Тўртинчи ҳадис: Энг яхши бола – Қуръон ўқийдиган бола!

Тўртинчи ҳадис

Энг яхши бола  Қуръон ўқийдиган бола!

عَنْ عُثْمَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم:

خَيْرُكُمْ مَنْ تَعَلَّمَ الْقُرْآنَ وَعَلَّمَهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِي.

Усмон разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганган ва бошқаларга ўргатганларингиздир». (Бухорий ривоятлари).

* * *

Азиз болажонлар! Қуръони карим – Аллоҳ таолонинг каломи (сўзи). У муқаддас китоб. Қуръони каримни Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссалом орқали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга осмондан тушурган. Аллоҳ Расулуллоҳга Қуръонни ҳамма одамларга етказишни буюрган.

Одамлар ёзган китобларда хатолар учрайди. Аммо Аллоҳнинг китобида биронта ҳам хато бўлмайди. Чунки Аллоҳ ҳамма нарсани олдиндан биладиган Зотдир. У билмайдиган ҳеч нарса йўқ. Аллоҳ айтган сўзларнинг ҳаммаси тўғри бўлиб чиқади.

* * *

Қуръони каримда нималар ёзилган? Қуръони каримда одамлар аввало Аллоҳга иймон келтириб, фақат Унга ибодат қилишлари кераклиги ёзилган. Қуръон Расулуллоҳнинг айтганларини бажаришга, ота-онани рози қилишга, қариндошлар билан яхши алоқада бўлишга чақиради. Дунёда яшаётган одамларга яхшилик қилиш ҳам Қуръоннинг буйруғи.

Энг яхши ахлоқ ва одоб қоидалари Қуръондан келиб чиққан. Шунинг учун Қуръонни ўқиб, унга амал қиладиган болалар энг яхши болалар бўладилар.

* * *

Бу олам қаердан пайдо бўлган? Табиат қонунлари қандай амал қилади? Одам қандай яратилган? Биздан аввал қанақа халқлар ва пайғамбарлар яшаганлар? Қадимда нима воқеалар содир бўлган? Келажакда қандай ҳодисалар рўй беради? Бу дунёда қандай ҳаёт кечириш керак? Бу саволларнинг ҳаммасига Қуръонда жавоб берилган. Яна кимда қандай савол бўлса, ҳаммасига Қуръондан жавоб топилади. Билишни хоҳлаган одам албатта Қуръонни ўқийди.

Аллоҳнинг китоби ҳамма зарур илмларни ўзида жамлаган. Барча китоблардаги фойдали илмлар Қуръоннинг маъноларидан олинган бўлади. Шу сабабли Қуръонни «Китобларнинг онаси», деб айтилади. Ислом динини ва ҳаётни яхши билмоқчи бўлган одам Қуръонни чуқур ўрганиши лозим.

* * *

Болалар, Қуръондан энг биринчи тушурилган сўз нима, биласизларми? Қуръондан энг биринчи тушурилган сўз «Иқраъ!» бўлган. «Иқраъ» «ўқи!» дегани. Қуръони карим мусулмонларни китоб ўқишга буюрган.

Ким Қуръонни кўп ўқиб-ўрганса, илми ошиб, иймони кучайиб боради. Ақли чархланиб, тажрибаси ортаверади. Шунинг учун Пайғамбаримиз Қуръонни ўрганган ва бошқаларга ўргатган одамларни мақтаганлар.

Қуръон тиловат қилинадиган уйга Аллоҳнинг нури ёғилиб туради. Фаришталар у уйга ҳар куни бир неча марта келиб кетадилар. Шу уйда яшайдиган одамларга ёрдам берадилар ва дуо қиладилар.

Қуръон ўқийдиган боланинг савоблари кўпайиб, ишлари ҳам юришиб кетади. Уни Аллоҳ ҳам, фаришталар ҳам, мусулмонлар ҳам яхши кўрадилар.     

* * *

Хулосалар:

  1. Қуръони карим – Аллоҳ таолонинг сўзи. Уни Аллоҳ осмондан Жаброил алайҳиссалом орқали Расулуллоҳга тушурган ва ҳамма одамларга етказишни буюрган. 
  2. Қуръон инсонларга бахтли ҳаёт йўлини кўрсатади ва келажакда бўладиган ишлар хақида хабар беради.
  3. Ҳамма фойдали илмлар Қуръондан бошланади. Қуръонни ўрганиб, бошқаларга ўргатган, унга амал қилган болалар энг яхши болалар бўладилар.