Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ (1-қисм)

Бўлимлар: Рисолалар

(Уламолар ҳаёти ҳақида туркум мақолалар)

* Қисқача таъриф:

Имом аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит Ал-Кувфий раҳимаҳуллоҳ Ислом тарихидаги энг буюк алломалардан бирлари.

Аҳли суннат вал жамоат наздида эътироф этилган тўртта фиқҳий мазҳабларнинг биринчиси шу зотга нисбат берилган.

Имом Абу Ҳанифанинг ҳаётлари ҳақида катта-катта китоблар ёзилган. Биз бу ерда жуда ҳам қисқа тарзда айрим нуқталарга тўхтолиб ўтмоқчимиз холос.

* Яшаган даврлари ва қамоқда вафот этишлари сабаби:

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ тобеинлар даврида 80 ҳижрий (699 милодий) санада таваллуд топиб, 150 ҳижрий (767 милодий) йилда вафот этганлар.

Бу давр сиёсий жиҳатдан умавийлар ва аббосийлар халифалиги даврига тўғри келади. У пайтларда халифалар ва вилоят ҳокимлари томонидан оддий халққа нисбатан баъзи бир зулмларга йўл қўйиш ҳолатлари учрай бошлаган. Имом Абу Ҳанифага ўхшаган ҳақиқатпавар уламолар ундай зулмларни қаттиқ инкор қилишарди ва зулмга қарши курашадиган адолатпарвар инсонларга моддий ва маънавий ёрдам бериб турардилар. Натижада халифалар аксар ҳолатларда уламоларнинг салобатлари ва шижоатлари туфайли ҳам зулмларни тўхтатишга мажбур бўлишарди. Жуда камдан-кам халифалар уламоларни қамашга журъат этарди. Ундай раҳбарлар баъзи уламоларни ҳибсга олишдан кўзлаган мақсади уларнинг овозларини ўчириш эмас, балки уларга таклиф этилган диний мансабни қабул қилишга мажбурлаш бўларди. Жумладан, халифа Абу Жаъфар Ал-Мансур имом Абу Ҳанифани “Қозил-қузот” (Ислом давлатининг энг катта қозиси) этиб таъйинламоқчи бўлган. Имом Абу Ҳанифа унинг талабини рад этганликлари учун қамаб қўяди. Шундай қилиб имом Абу Ҳанифа 150 ҳижрий (767 милодий) йили ҳибсда “Қозил-қузот” мансабини қабул қилмаган ҳолларида вафот этдилар. Аллоҳ таоло Ўз раҳматига олган бўлсин.

* Имом Абу Ҳанифанинг айрим устозлари:

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан Анас ибн Молик ва яна айрим саҳобалар розияллоҳу анҳум билан ёшлик чоғларида учрашганликлари ривоят қилинган.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳаётлари давомида минглаб тобеийлардан илм олганлар. Улардан энг машҳурлари қуйидаги зотлар:

  1. Ҳаммод ибн Аби Сулаймон раҳимаҳуллоҳ. Бу зот улуғ тобеинлардан. Имом Абу Ҳанифа у кишидан 18 йил – имом Ҳаммод вафот этгунларига қадар давомий суратда таҳсил олиб яшаганлар.
  2. Ато ибн Аби Рабоҳ ;
  3. Омир ибн Шароҳил Аш-Шаъбий ;
  4. Товус ибн Кийсон ;
  5. Муҳаммад ибн Шиҳоб Аз-Зуҳрий ;
  6. Абдураҳмон ибн Ҳурмуз ;
  7. Нофиъ Мавло Ибн Умар ;
  8. Амр ибн Дийнор ;
  9. Муҳаммад ибн Мункадир;
  10. Ҳишом ибн Урва

Ва бошқалар…

Барчаларини Меҳрибон Парвардигоримиз Ўз раҳматига олган бўлсин, бизларни ҳам жаннатда ана шундай улуғ зотлар билан бирга қилсин. Омин.

* Келгуси қисмларнинг мавзулари:

– Имом Абу Ҳанифанинг буюк шогирдлари;

– Имом Абу Ҳанифанинг фазилатлари;

– Имом Абу Ҳанифа ҳақларида уламоларнинг гувоҳликлари;

– Имом Абу Ҳанифанинг тақволари, ибодатлари, зоҳидликлари ва гўзал ахлоқларидан намуналар;

– Имом Абу Ҳанифанинг мазҳаблари тарқалган замонлар ва диёрлар ҳақида қисқача маълумот;

– Имом Абу Ҳанифа ҳақларида ёзилган айрим китоблар таърифи;

– Имом Абу Ҳанифа мазҳабларини баён қилган муҳим илмий матнлар;

– Имом Абу Ҳанифанинг ҳикматли насиҳатларидан намуналар;

(Давоми бор)

Муҳиддин Обидхон қори ўғли

•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi

Саволлар ва фикр-мулоҳазалар учун телеграм ва ватсАп тармоғидаги рақамимиз:

+46705555548