Бешинчи ҳадис: Илм олиш – ҳар бир боланинг вазифаси
Бешинчи ҳадис
Илм олиш – ҳар бир боланинг вазифаси
عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم:
طَلَبُ الْعِلْمِ فَرِيضَةٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَة.
Анас ибн Моликдан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Илм олиш ҳар бир мусулмон учун фарздир». (Ибн Можа ривоятлари).
* * *
Қадрли болалар, ўқиш-ёзишни ўрганиш, илмли бўлиш сизлар жуда ҳам муҳим иш. Нима учун, биласизларми? Мана ҳозир айтиб берамиз.
Илм олишнинг фойдалари ниҳоятда кўп. Айтган билан тугамайди. Аммо биз ҳозир илмнинг фойдаларидан фақат учтасини санаб ўтамиз, холос.
1. Илм олишга киришган бола Аллоҳ ва Пайғамбарни яхшироқ таний бошлайди. Уларнинг сўзларини бошқалардан кўра кўпроқ тушунади. Шунда яхшилик билан ёмонликнинг фарқини тўғри ажратадиган бўлади.
2. Илмли бола Қуръон ва ҳадисларда айтилган қиссаларни ўзи ўқийверади. Ҳамма биладики, болалар ажойиб қиссаларни эшитишни ва гапиришни яхши кўрадилар. У қиссалардан кўп фойда оладилар.
3. Исломий ва дунёвий билимлар ўқувчининг иймони ва ақлини ўстиради. Илмли бола ҳамма учун керакли инсонга айланади. Тез кунда иншоаллоҳ, устозларига ўхшаб, болаларга дарс бериши ҳам мумкин.
Эҳҳе, гапирсам, гап кўп. Илм олишнинг қандай яхши иш эканини иншоаллоҳ яқинда ўзинглар кўрасизлар. Шунинг учун яхшиси тезроқ дарс олишга бошлай қолинглар. Қуръонни равон ўқий оладиган, кўпгина сураларни ёддан биладиган бўлинглар. Суралар ва ҳадисларнинг маъноларини тушунишга ҳаракат қилинглар. Шунда ҳалоллик ва тўғриликка амал қиладиган бўласизлар.
* * *
Болалар, сизлар дунёвий фанларни ҳам яхшироқ ўрганишингиз керак. Чунки дунё илмларидан бехабар одам Исломга ҳам, ўзига фойда келтира олмайди. Бошқаларга юк бўлиб қолади. Замондан орқада қолиб кетади.
Аллоҳ ва Пайғамбаримиз буюрган илмлар икки хил бўлади. Биринчиси Ислом билимлари. Бунга тавҳид, Қуръон, ҳадис, фиқҳ, ахлоқ каби илмлар киради.
Иккинчиси ҳаёт учун фойдали дунёвий илмлар. Булар математика, тиббиёт, жуғрофия ва бошқалардан иборат. Мусулмонлардан турли хил касб-ҳунарларнинг устаси бўлиш ҳам талаб қилинади. Улар техника соҳасида ҳам илғор бўлишлари керак.
* * *
Энди дарс олишга қизиқмайдиган кимса ҳақида ҳам икки оғиз гапирайлик. Илм олмайдиган одамни саводсиз, жоҳил, дейилади. Жоҳиллик энг ёмон ишлардан бири. Ўқиш-ёзишни билмайдиган бола кўпгина яхшиликлардан қолиб кетади. Ўзига зарар келтирадиган ишларни қилиб қўяди.
Жоҳил одам Аллоҳга ҳам тўғри иймон келтира олмайди. Исломни тушунмайди. Ҳалол билан ҳаромнинг фарқига бормай гуноҳ ишларни қилиб қўяди. Илмсизлиги туфайли одамларга зулм ўтказади. Уни ҳамма ёмон кўради. Бундай одам дунёда жуда қийналиб кетади. Яхши ҳаётга эриша олмайди. Ўлгандан кейин дўзахга тушади. Илмсизликдан Аллоҳ таоло сизларни ҳам, бизни ҳам Ўзи арасин.
* * *
Меҳрибон пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг бахтли бўлишимизни истайдилар. Адашиб, нотўғри йўлларга кириб кетишимизни ҳеч хоҳламайдилар. Шунинг учун у зот бизни илм олишга буюрганлар.
Исломни тўғри тушунган кўпгина ота-оналар Расулуллоҳнинг буйруқларига амал қиладилар. Ўз болаларига ёшликдан бошлаб, иймон ва Исломдан таълим бера бошлайдилар. Ўқиш-ёзишни, ибодат қилишни ўргатадилар. Фарзандлари учун замонавий ўқув қуроллари ва китобларни олиб берадилар. Пул тўлаб бўлса ҳам уйларига ўқитувчи таклиф қиладилар. Бу жуда ҳам ибратли ва яхши одат. Бундай ҳаракатлар қисқа вақт ичида яхши натижалар беради. Биламиз, ичингизда аллақачон Қуръондан анча ёдлаб олган, араб ва инглиз тилларида гапирадиган бўлиб қолган болалар бор. Энди иншоаллоҳ, бундан буёғида ана шундай аълочи болалар кўпайиши керак.
* * *
Хулосалар:
- Мусулмон болалар дарс олишни яхши кўрадиган, доимо ўз илмларини ошириб борадиган ақлли ёшлар бўлишади.
- Илм олиш Аллоҳни танишдан, ўқиш-ёзишни машқ қилишдан ва ибодатни ўрганишдан бошланади. Сўнг дарслар икки хил йўналишда давом этади: исломий ва дунёвий.
- Ҳар битта бола ва ҳар бир қиз ёшлигидан бошлаб илм олишга бошлаши керак.
Podcast: Play in new window | Download