Адолат
Ҳашаротларга ҳам зулм қилиш ҳаром
Набавий қиссалар туркумидан
Бухорий, Муслим ва бошқа муҳаддис имомлар ривоят қилишган мана бу ибратли қиссада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берадилар.
Аввалги замонларда ўтган пайғамбарлардан бирлари кунлардан бирида бир дарахт остида тўхтаб дам олаётган эдилар. Шу пайт бир чумоли келиб у кишини чақиб олди. У зот бундан ғазабланиб, ўша ердаги чумолиларнинг уясини ёқиб юборар эканлар, Аллоҳ таоло дарҳол ваҳий нозил қилиб: “Бир дона чумоли чақиб олганига ғазабинг келиб, Аллоҳга тасбеҳ айтиб турадиган умматлардан бир умматни ўлдириб ташладингми?! Битта ўша чумолининг ўзини жазоласанг бўларди-ку?!”, деган маънода танбеҳ берди.
Хулосалар:
Ҳикматлару ибратлар билан тўлиб тошган ушбу қисқагина қиссадан қуйидаги айрим фойдаларни ўрганамиз.
1. Аллоҳнинг дини азалдан тавҳид ва адолат устига барпо бўлган. Исломда нафақат инсонларга, балки ҳатто ҳайвонларга ҳам, ҳашаротларга ҳам, набототу жамодотларга ҳам зулм қилиш ҳаром қилинган.
2. Коинотдаги барча нарсалар Ягона Аллоҳнинг Ўзига тасбеҳ айтиб туради:
“Етти осмон, Ер ва улардаги бор жонзот (Аллоҳни) поклар. Мавжуд бўлган барча нарсалар ҳамду сано айтиш билан У Зотни поклар. Лекин сизлар (эй инсонлар), уларнинг тасбеҳ айтишларини — поклашларини англамассизлар”. (Исро: 44)
3. Чумолилар ҳам алоҳида бир уммат, алоҳида бир оламдир:
“Ерда судралиб юрган ҳар бир жонивор, осмонда қанот қоқаётган ҳар бир қуш худди сизлар каби (Бизнинг қўл остимиздаги) умматлар – жамоалардир. Китобда (яъни тақдири азал китобида) бирон нарсани қўймай (ёзиб қўйганмиз). Кейин ҳаммалари Парвардигорлари даргоҳига тўпланурлар. 39. Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар зулматларда қолган кар-соқовдирлар. Аллоҳ хоҳлаган кишисини адаштирур, хоҳлаган кишисини Тўғри йўлда (барқарор) қилур”. (Анъом: 38-39).
4. Пайғамбарлар ҳам хатодан холи эмаслар. Бироқ, уларнинг хусусиятларидан бири шуки, Парвардигор уларга кичкина гуноҳ қилиб қўйсалар ҳам танбеҳ бериб, уларни дарҳол тавбага муваффақ қилиб қўяди. Катта гуноҳларга эса, асло яқинлашмайдилар.
5. Ҳайвонлару ҳашаротларни ҳам шариат рухсат берган сабабсиз ўлдириш жоиз бўлмайди, уларнинг ичидан фақат зараркунандалари ўлдирилади. Масалан, чаён, илон, сичқон, каламуш, калтакесак, қутурган ит, қарға, пашша ва чивин кабилар.
6. Бу ҳадисда чумолини ҳам ноҳақ ўлдириш ҳаромлиги баён қилинди, бошқа бир ҳадисда бир мушукни оч қолдириб ўлдирган аёл дўзахга киргани хабар берилган.
Бир аёл битта ҳайвонни ноҳақ ўлдиргани учун дўзахга кирган экан, минглаб, балки миллионлаб инсонларни, бўлиб ҳам “Раббим Аллоҳ” деган мўминларни қириб ташлаётганлар ҳақида нима дейиш мумкин?!
Бунинг муқобилида, бошқа бир воқеада ташналик туфайли ўладиган ҳолга келиб қолган итга раҳми келиб, қудуқдан сув олиб чиқиб берган фоҳиша аёлнинг гуноҳларини Аллоҳ таоло кечириб юборган.
Аллоҳ учун бир итни суғорган аёлнинг гуноҳлари кечириб юборилган экан, мазлум инсонларга холис Аллоҳ учун ёрдам бераётган раҳм-шафқатли мўминларга қандай ажру савоблар ёзиларкин? Албатта уларга Аллоҳ таолонинг чексиз марҳаматлари ёғилиб туради.
Бундай эзгу маъноларни ўргатадиган панду насиҳатлар Қуръони карим ва саҳиҳ ҳадисларда сон-саноқсиз.
“Аллоҳ бандалари ичидан раҳм қилувчиларга раҳм қилур”.
(Бухорий ривоятлари).
“Раҳм қилувчиларга Раҳмон раҳм қилур. Ердагиларга раҳм қилинглар, Осмондаги Зот сизларга раҳм қилади”. (Абу Дуовуд ва Термизий ривоятлари).
Раҳмону Раҳим бўлган Парвардигоримиз бизларни меҳрибон, адолатпарвар бандалари қаторида қилсин ва Ўз раҳматига олсин…
Вассалому алайкум…
Муҳиддин Обидхон қори ўғли
Podcast: Play in new window | Download