Саккизинчи ҳадис: Жаннат онанинг оёқлари остидадир

Саккизинчи ҳадис

Жаннат онанинг оёқлари остидадир

عَنْ مُعَاوِيَةَ بْنِِ جَاهِمَة رَضِيَ اللهُ عَنْه: قَالَ النَّبِىُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم :فَالْزَمْهَا فَإِنَّ الْجَنَّةَ تَحْتَ رِجْلَيْهَا. رَوَاهُ النَّسَائِىُّ.

Муовия ибн Жоҳима разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бас онанг билан бирга бўл, чунки жаннат унинг икки оёғи остидадир». Насоий ривоятлари.

***

Бу ажойиб ҳадиснинг айтилишига сабаб бўлган воқеа бундай бўлган. Бир куни Жоҳима исмли саҳобий Расулуллоҳнинг олдиларига келиб деди: «Эй Расулуллоҳ, мен жиҳодга боришни хоҳлайман. Сиздан маслаҳат олиш учун келдим». Шунда Расулуллоҳ сўрадилар: «Онанг борми?» У «ҳа» деди. Пайғамбар алайҳиссалом унга: «Бас, онанг билан бирга бўл, чунки жаннат унинг икки оёғи остидадир», – дедилар.

Биз ўзимизга осон бўлсин учун бу ҳадисни икки қисмга бўлиб ўрганамиз. Биринчиси – «Бас, онанг билан бирга бўл», деган қисми.

Расулуллоҳ бу ерда онанинг номини алоҳида гапирдилар. Нима учун? Чунки онанинг бола устидаги ҳаққи отаникидан кўра кўпроқдир. Она ўз боласини туғишдан аввал тўққиз ой қорнида кўтариб юради. Туғаётган пайтда роса ҳам қийналади. Ундан сўнг боласини икки йил эмизади, то у катта бўлгунича едириб-ичиради, ювиб-тарайди, тарбиялайди. Шунинг учун мусулмонлар ўз оналарини жуда ҳам ҳурмат қиладилар. Қилган яхшиликларини тез-тез эслаб турадилар. Катта бўлганларидан кейин ҳам оналарига яқин юрадилар.

***

Бола чақалоқлик пайтида биров айтмаса ҳам онасини яхши кўради ва доимо унга интилади. Онаси ундан узоқроққа кетса, йиғлашга бошлайди. Чунки онаси унга кўп яхшиликлар қилишини билади. Онаси қарамаса ўзини эплай олмайди. Овқат ҳам ея олмайди. Ҳатто онаси ўйнатмаса ўзи ўйнай ҳам олмайди. Бугун катта бўлиб, ақли кириб қолган болаларнинг ҳаммалари кичик пайтларида ана шунақа бўлганлар, тўғрими?! Шунинг учун улар ҳозир оналарига кўп раҳматлар айтишлари керак. Оналари хурсанд бўладиган ишларни қилишлари лозим.

Ақлли бола ва ақлли қиз онасининг яхшиликларини ҳеч ҳам унутмайди. Ўзи ҳам онасига меҳрибон бўлади. Катта бўлган сайин онасига кўпроқ ёрдам беришни ўрганиб боради. Айниқса, ўғил бола ўсиб-улғайиб кучли йигит бўлганда онасини ҳам, отасини ҳам ёлғиз ташлаб қўймайди. Уларнинг айтганларини қилиб, ҳурмат-иззат кўрсатади. Агар бирор зарур иш билан узоқроққа кетиб қолса, тезроқ қайтишга ҳаракат қилади. Келгунича ҳам ота-онасига телефонлар қилиб, хатлар ёзиб ҳол сўраб туради. Кўпроқ қолиб кетса, узр айтиб, ҳадялар юборади.  

***

Ҳадиснинг иккинчи қисмида: «жаннат унинг икки оёғи остидадир» деган жумла келади.  Бу сўздан нима маъно келиб чиқади? Бунинг мазмуни шуки, фарзанд онасининг олдида ўзини паст ва камтар тутиши керак. Онанинг ёнида ҳеч қачон ўзини катта олиш мумкин эмас. Бола онасига раҳмдил бўлиши, ҳамма вақт мулойим ва юмшоқ гапириши лозим. Шунда она ўз боласидан рози бўлади ва уни дуо қилади. Бундай фарзандни Аллоҳ ҳам, Расулуллоҳ ҳам яхши кўришади. Онасини ҳурмат қилган болани бу дунёда ҳамма ҳурмат қилади. Қиёмат куни бўлганда Аллоҳ уни улкан ва гўзал жаннат билан мукофотлайди.

***

Хулосалар:

1. Боланинг устида онанинг ҳаққи шунақа кўпки, унинг ҳаммасини хеч қачон адо қилиб бўлмайди.

2. Она ўз боласини кичик пайтидан бошлаб бирор кун ҳам ёлғиз ташлаб қўймаган. Яхши бола ҳам катта бўлганда онасини ҳеч қачон ўз ҳолига ташлаб қўймайди.

3. Инсон жаннатга кириши учун онасига ва отасига чиройли хизматлар қилиб, уларнинг дуоларини олиши лозим.