Аллоҳ учун бажарилган амал зое кетмас
Набавий қиссалар туркумидан
Саҳиҳул Бухорийда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ибратли қиссалардан бирида шундай дейилади:
Ўтган умматлардан бўлган бир мўмин киши кечалардан бирида бир муҳтожга Аллоҳ учун садақа қилди, аммо у муҳтож деб ўйлаган инсон ўғри эканлигини билмади.
Тонг отгач одамлар “келиб-келиб ўғрига садақа қилибди-я.…”, деб ким нима ниятда ва қай ҳолатда садақа қилганини билмасдан маломат қила кетдилар.
Садақа соҳиби эса: “Эй Аллоҳ, барча ҳамду санолар ягона Ўзинг учундир. Мен яна бошқаттан садақа қиламан”, деди ва кеч киргач ният қилган садақасини ташқи кўринишидан ҳожатманд бўлган бир аёлнинг қўлига берди. Бироқ, кейин билса, у зинокор экан. Одамлар яна садақа берувчи ҳолини билмай туриб унга ғойибона маломат тошларини ота бошладилар: “фоҳишага ҳам садақа берадими одам деган…”.
Эҳсон қилишни суйган бу инсон яна Аллоҳга дуо қилиб “Эй Парвардигор! Сенга ҳамду санолар бўлсин. Садақамни зинокор аёлга бериб қўйибман. Энди яна бошқаттан бошқа бир одамга садақа бераман” деди. Тунда кўчага чиқиб яна бир муҳтож деб ўйлаган инсонга ўз садақасини топширди, лекин у ўзига тўқ бой экан. Халойиқ тонг отганда унга яна маломатларини ёғдирдилар: “бойваччага садақа берибдия…?!”.
Қўлидан келганича муҳтожларни излаб, уларга ёрдам беришга ҳаракат қилган бу мўмин киши бироз сиқилган бўлса ҳам Аллоҳга ҳамд айтишдан тўхтамади.
Сўнг ўша кеча туш кўрди, тушида унга бир фаришта Аллоҳ ҳузуридан хушхабар олиб келиб шундай деди:
“Берган садақаларинг қабул бўлди. Ўғрига берган садақанг шояд унинг ўғрилик қилишдан тўхташига сабаб бўлар. Зинокорга берган садақанг туфайли шояд у аёл иффатли бўлар. Бойга берган садақанг эса унинг сендан ибрат олишига, Аллоҳ берган бойликларидан хайри эҳсон қилишига сабаб бўлар”.
* Хулосалар:
Ушбу набавий қиссадан қуйидаги фойдаларни ўрганамиз:
1. Мўмин киши доимо холис ният билан солиҳ амаллар қилиб яшайди, маломатчиларнинг маломатидан қўрқмайди. У одамларнинг гап-сўзини деб яхшиликларини тўхтатиб қўймайди;
2. Динимиз ҳеч бир инсонга тоқатидан ортиқ вазифа юкламайди. Ёрдамга муҳтож эканлиги зоҳир бўлиб турганларга қурби етган кишилар ёрдам бераверишлари керак, гарчи баъзи инсонларнинг ичи – асл ҳолати бошқача бўлса ҳам;
3. Садақа қилмоқчи бўлган аҳли хайрлар имкон қадар ҳақиқатдан ҳам садақага муҳтож бўлган инсонларни қидиришлари лозим. Бироқ, бу борада ҳам чуқур кетиб қолиш яхшимас.
4. Яхши туш мўмин кишининг Аллоҳдан бўлган умидини кучайтиради, бироқ унга тўла ишониб қолиш жоиз эмас. Бу мавзуни Аҳли сунна уламолари эътиқод ва фиқҳ китобларида батафсил баён қилганлар. Имом Аҳмад ҳам айтадиларки: “Мўмин киши яхши тушдан хурсанд бўлади, аммо унга алданиб қолмайди”.
5. Одамлар орасида кенг тарқалган гуноҳлардан бири ғийбатдир. Бировларни билиб-билмасдан ғийбат қилиш жуда осон, аммо гуноҳи жуда ҳам оғирдир.
Валлоҳу аълам.
Меҳрибон Парвардигоримиздан дилларимиз, тилларимиз ва амалларимизни ислоҳ этишга муваффақ айлашини сўраймиз…
Муҳиддин Обидхон қори ўғли
Podcast: Play in new window | Download