далиллари билан жавоб берсангиз мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Жавоб:
- Қуръони карим битилган китобни таҳоратсиз ҳолда ушлаш жоизмас;
- Жунублик, ҳайз ва нифос ҳолатларида Қуръони каримни тиловат қилинмайди;
- Зикрларни ўқиш ва Қуръонни эшитиш жунуб кишиларга ҳам узрли аёлларга ҳам жоиз.
* * *
1. Қуръони карим битилган китобни таҳоратсиз ҳолда ушлаш жоизмас:
Тўрт мазҳаб уламолари Мусҳафи шариф (Қуръони карим ёзилган китоб)ни ушлаш жоиз бўлиши учун киши албатта таҳоратли бўлиши вожиб, бетаҳорат инсон Мусҳафни тўғридан-тўғри ушлаши жоиз эмас, деб айтганлар.
Чунки Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
{لاَ يَمَسُّهُ إلاَّ الْمُطَهَّرُونَ}.
الواقعة: 79
«Уни (яъни, Қуръонни ёки Қуръони карим ёзилган Лавҳул-Маҳфузни) фақат таҳоратли — пок зотларгина ушларлар».
(Воқеа сураси, 79-оят)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Яман аҳлига йўллаган мактубларида зикр қилинган масалалардан бири ҳам шу масала бўлган:
«… ألا يمس القرآن إلا طاهر …» .
رواه مالك 1/199 والنسائي 8/57 وابن حبان 793 والبيهقي 1/87 والحديث صحيح عند جماعة من الأئمة، وقال الإمام الشافعي في كتابه الرسالة : ولم يقبلوا كتاب آل عمرو بن حزم – والله أعلم – حتى يثبت لهم أنه كتاب رسول الله صلى الله عليه وسلم.
«… Қуръонни фақат таҳоратли киши ушласин…».
(Молик, Насоий, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ривоятлари. Бир қанча имом-алломалар бу ҳадисни саҳиҳ санаганлар. https://al-maktaba.org/book/32920/3357 ).
* * *
2. Жунублик, ҳайз ва нифос ҳолатларида Қуръони каримни тиловат қилинмайди:
Қуръони каримни ёддан тиловат қилишдан ҳам аксарият уламолар жунуб кишиларни ва узрли аёлларни қайтарганлар.
قال الكاساني رحمه الله :
«وَلَا يُبَاحُ لِلْجُنُبِ قِرَاءَةُ الْقُرْآنِ عِنْدَ عَامَّةِ الْعُلَمَاءِ وَقَالَ مَالِكٌ يُبَاحُ لَهُ ذَلِكَ».
» بدائع الصنائع » (1/37) .
Имом Косоний айтадилар:
«Умум (мутлақ кўпчиликни ташкил қилган) уламолар наздида жунуб учун Қуръон ўқиш мубоҳ бўлмайди. (Имом) Молик эса: мубоҳ бўлади, деди».
(Бадоиус-саноиъ китоби: 1/37 https://al-maktaba.org/book/8183/35 )
Ҳайз ва нифос ҳолатидаги аёлнинг Қуръони каримни ёддан тиловат қилиши ҳақида очиқ-ойдин саҳиҳ ҳадислар келганини билмаймиз.
Аммо жунуб ҳолатида тиловат қилишни ман этадиган саҳиҳ ривоятлар саҳобаи киромлардан собит бўлган.
Жумладан, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Жунуб Қуръон ўқимайди».
(Ибн Аби Шайба ривоятлари: 1/102).
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда келади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Қуръондан фақатгина жунублик тўсарди холос».
(Термизий, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон, Бағавий ва бошқа муҳаддис имомлар саҳиҳ санаганлар).
Яна Али розияллоҳу анҳу айтадилар:
» اقْرَءُوا الْقُرْآنَ مَا لَمْ يُصِبْ أَحَدَكُمْ جَنَابَةٌ , فَإِنْ أَصَابَتْهُ جَنَابَةٌ فَلَا ، وَلَا حَرْفًا وَاحِدًا «.
رواه الدارقطني في سننه: 1/212
«Қуръон ўқинглар, магар жунубликка йўлиққанингизда. Жунуб бўлсангиз йўқ, (Қуръондан) бир ҳарф ҳам (ўқиманглар)».
(Доруқутний ривоятлари: 1/212).
Шу сабабдан, аксар уламолар ҳайз кўрган ёки нифосда бўлган аёл ҳам худди жунуб ҳолатидаги инсон ҳукмида бўлади, дейишган.
Бошқа айрим уламолар эса: «Узрли аёлнинг ҳукми бироз фарқли бўлади. Жунуб кишидан сув бўлса ғусл қилиб, сув бўлмаса таяммум қилиб, тезроқ покланиб олиши талаб қилинади. Аммо ҳайз ва нифос узоқ кунларга чўзилади, шунинг учун бундай ҳолатдаги узрли аёллар учун ёддан тиловат қилишга рухсат берилади, рухсат берилмаса ёдлаган суралари ҳам эсларидан чиқиб кетиб қолиши мумкин, узрли аёлларни Қуръонни тиловат қилишдан қайтарадиган очиқ-ойдин саҳиҳ ҳадис йўқ…», деган маънода фатво берганлар.
Бу масала жунуб кишилар ва узрли аёлларнинг Қуръони каримни ўзлари тиловат қилишлари ҳукми ҳақида, кундалик зикрларни ўқиб юришлари ёки бошқа кишининг тиловатига қулоқ тутиб эшитишлари ҳақида эмас.
* * *
3. Зикрларни ўқиш ва Қуръонни эшитиш жунуб кишиларга ҳам узрли аёлларга ҳам жоиз:
Жунуб кишилар ва узрли аёллар бошқаларнинг тиловатига қулоқ тутишлари ва кундалик зикрларни ўзлари ўқишлари жоиздир, гарчи у зикрларнинг орасида Қуръони каримнинг айрим оятлари мавжуд бўлса ҳам. Бироқ, жунуб бўлган киши – хоҳ аёл бўлсин хоҳ эркак – имкон қадар тезроқ покланиб олиши лозим. Али розияллоҳу анҳунинг «Жунуб киши Қуръондан бир ҳарф ҳам ўқимасин», деган маънодаги сўзларидан кўзлаган мақсадлари ҳам имкон қадар тезроқ покланиб олишга чақириқ бўлса ажабмас. Узрли аёллар эса покланиш кунлари келишини кутиб туришга мажбурлар. Шунинг учун уларга бу борада бироз кўпроқ енгиллик берилади. Яъни, Қуръон тиловатларини эшитиб, кундалик зикрларни ўқиб тураверадилар.
Уммул-мўминин Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар:
«كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَذْكُرُ اللهَ عَلَى كُلِّ أَحْيَانِهِ «.
رواه مسلم وغيره
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча ҳолатларида Аллоҳни зикр қилиб юрардилар».
(Имом Муслим ва бошқа муҳаддисларнинг ривоятлари).
قال (ابن حبان) البستي رحمه الله : » وقد توهم غير المتبحِّر في الحديث أنّ حديث عائشة «كان النبي صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يذكر الله على كل أحيانه» يعارض هذا ، وليس كذلك ؛ لأنها أرادت الذكر الذي هو غير القرآن…».
شرح سنن ابن ماجه » لعلاء الدين مغلطاي : 2/755
Имом Ибн Ҳиббон Ал-Бустий айтади:
«Ҳадис (илмлари)ни чуқур ўрганмаган айрим кишилар Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳадисларини нотўғри англаб олишибди… (Оиша онамиз) бу ҳадисда Аллоҳнинг зикри деганларида Қуръондан бошқа зикрларни назарда тутганлар…».
(Сунани Ибн Можаҳ китобига имом Мўғултой шарҳлари, 2/755 https://al-maktaba.org/book/8544/752).
Валлоҳу аълам.
Яна ҳам батафсилроқ маълумот учун араб тилидан бохабар бўлганлар қуйидаги ҳаволаларга мурожаат қилишлари мумкин:
* 2564: قراءة القرآن أثناء الحيض
* 218917: هل يجوز للجنب أن يقرأ القرآن دون مس المصحف ؟
* 147164: الجنب يجوز له أن يستمع لقراءة القرآن
* 10672: حكم مس المصحف للمحدث ، ومعنى حديث إن المؤمن لا ينجس
«Ислом Овози» таҳририяти
Мавзуга оид:
- Ҳайздаги аёллар Қуръонни ёддан ўқиши мумкинми?
- Ҳайз ҳолатида Қуръон ўқиса бўладими?
- Аëл кишининг жунуб ҳолда бола эмизиши жоиз
- Узрли аёлнинг масжидга кирмаслиги ҳақидаги ҳужжат нима?
- Талоқ ва идда аҳкомлари
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•