Нью-Йоркда амалга оширилган террор хуружига муносабат
Бугун 1 – ноябр Нью-Йорк штатида ўзбекистонлик 29 ёшли Сайфулло Соипов томонидан мудҳиш ва жирканч террор ҳужуми амалга оширилгани хабар қилинди. У кўчада кундалик юмуши билан юрган оддий инсонларнинг устига ўзи бошқарган машинани бостириб камида саккиз кишининг ўлими, яна кўплаб инсонларнинг жароҳатланишига сабабчи бўлган.
“Қалам” жамияти бундай террор ҳужумларини кескин қоралайди.
Шунингдек, омонлик келишуви остида ғарб мамлакатларига келган ва у ерда яшаётган мусулмонларнинг бу каби мудҳиш жиноятларга қўл уришини Ислом динимиз мутлақо ман этади, деб билади.
Минг афсуски, бу каби ғайриинсоний жиноятлар ортидан яна мусулмонларга, айниқса ғарбда яшаётган муҳожирларга қарши турли хуружлар кўпаяди, уларнинг бу ўлкаларда Ислом нури таралиши учун қилаётган фаолиятларига янги-янги тўсиқлар қўйилади.
Бундай мудҳиш жиноятни амалга оширувчи ҳақида ҳозиргача тарқалган маълумотларга қараганда, у кимсанинг Ислом умматини ич-ичидан кемирмоқчи бўлаётган бузғунчи тоифаларга мансуб ёки уларга хайрихоҳлиги айтилмоқда.
Бу маълумотлар тасдиқланса, ушбу жиноят Ислом ва мусулмонларга зарар бериш мақсадида атайлаб уюштирилганини англатади.
“Қалам” террорнинг барча турларини, жумладан давлатлар томонидан амалга оширалаётган кўринишларини ҳам қаттиқ қоралайди ва ушбу террор ҳужуми айнан ўзбекистонлик шахс томонидан содир этилгани ҳақидаги хабарлар туфайли алоҳида ташвиш билдиради.
Айни дамда “Қалам”, бу воқеа барча ўзбекзабон зиёли ва диндорларни ушбу иллатни миллатдошларимиз орасидан таг-томири билан йўқ қилиш ишларига маҳкам бел боғлаб, ҳамкорликда иш олиб боришлари долзарблигини таъкидлайди.
“Қалам” дунё бўйлаб турли-туман зулму зўравонликлардан азият чекаётган барча мазлумларга ўзининг ҳамдардлигини изҳор этади.