Момоларимиздан ибратлар

Бўлимлар: Рисолалар

Меҳрибон Раббимизнинг бизнинг халқимизга ато этган энг улкан неъматларидан бири узоқ асрлардан буён мусулмон халқ бўлиб келаётганимиздир.

Бунинг натижаси ўлароқ доимо боболаримиз ва момоларимизнинг ҳаётда қилиб ўтган, барча халойиққа гўзал намуна бўладиган ишларини бемалол эслаб тура оламиз.

Дунёда бизга берилган бундай улуғ неъматларни ҳавас қилиб яшаётган миллион-миллион мусулмонлар бор, улар Ислом динини охирги асрларда қабул қилишган бўлиб, ота-боболари ғайридин ҳолда ўтиб кетганлар.

Шундай экан, ана шу Исломни яқинда қабул қилган янги мусулмонлардан кўра биз Аллоҳ азза ва жаллага миллион-миллион баробар кўпроқ шукроналар айтишимиз , фақат тилимизда эмас, балки амалимизда ҳам ҳақиқий мўмин-мусулмон авлод бўлиб яшамоғимиз даркор.

Бугунги мақолада Парвардигоримиз момоларимизга ато этган неъматлардан ибрат олиш учун 1-2 та мисол келтириб ўтмоқчиман.

Наманган шевасида бувини (хоҳ отанинг онаси бўлсин хоҳ онанинг онаси бўлсин) АЧА деб айтилади. Ачаларим (отам ва онамнинг оналари Муҳаррамхон ая ва Маҳмудахон ая) барча муслима оналаримиз қатори олийжаноб инсонлар бўлишган. Раҳмон ва Раҳим бўлган Зот Ўз раҳматига олган бўлсин.

Ёшлигимда маҳалламиздаги тенқур дўстларим билан ўйнаб юрган кезларим тез-тез ёдимга келиб туради. Баъзи-баъзида бетоб бўлиб қолган пайтларим марҳум Ачаларимнинг олдиларига бориб “Ачажон…”, дейишим биланоқ дарҳол новвот солинган иссиқ чой ва бир бурда нон бериб:  “Болажоним, “Бисмиллоҳ”ни айтиб шуни еб-ичиб олинг, Аллоҳ шифо беради, яхши бўлиб қоласиз” деб, дуо қилиб қўярдилар. Орадан кўп вақт ўтмасдан ўзимни яхши ҳис қилиб яна югириб кетаверардим.

1996 йил 18 ёшимда Мадинаи мунавварадаги Ислом Университетига қабул бўлдим.

Сафарга чиқиб кетишимдан олдин Ачамларнинг уйларига хайрлашиш ва дуоларини олиш учун бордим. Ширин сўзлари билан яхши кутиб олиб, тайёр турган дастурхонга ўтирғизиб меҳмон қилиб, узоқ дуолар ва кўз ёшлар билан кузатишди. Ўрнимдан туриб чиқиб кетишимдан олдин ёнларидаги ёстиқ остидан 200 ё 300 ўзбек сўмини чиқариб: “Болам, мана бу арзимаган пул бўлса ҳам мендан сизга совға бўлсин, йўлда у-бу нарсага ишлатарсиз” деб қўлимга тутқазиб қўйдилар.

Момоларимиз ҳар қандай яхшиликни қадрлашарди, “бу арзимаган нарса-ку, нима ҳам қилиб берарди”, деб пастга уришмасди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадиси шарифларининг арабча матнларини ёддан билишмаса ҳам, маънолари қалблари ва амалларида мужассам эди.

“لا تحقرَنَّ من المعروفِ شيئًا ، ولو أن تلقَى أخاك بوجهٍ طلِقٍ”. الحديث.

صحيح مسلم: 2626، مشكاة المصابيح 1860

“Яхшилик амалларидан ҳеч бир нарсани, гарчи у биродарингга очиқ чеҳра билан қарашнинг ўзи бўлса ҳам, (бу кичкина ва арзимаган нарса-ку деб) пастга урмагин!”.

(Саҳиҳи Муслим: 2626-ҳадис, Мишкотул-масобиҳ: 1860-ҳадис).

” تَبَسُّمُكَ في وجهِ أخيكَ لك صدقةٌ…” الحديث.

سنن الترمذي 1956

“Биродарингнинг юзига табассум билан қарашинг ҳам сен учун садақадир (яъни, шундай очиқ чеҳра билан қарасанг Аллоҳ йўлида хайр-эҳсон қилганлик савобини оласан)”.

(Термизий ривоятлари, 1956-ҳадисдан лавҳа).

Бу каби кўпдан-кўп воқеаларни, ажойиб ёдгорликларни эсласам кўзимдан беихтёр ёшлар оқади.

Қизларимимиз ва ўғилларимизга боболаримиз ва момоларимизнинг ибратли қиссаларидан ҳикоя қилиб бериб туришимиз жуда ҳам зарур.

Авлодларимиз ўз аждодларининг қиссаларини мириқиб эшитиб, улар учун меҳру муҳаббат ва соғинч ёшларини тўкиб, солиҳ дуолар йўллаб туришга тўла ҳақлидирлар. Уларни мана шундай эзгулик ила тарбия этиш зиммамиздаги энг муҳим бурчдир.

“إذا مات الإنسانُ انقطع عنه عملُه إلا من ثلاثةٍ : إلا من صدقةٍ جاريةٍ . أو علمٍ ينتفعُ به . أو ولدٍ صالحٍ يدعو له”

(صحيح مسلم 1631، صحيح سنن الترمذي 1376)

“Инсон вафот этиши билан учта нарсадан бошқа барча амаллари тўхтайди: садақаи жория, манфаати давом этиб турадиган илм ва унинг ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанд”.

(Саҳиҳи Муслим1631-ҳадис, Саҳиҳи Сунани Термизий 1376-ҳадис).

Ачаларимнинг ҳаётлик чоғларида қадрларига етолмаганим , уларга рисоладагидек хизмат қилолмаганим учун ўзимни кечира олмайман. Лекин ортларидан солиҳ дуолар йўллаб туришни насиб этиб қўйган Раббимга чексиз ҳамду санолар бўлсин. Меҳрибон Раббимиз ҳаммамизни солиҳ фарзанд бўлишга муваффақ айласин.

Муҳиддин Обидхон қори ўғли

•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi

Саволлар ва фикр-мулоҳазалар учун телеграм ва ватсАп тармоғидаги рақамимиз:

+46705555548