Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ (2-қисм)

Бўлимлар: Рисолалар

(Уламолар ҳаёти ҳақида туркум мақолалар)

* Имом Абу Ҳанифанинг буюк шогирдлари:

Имом Аб Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан минглаган толиб илмлар таҳсил олишган. Улардан буюк мартабаларга етган алломаларнинг айримлари қуйидагилар:

  1. Имом Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим Ал-Ансорий раҳимаҳуллоҳ (113-182 ҳ.) Бу зот имом Абу Ҳанифадан 17 йил давомида таҳсил олган энг улуғ шогирдларидир. Устозлари имом Абу Ҳанифадан кейин шариат илмларида мужтаҳиди мутлақ даражасига етганликларига кўпдан-кўп уламолар гувоҳлик берганлар. Ислом тарихида энг адолатли халифалардан бири деб билинган Ҳорун Ар-Рашид раҳимаҳуллоҳнинг имом Абу Юсуфга бўлган ҳурмати жуда улкан бўлиб, укишини “Қозил-қузот” (Ислом давлатининг энг катта қозиси) этиб таъйинлаган.
  2. Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳ (131-189 ҳ,)14 ёшларидан бошлаб имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан таҳсил олишни бошлаганлар. Имом Абу Ҳанифа вафот этганларидан сўнг имом Абу Юсуф, имом Молик ва бошқа кўпдан-кўп алломаларнинг қўлларида илм олишда давом этиб, бу зот ҳам мужтаҳиди мутлақ даражасига етганлар. Имом Абу Юсуф вафотларидан сўнг Аббосийларнинг энг адолатли халифаларидан бири бўлмиш Амирул-муъминин Ҳорун Ар-Рашид имом Муҳаммад ибн Ҳасанни “Қозил-қузот” этиб таъйин этган.
  3. Имом Зуфар ибн Ҳузайл Ал-Анбарий Ат-Тамимий раҳимаҳуллоҳ (110-163 ҳ). Бу зот ҳам имом Абу Ҳанифанинг энг улуғ шогирдларидан бирлари. Баъзи ривоятларда келишича аввал ҳадисларни муҳаддис уламолардан чуқур ўрганиб, ёдлаб, кейин имом Абу Ҳанифадан фиқҳ илмини 20 йил давомида ўрганганлар. Имом Абу Ҳанифа вафот этганларида бу зот у кишининг энг катта шогирдлари бўлганлар, бироқ имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммад ибн Ҳасан каби ҳанафий мазҳаб бўйича кўп китоб ёзмаган эканлар. Айниқса умрларининг охирги икки йилида фатво беришни бутунлай тўхтатиб, кўпроқ тоату ибодатлар билан банд бўлиб ўтган эканлар.
  4. Имом Ҳасан ибн Зиёд Ал-луълуий раҳимаҳуллоҳ. Кўфа шаҳрининг қозиси бўлганлар. “Қозининг одоби”, “Васиятлар”, “Фароиз”, “Иймон маънолари” ва бошқа бир қанча китобларни таълиф қилганлар. Умрларининг охирроғида қозиликни давом эттиришдан бош тортганлар.
  5. Имом Абдуллоҳ ибн Муборак Ал-Марвазий (Марв шаҳридан) раҳимаҳуллоҳ 118 ҳижрий (726 милодий) санада таваллуд топиб, 181 ҳижрий (797 милодий) санада вафот этган, Ислом тарихидаги энг буюк ва энг машҳур зотлардан бири. У кишининг ҳаётларидан ибрат олиш ҳар бир толиби илм, балки ҳар бир мусулмон учун жуда муҳим. Иншоаллоҳ яқин келажакда муфассалроқ таржимаи ҳоллари билан танишамиз.

Муҳиддин Обидхон қори ўғли

•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi

Саволлар ва фикр-мулоҳазалар учун телеграм ва ватсАп тармоғидаги рақамимиз:

+46705555548