Фосиқ ёки кофир одам қурган масжидда намоз ўқиш ҳукми

Савол:

Бизнинг раёнда бир пулдор аёл бор, у аёл ҳар-хил гуноҳ ишларни қилиб юради, деган гаплар тарқалган одамлар орасида. Яқинда ўша аёл ҳажга бориб келиб, ўзининг пулидан бир масжид қурдирди. Баъзилар шу масжидда намоз ўқишдан қайтаришяпти. Шу тўғрими?

М.

Жавоб:

Уламолар фосиқ ёки ҳатто кофир инсон бўлса ҳам мусулмонларга ўзининг молидан ҳеч қандай ёмон ғаразсиз эҳсон қилиб, масжид қурилишини илтимос қилса, уни қабул қилиш ва масжид қуриш жоиз деб айтганлар. Бу масаланинг тафсилоти фиқҳ китобларида вақф аҳкомлари бобида баён қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«لا يدخلُ الجنةَ إلا مؤمنٌ، وإنَّ اللهَ ليؤيِّدُ هذا الدينَ بالرجلِ الفاجرِ». رواه البخاري

«Жаннатга фақат мўмин одамгина киради. Аллоҳ шак-шубҳасиз бу динни фожир кимса(нинг ёрдами) билан ҳам қувватлаб тураверади«.

(Имом Бухорий ривоятлари).

Саволда сўралган аёлнинг масаласига келсак, у аёл агар ҳақиқатан ҳар-хил гуноҳларга қўл урган бўлса ҳам, унинг масжидга ҳеч қандай зиёни йўқ. У аёл қилган гуноҳларига ўзи жавоб беради.

Балки чин қалби билан Аллоҳга тавба қилиб, гуноҳлари ювилишини умид қилган ҳолида шундай хайрли ишларни бажараётган бўлиши ҳам мумкин. Агар шундай бўлса «нурун ало нур», Аллоҳ Ўз даргоҳида ҳусни қабул айласин.

Валлоҳу аълам.

Муҳиддин Обидхон қори ўғли жавоб берди

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi