Еттинчи ҳадис: Ота рози – Худо рози

Еттинчи ҳадис

Ота рози  – Худо рози

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍورَضِيَ اللهُ عَنْهُ: عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم:

رِضَى الرَّبِّ فِي رِضَى الْوَالِدِ وَسَخَطُ الرَّبِّ فِي سَخَطِ الْوَالِدِ. رَوَاهُ الترمذي.

Абуллоҳ ибн Амрдан ривоят. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Парвардигорнинг розилиги отанинг розилигидадир, Парвардигорнинг ғазаби отанинг ғазабидадир». Термизий ривоятлари.

* * *

Маълумки, ҳамма яхшиликлар Аллоҳ таолонинг хоҳиши билан келади. Шундай экан, инсон яхши нарсаларга етиш учун Аллоҳни рози қилиши керак. Аллоҳни рози қилиш учун Унинг буйруқларини бажариш лозим. Аллоҳнинг буйруқларидан бири ота- онани рози қилишдир.

Ҳаммамиз биламизки, боланинг дунёга келишига сабабчи бўлган одам ота билан онадир. Демак, ота бўлмаса, бола ҳам бўлмайди. (Она ҳақида алоҳида гапирамиз).

Нима учун Расулуллоҳ бу ҳадисда хоссатан отанинг розилиги ҳақида гапирдилар? Бунинг сабаби шуки, отанинг ҳурмати ҳамманикидан юқори туради. Чунки ота оилада раҳбар саналади. У меҳнат қилиб, аёлини ва болаларини боқади. Ёмонликлар ва зарарлар йўлини тўсиб туради.

Аллоҳ таоло отанинг қалбини болага меҳрибон қилиб қўйган. Ота ўз фарзандининг бахтли бўлиши учун кўп ҳаракат қилади. Кучини ва пулларини сарфлаб, боласини ўқитади. Уни иймонли қилиб табиялайди. Боласига фойдали ишларни ва ҳунарларни ўргатади.

* * *

Шунча яхшиликларга сабабчи бўлган отани яхши кўрмаса тўғри бўладими?! Йўқ! Мусулмон бола ўз отасини жуда-жуда яхши кўриши керак. Отаси хурсанд бўладиган чиройли сўзларни гапириши, у рози бўладиган ишларни қилиши лозим. Агар бола отасининг айтганларини ўз вақтида бажариб борса, ақлли ва илмли бўлиб ўсади. Отаси у боланинг ҳақига дуолар қилади. Аллоҳ ҳам у боладан рози бўлади. Аллоҳ қайси инсондан рози бўлар экан, унга ҳамма яхшиликларни юборади. У инсон жуда кўп ютуқларни қўлга киритади.

Расулуллоҳ яна: «Ота жаннат эшикларининг ўртасидир», деганлар. Бу сўз отасини рози қилган бола жаннатга киради, дегани бўлади. Шунинг учун ўзбекларда «Ота рози  – Худо рози», деган мақол бор.

Яхши бола катта бўлган пайда ёшлик чоғларини эслайди. Ота-онасининг қилган яхшиликларини унутмайди. Ўзи меҳнат қилиб, ҳалол пуллар топади. Отасини ҳам, онасини ҳам боқади. Уларга ҳадялар бериб, кўнгилларини кўтариб юради.

* * *

Баъзан шунақа бола ҳам бўладики, ота-онасининг айтганларига унча қулоқ солмайди. Улардан сўрамасдан ўзи билганича иш қилаверади. Дарс қилмай, бефойда ўйинлар ўйнаб юради. Бунақада ота ўз боласидан хафа бўлиб қолади. Агар фарзанд отасини ҳадеб хафа қилаверса, ундан Аллоҳ ҳам ғазабланади. Кимдан Аллоҳ ғазабланиб қолса, унинг ишлари орқага кетади. Аллоҳнинг ғазабидан ҳаммамиз қўрқамиз. Чунки Аллоҳ ғазаб қилса, бало юбориши мумкин. Аллоҳнинг ғазабини келтириб қўйишдан Ўзи асрасин.

Аллоҳнинг ғазабини келтирмаслик учун нима қилишимиз лозим? Отамизни ҳеч хафа қилмаслигимиз керак. Ота-онага қаттиқ овоз билан гапириш, уларнинг гапларини қайтариш – гуноҳ. Ота-онанинг олдида «уҳ» тортиш асло мумкин эмас. Кимки билмасдан уларни хафа қилиб қўйса, дарҳол кечирим сўраб олсин. Истиғфор айтиб, Аллоҳга тавба қилсин.

Ота-онадан кечирим сўраганда уларнинг кўзларига тик қарамасдан ерга қараб турилади. Улар насиҳат қилишса, жим туриб эшитилади ва «Хўп бўлади!» деб жавоб қайтарилади.

Хулосалар:

  1. Ота бўлмаса бола ҳам бўлмас эди. Аллоҳ таоло отани оилага раҳбар қилиб қўйган. Ота кўп яхшиликларга сабабчи бўлади.
  2. Мусулмон бола (қиз) отаси ва онаси рози бўладиган ишларни қилади. Агар ота (она) боладан рози бўлса, у боладан Аллоҳ ҳам рози бўлади.
  3. Агар фарзанд ота-онасини хафа қилиб қўйса, дарҳол кечирим сўраши зарур. Акс ҳолда ундай инсондан Аллоҳ норози бўлади.