“Қалам билан илм берди” (5 ва 6 қисм)
- Қалам сурасининг нун ҳарфи билан бошланиш ҳикматлари давоми;
- Мақтовга сазовор қаламнинг турлари, сифатлари ва даражалари:
1. Энг улуғ қалам биринчи ўринда яратилган, Лавҳул маҳфузга коинотдаги барча-барча нарсаларни муфассал тарзда ёзиш вазифаси юкланган ва у вазифани мукаммал даражада бажарган қаламдир.
2. Иккинчи ўринда турадиган қалам фаришталарга топширилган, Аллоҳнинг ваҳийларини ёзиб турадиган қаламлардир. Бу турдаги қаламларнинг зикри меърож ҳадисида ворид бўлган. Расулуллоҳ саоллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша меърож кечасида етти қават осмоннинг тепасига кўтарилиб, ҳатто “қаламларнинг овозлари эшитилиб турадиган” мақомгача етиб бордилар. Фаришталар ана шу қаламлар билан бутун коинотга тааллуқли бўлган илоҳий амру фармонларни доимий равишда ёзиб турадилар.
3. Учинчи ўринда турадиган қалам пайғамбарларга ваҳий қилинган шариат илмларини Аллоҳдан тақво қилган ҳолларида ўрганиб, ёзиб, бутун умматга ана шу ҳаққу рост илмларни етказиб турадиган раббоний уламоларнинг қаламларидир. Бу турдаги ростгўй қалам дунёдаги бошқа барча қаламларнинг устидан ҳақиқий раҳбардир. Чунки ана шу қаламга эргашиш билан руҳларимиз, охиратимиз ва дунё ишлари ҳам обод бўлади.
4. Тўртинчи қалам баданларимизнинг соғлик-саломатлигини сақлаш учун хизмат қилаётган ростгўй табибларнинг қаламлари.
5. Бешинчи қалам мамлакатларимизнинг тинчлик-омонлигини сақлаш учун хизмат кўрсатадиган адолатпарвар раҳбарларнинг қаламлар.
6. Олтинчи қалам ризқу насибаларни тўғри ўлчаб, мол-мулкларни тўғри ҳисоб-китоб қилиб турадиган қаламлар.
7. Еттинчи қалам ҳақиқат ва адолат билан ҳукм чиқарадиган қозиларнинг қаламлари.
8. Саккизинчи қалам еттинчи қалам эгалари ҳузурида ростгўйлик ила туриб гувоҳлик берадиган инсонларнинг қаламларидир.
9. Тўққизинчи қалам воқеаларни ростгўйлик билан ёзиб борадиган, кейинги авлодларга ўз аждодларининг бошларидан ўтган ҳодисаларни қандай рўй берган бўлса ана шундай суратда ёзиб қолдирадиган тарихшуносларнинг қаламлари.
10. Ўнинчи қалам тил ва баён илмини сақлаб турадиган , одамларга ўрганган илмларини энг тўғри ва энг гўзал иборалар билан баён этишни ўргатадиган луғат, наҳв-сарф, фасоҳат, балоғат ва адабиёт устозларининг қаламларидир.
Қаламнинг шаъни, шон-шарафи мана шундай жуда ҳам улкан эканлигини билар эканмиз, Аллоҳ таоло нима учун Қалам сурасини нозил қилганини, нима учун қаламга қасам ичган ҳолида бошлаганини ангалаймиз.
Валлоҳу аълам.
Вассалому алайкум …
Муҳиддин Обидхон қори ўғли
Podcast: Play in new window | Download