“Қалам билан илм берди” (7 ва 8 қисм)
7-суҳбат:
Ўтган суҳбатларимиздан маълум бўлдики, Аллоҳ таоло энг муҳим мавзуларни улуғ нарсаларга қасам ичиш билан бошлаган ҳолда баён қилади.
Қалам сурасида қаламга, қалам билан ёзаётган фаришталарга ва қалам билан ёзилаётган нарсаларга қасам ичиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мукаммал ақл ва улуғ ахлоқ соҳиби эканликларини эълон қилди ҳамда у зотга хушхабар ўлароқ битмас-туганмас ажру мукофотлар таёрлаб қўйганлигини хабар берди.
Бундай олқишлар ва ажру савоблар нимага айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун мана шундай улуғ қасам билан хабар бериляпти, деган савол туғиладиган бўлса, унинг жавоби шуки, чунки мушрику мунофиқлар узоқ йиллар давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга чексиз озорлар беришди, шундай улуғ зотни ҳам руҳий ҳам жисмоний қийноқларга тутдилар. Энг мукаммал ақлу заковат соҳиби бўлган, энг улуғ илоҳий китоб ваҳий қилинишига сазовор бўлган инсонни мажнун дедилар.
Парвардигоримиз айнан ақл-заковат эгалари улуғ қадр-қимматга эга эканлигини англайдиган буюк нарсага, яъни қаламга қасам ичган ҳолида мушрикларнинг бундай қабиҳ туҳматларини рад этди. Унинг ортидан улкан озорлар қаршисида гўзал сабр билан собитқадам турганликлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга битмас-туганмас ажру савобларни ваъда қилди. Яна илоҳий олқишларини йўллашда давом этиб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам нафақат ақлу заковат соҳиби, балки ҳатто улкан ахлоқу одобга эга бўлган олийжаноб инсон эканликларига Парвардигор Ўзи гувоҳлик берди.
Имом Бағавийнинг тафсирларидан ва яна бошқа тафсир китоблардан айрим иқтибосларни келтириб ўтамиз:
{مَا أنْتَ بِنِعْمَةِ رَبِّكَ بِمَجْنُونٍ}.
[القلم: 2].
“(Эй Расулуллоҳ) сиз Парвардигорингизнинг неъмати – марҳамати ила мажнун эмасдирсиз”.
Бу ояти карима бошқа оятда зикр қилинган мушрикларнинг сўзларига раддия. Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб айтишдики:
{وَقَالُوا يَا أيُّهَا الَّذِي نُزِّلَ عَلَيْهِ الذِّكْرُ إِنَّكَ لَمَجْنُونٌ}.
[الحجر: 6].
“Эй мана бу зикр унга нозил қилинган кимса! Албатта сен мажнунсан”, деб хитоб қилган эдилар.
Мушрикларнинг туҳматларига, ҳақоратларига раддия сифатида Аллоҳ таоло мана шу оятларни нозил қилди. Қаламга, қалам билан ёзилаётган нарсаларга ва қалам билан ёзаётган малоикаларга қасам ичиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни оқлади, улуғлади, мушрикларнинг туҳматларини рад этди.
Мана шу ояти каримада “Парвардигорингиз неъмати ила” ёки “Парвардигорингиз инъоми ила” деган ояти кариманинг қисқагина лавҳасидан бир қанча улуғ маъноларни англашимиз мумкин экан.
Биринчи маъно:
Сиз эй Расулуллоҳ мажнун эмассиз, яъни нафақат ўтган замонда, балки келажакда ҳам мажнун бўлиб қолишингиз асло мумкин эмас. Чунки Парвардигор сизга пайғамбарлик ва донолик неъматларини инъом этган. Кимгаки шундай неъмат берилган бўлса, у инсон мажнунликка йўлиқишдан абадул-абад омонда бўлади.
Иккинчи маъно:
“Парвардигорингиз инъоми ила” дегани, яъни Парвардигор Ўзи сизни ҳимоя қилиб сақлаб туриши марҳамати билан асло мажнун бўлмагайсиз.
Учинчи маъно:
Аллоҳнинг неъматларига ҳамдлар бўлсинки, сиз асло мажнун эмассиз,
Тўртинчи маъно:
Сиз мажнун эмассиз ва мажнунликдан омонда бўлишингиз неъмати – бу Ягона Парвардигорингиз марҳаматидир.
Валлоҳу аълам.
Навбатдаги суҳбатимизда иншоаллоҳ 3 ва 4 оятларнинг тафсири билан танишамиз.
8-суҳбат:
Ўтган суҳбатимизда ваъда қилганимиздек, бугун Қалам сурасининг 3 ва 4 оятларининг тафсири билан танишамиз.
Аллоҳ азза ва жалла Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Парвардигор ҳузуридаги буюк мартабаларини баён қилишда давом этиб марҳамат қиладики:
{وَإنَّ لَكَ لَأجْراً غَيْرَ مَمْنُون}. [القلم: 3].
“(Эй Расулуллоҳ), албатта сизга битмас-туганмас ажр-мукофот бордир”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ислом динини бутун халойиққа мукаммал равишда етказишлари учун умрларидан охирги 23 йили Аллоҳ йўлида фидо бўлди. Бу йўлда у зотнинг бошларига турли-туман мусибатлар келди, кофиру мунофиқлар тўхтовсиз озор бериб турдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг барчасига сабру бардошли бўлиб яшадилар. Шунинг учун Меҳрибон Парвардигоримиз Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга Охиратга борганларида жаннатда ҳеч қандай камчилиги бўлмаган, ҳеч қачон узилиб қолмайдиган, балки абадул-абад давом этадиган улкан неъматларни ваъда қилди.
Кейинги ояти каримада Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда ҳам улуғ ахлоқу одоб соҳиби бўлганликларига гувоҳлик бериб айтдики:
{وَإنَّك لَعَلَى خُلُقٍ عَظِيم}. [القلم: 4].
“(Қасамки, эй Расулуллоҳ), албатта сиз улуғ хулқ устидадирсиз”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаи мутаҳҳаралари уммул-муъминин Оиша онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ахлоқу одобларини жуда ҳам чуқур маъноларни ўз ичига олган қисқагина ибора билан баён қилиб айтдиларки:
“كان خلقه القرآن”.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқлари Қуръон эди”.
Бутун коинотдаги энг улуғ ахлоқу одобларни ўз ичига олган китоб бу Қуръони каримдир. Ушбу энг улуғ илоҳий китобнинг таълимотларини амалий равишда мукаммал даражада татбиқ этган зот эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ва Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ ҳам ушбу ояти кариманинг тафсирида айтадиларки:
““Сиз улуғ хулқ устидасиз” дегани, яъни, Аллоҳ у зотга: сиз буюк дин устидасиз, Мен учун бу диндан кўра суюклироқ дин йўқ, Мен бу диндан бошқасига рози бўлмайман – қабул қилмайман”.
Имом Ҳасан раҳимаҳуллоҳ ҳам айтдилар: “”Сиз улуғ хулқ устидасиз” дегани, яъни, сиз Қуръон одоблари билан одоблангансиз”.
Валлоҳу аълам.
Келгуси суҳбатимизда ишоаллоҳ Қалам ва Лавҳул маҳфуз ҳақидаги машҳур ҳадиси шариф билан танишамиз.
(Муҳиддин Обидхон қори ўғли)
Podcast: Play in new window | Download