Учинчи ҳадис: Расулуллоҳнинг айтганларини бажарамиз

Учинчи ҳадис

Расулуллоҳнинг айтганларини бажарамиз

عَنْ أَبيِ هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم:

ما أَمَرْتُكُمْ بِهِ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَيْتُكُمْ عَنْهُ فَانْتَهُوا. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَة.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мен сизларга нимани буюрган бўлсам, бас ўшани олинглар, сизларни нимадан қайтарган бўлсам, бас ундан қайтинглар». (Ибн Можа ривоятлари).

* * *

Биз ўтган ҳадислардан биламизки, Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ер юзига элчи қилиб юборди. У кишига Ислом динини ўргатди ва бу динни одамларга етказишни буюрди. Пайғамбаримиз Аллоҳнинг буйруғини тўлиқ бажардилар. Аллоҳнинг дини Ислом қандай бўлса, уни ўшандоғича халққа етказдилар. Исломдан бирон нарсани камайтирмадилар. Ёки унга ўзларидан бирон нарса қўшмадилар.

Пайғамбаримиз бизга нимани буюрган бўлсалар, ўша ишни Аллоҳ буюрган бўлади. Аллоҳ буюрган ишни фарз дейилади. Фарзни бажарган одамга савоб, бажармаганга гуноҳ ёзилади. Шунинг учун Пайғамбаримиз: «Мен сизларга нимани буюрсам, бас ўшани қилинглар», деб айтдилар.  Расулуллоҳ бизга нимани буюрган бўлсалар, ўша иш албатта фойдали бўлади. У иш бизнинг кўнглимизга ёқмаса ҳам қилаверишимиз керак.

Расулуллоҳ бизни нимадан қайтарган бўлсалар, ўша ишдан Аллоҳ ҳам қайтарган бўлади. Аллоҳ ва Расулуллоҳ қайтарган ишни ҳаром деб айтилади. Ҳаром иш жуда ҳам зарарли бўлади. Ким ҳаром ишни қилса, гуноҳга ботади. Шу сабабли Расулуллоҳ: «Мен сизларни нимадан қайтарсам, бас ўшандан тўхтанглар», деганлар. Пайғамбар алайҳиссалом бизни нимадан қайтарган бўлсалар, ўша ишни ташлашимиз шарт. Агар ўша нарса бизнинг нафсимизга ёқиб турган бўлса ҳам уни қилмаймиз. Чунки пайғамбаримиз қайтарган ишларнинг ҳаммаси зарарлидир. 

* * *

Исломда Аллоҳнинг буйруқларидан ташқари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши кўриб қилган кўпгина ишлар ҳам бор. Ундай ишларни суннат, деб айтилади. Аллоҳ Расулуллоҳнинг суннатларини жуда яхши кўради. Суннат амалларни қилганларга ҳам кўп мукофотлар беради.

* * *

Ҳамма биладики, шайтон – одамларнинг душмани. У болаларга зарарли ишларни ўргатади. Одамларни ҳаром ишларни қилишга қизиқтиради. Фойдали йўллардан қайтаради. Шайтон эркагу аёлни алдаб, дўзахга олиб кетишга ҳаракат қилади. Аллоҳ ва Расулуллоҳнинг айтганларини қилмасликка буюради. Аммо яхши одамлар ва ақлли болалар шайтоннинг айтганини қилмайдилар. Кимнинг айтганларини қиладилар? Аллоҳ ва Расулуллоҳнинг айтганларини қиладилар.

Бу дунёда Расулуллоҳни яхши кўрган, у кишига итоат қилган инсон бахтли инсондир.

Расулуллоҳнинг айтганларини қилмаган одам эса гуноҳкор бўлади. Унинг умри бахтсизлик билан ўтади. Қиёмат куни қаттиқ азобга қолади. 

Биз Пайғамбаримизнинг айтганларини бажаришга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун у кишининг ҳадисларини ўқиб ўрганамиз.

* * *

Хулосалар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга нимани буюрган бўлсалар, ўша ишни Аллоҳ буюрган. Расулуллоҳ бизни нимадан қайтарган бўлсалар, ўша ишдан Аллоҳ қайтарган.

2. Аллоҳ ва Расулуллоҳ буюрган ишларнинг ҳаммаси фойдали, улар қайтарган ишларнинг ҳаммаси зарарлидир.

3. Расулуллоҳнинг айтганларини қилган одамни Аллоҳ жаннатга киритади. Пайғамбаримизнинг сўзларини рад этган одамни дўзахга ташлайди.