Террор давоси
Жамият турли-туман жиноятлардан қандай сақланади?
Бу саволга ҳар бир мутахассис албатта ўзининг соҳасидан келиб чиқиб жавоб беради.
Масалан, сиёсатшунослардан сўралса, улар “давлат бошқарув тизими адолатли бўлиши керак”, дейишлари мумкин.
Иқтисодчилар “халқ иқтисодий фаровон ҳаёт кечирадиган бўлиши лозим, чунки одамлар очлик, йўқлик ва ночорликка чидай олмасдан зўровонлик йўлларига кириб кетадилар” деб огоҳлантирдалар.
Жамиятшунослар “дунёда ижтимоий адолат ўрнатилмагунга қадар тинчликка эришиб бўлмайди”, деб жавоб қилишса ажабмас.
Шунингдек бошқа соҳа мутахассисларининг ҳам ўзлари қаноат ҳосил қилган жавоблари бўлади.
Ушбу саволга бир мусулмон сифатида ўз динимдан ўқиб-ўрганганим бўйича мен ҳам жавоб беришга ҳаракат қиламан.
Ҳар қандай жамиятнинг тинчлик-фаровонлиги учта пойдевор устига барпо бўлади:
- Илм;
- Тарбия;
- Муносиб муҳит.
Ушбу пойдеворлар қанчалик мустаҳкам бўлса, унинг устидаги жамият биносининг омонлиги ва ривожланиши ҳам шунга яраша бўлади. Пойдеворлар заифлашган сайин жамият жарлик томон силжийди, гарчи кўпчилик уни сезмаётган бўлса ҳам. Чунки кўплаб касалликларнинг белгиси бирдан зоҳир бўлмайди.
Қуйида мана шу пойдеворларнинг ҳар бирига алоҳида тўхталиб ўтамиз.
Биринчи пойдевор: Илм.
Илм деганимизда диний ва дунёвий илмларни кўзда тутамиз.
Айрим одамлар фақат дин илмларини ўрганишнинг ўзи етарли деб ўйлайдилар. Бошқалар эса, дин илмларига аҳамият бериб ўтиришнинг кераги йўқ, ҳамма гап дунё илмларида, деб даъво қиладилар.
Бу қарашларнинг иккиси ҳам хато.
Дин илмлари билан дунёвий илмларда орасини ажратиш худди руҳ билан жасадни бир-биридан айиришдек улкан жиноят.
Дунёвий илмлар бир жасад бўлса, диний илмлар унинг руҳидир.
Тарихга назар солайлик:
Милодий еттинчи асрнинг бошларида, бутун дунё жаҳолат, разолат зулму туғён ботқоқларига ботиб ётган бир пайтда Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборар экан, у кишини Қуръони каримнинг биринчи нозил бўлган оятларидан бошлабоқ ўқишга буюрди ва бу илоҳий фармонини қайта-қайта такрорлаб, илму маърифатнинг фазилати ва аҳамияти нақадар улкан эканлигини баён қилди.
{ اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ }. الآيات.
Шундай қилиб, пайғамбарликнинг илк кунидан бошлаб, охирги лаҳзаларигача илмга тарғиб қиладиган ояти карималар нозил бўлиши тўхтамади.
Аллоҳ таоло Ўзининг энг афзал элчиси, борлиқдаги энг улуғ бандаси бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломга
{وَقُل رَّبِّ زِدْنِي عِلْمًا}. [طه: 114].
“Эй Парвардигорим, менинг илмимни зиёда қилгин – кўпайтиргин”, деб дуо қилиб туришни ўргатди.
Бугунги кунда хоҳ мусулмонлар дунёсида хоҳ ғайримусулмонлар дунёсида рўй бераётган турли-туман жиноятларнинг асл илдизи жаҳолатга – илмсизликка бориб тақалади.
Ислом умматининг бошланғич босқичини ўрганган киши унинг қисқа муддатда ҳам дин ҳам дунё илмлари бўйича бутун жаҳон халқлари ичидаги энг илғор – энг пешқадам умматга айланганликларига гувоҳ бўлади.
Шунинг учун ҳам биринчи ҳижрий асрнинг аввалги ярмидаёқ Ислом нури дунёнинг каттагина қисмига етиб борди, турли-туман халқлар ўз рағбатлари билан Ислом динини қабул қилдилар.
Иккинчи пойдевор: Тарбия.
Бугун кўп жойларда “жаҳолатга қарши маърифат билан курашамиз” деган гўзал шиорни эшитяпмиз.
Бу шиорни албатта биз ҳам қўллаб-қувватлаймиз, аммо унинг ўзи билан иш битмаслигини ҳам эслаб ўтишимиз лозим.
Илму маърифатни холис ният билан ўрганилмаса ва унга гўзал тарбия билан амал қилинмаса, унинг ҳам оқибатлари аянчли бўлади.
Бунинг мисоллари ҳаётда жуда ҳам кўп.
Қуръону Суннатда илмига амал қилмайдиган кимсалар қаттиқ қораланган, улар Аллоҳнинг ғазабига учраган кимсалар эканлиги қайта-қайта таъкидланган.
Бугунги кунимизда жуда кўп халқлар ана шундай тарбиясиз кимсалар дастидан азоб чекмоқдалар.
Хоҳ диний хоҳ дунёвий илмлардан ўрганиб олиб, бу илмлар билан халққа холисона хизмат қилмасдан, унинг ўрнига, ўзининг шахсий ғаразларини ёки қайсидир золим ҳукуматнинг жирканч сиёсатларини ёки қандайдир ярамас ташкилотларнинг ғаразли мақсадларини амалга ошираётган “дин уламолари” ва “фан олимлари” кўпайиб кетишди.
Уларнинг бир қисми ўрганган дунёвий илмлари билан шу дунё аҳлини барбод қилмоқдалар.
Яна бир қисми эса диний илмлар билан халқларни лақиллатиб, тўғри йўлдан адаштириб келмоқдалар.
Ана шундай “дин уламолари” ва фан олимлари тарбиясизлик ёки нуқсонли тарбия туфайли пайдо бўлмоқда.
Буюк Исломимиз тарихига қарайдиган бўлсак, раббоний уламоларимиз ўз даврларидаги диний ва дунёвий илм талабаларини ҳам омма халқни ҳам, энг аввало ёшликдан бошлаб гўзал одобу ахлоқлар билан тарбия қилар эдилар.
Шунинг учун улар кейинчалик катта мансабларга кўтарилган пайтларида ҳам ўз нафслари устидан ғолиб бўлиб, ҳақ йўлда, гўзал ахлоқу одоб билан собитқадам тура олганлар.
Мамлакатларни ана шундай чуқур илм ва гўзал тарбияга эга бўлган зотлар бошқарган даврларда дунё гуллаб яшнаган.
Инсон зоти ҳаёти давомида турли-туман имтиҳонларга рўбарў бўлади.
Киши илм олсаю, ўз нафсини тарбия қилиб , яхшилаб жиловлаб ололмаса, ўзини ҳам ва унга алданганларни ҳам турли-туман фитналарга гирифтор қилади.
Мана бугун раббоний уламоларнинг тарбияларидан маҳрум қилинган баъзи ёш талабалар бир-иккита ояту ҳадисларни ўзича у ёқ – бу ёқдан эшитиб, ўқиб олиб, ўзини худди шайхулисломдек тутадиган бўлиб қолди. Тили билан айтмаса ҳам ҳолидан кўриниб туради. 50 йил, 60 йил илм ва тарбия билан яшаган, балки бутун умрларини Исломга хизмат қилиб ўтган буюк имому алломаларни писанд-назарга илмайдиган тарбиясиз “чала мулла”лар пайдо бўлди.
Аллоҳул Мустаон. Ундайларни Ягона Аллоҳнинг Ўзига шикоят қилиб, ёмонликларини даф этишини сўраймиз.
Демак, илм билан бирга тарбия олиш энг зарур пойдевордир.
Тарбияли инсон бўлиш инсонни ўз нафсини ҳар қандай ҳолатда ҳам тўғри бошқара олишга ўргатади. Мусибатли кунларда ўзини йўқотиб қўйишдан, ютуқларга эришганда босар-тусарини билмай туғёнга кетиб қолишдан сақлайди.
Учинчи пойдевор: Муносиб муҳит.
Муносиб муҳит деганда бутун халққа илму тарбия билан хизмат қиладиган раббоний уламоларни қабул қила оладиган жамият мавжуд бўлиши кўзда тутиляпти.
Раббоний уламоларни ва уларнинг панд-насиҳатларини кўтара олмайдиганлар жамиятни жиноятлар ботқоғига етаклаётган бўладилар.
Илм ва тарбия учун муносиб муҳит нақадар зарурлигини англаш учун пайғамбарлар тарихидан бир қанча мисоллар келтириш мумкин.
Инсоният тарихида шундай пайғамбарлар бўлишганки, уларга ўзларининг қавмларидан ҳатто бир дона инсон ҳам эргашмаган.
Ана шундай жамиятларни ислоҳ қилолмаслик пайғамбарларнинг айби бўлмаган, зеро у зотлар энг улуғ илму тарбия ва буюк таълимотларни тўғридан-тўғри Парвардигордан олиб турганлар. Бироқ, ўша пайтдаги ҳукуматлар ёки халқлар ҳаққа бўйсунмаганлар.
Аксинча, баъзи қавмлар ўзларининг пайғамбарларини, раббоний уламоларини ва ҳақиқий мард мўмин-мусулмон ўғлонларини ўлдиришгача, арра билан арралашгача боришган. Асҳобул-ухдуд ҳатто чоҳ қазиб, олов ёқиб, ҳақиқатпарвар мўминларни аҳли-оилалари, ёш-ёш гўдаклари билан бирга қўшиб ёқиб юборишган.
Натижада ундай золиму ваҳший жамиятлар, подшоҳлару ҳукуматлар турли-туман азобу уқубатлар, балою мусибатлар остида ҳалок этилганлар.
Ноқобил муҳитда ҳақиқатга даъват қилгани учун золимларнинг қўл остида шаҳид бўлиб кетан зотлар эса, Охират ғалабасига эришиб, жаннатдаги энг улуғ ва абадий неъматларга сазовор бўлганлар. Улар деярли ҳеч нарса йўқотмаганлар.
Бугунги давримизда ҳам кўплаб давлатларда истибдод (диктатура) ёки бошқа турли хил шакллар билан товланадиган зулму туғён ҳукмронлиги авжига минган, ҳақпарвар инсонларнинг насиҳатларига қулоқ солиш ўрнига, уларни қувғин қилиш, қамаш, ўлдириш, суиқасдлар уюштириш каби жиноятлар кўпайган.
Натижада борган сайин нафақат террор, балки фоҳишабозликлар, ўғриликлар ва бошқа турли-туман жиноятлар дунё бўйлаб кучайиб бормоқда.
Одамларни, айниқса ёшларни ҳар-хил адашган йўлларга алданиб кетишдан сақлаб турадиган ҳақиқатпарвар, раббоний уламоларни жамиятга сиғдирилмаса мана шундай аянчли оқибатларга дуч келинади.
Хоҳ террор балоси бўлсин, хоҳ бошқа жиноятлар бўлсин, уларнинг барчасидан озод бўлишни истаган жамият албатта илм ва тарбия пойдеворини барпо этишлари, ҳақиқатпарвар уламоларга муносиб муҳит бўлишлари лозим.
Жамиятларни бошқараётган ҳукуматлар ва нуфузли ташкилотлар дин уламоларини ҳам фан олимларини ҳам ўзларининг тор сиёсий манфаатлари қурбонига айлантирмасликлари даркор.
Холис уламолар ва ўз касбига содиқ мутахассислар учун имкон қадар барча шарт-шароитлар муҳайё қилиб берилиши керак.
Валлоҳу аълам.
Муҳиддин Обидхон қори