Иккинчи ҳадис: Ота-онадан ҳам меҳрибон инсон

Иккинчи ҳадис

Отаонадан ҳам меҳрибон инсон

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم:

لا يُؤْمِنُ أََحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَلَدِهِ وَوَالِدِهِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ.

رَوَاهُ النَّسَائِي.

Анас ибн Моликдан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизларнинг ҳеч бирингиз то мен унга боласидан ҳам, отасидан ҳам, жамики одамлардан ҳам севимлироқ бўлмагунимча мўмин бўла олмайди».  (Насоий ривоятлари).

* * *

Дунёда ота-онадан ҳам меҳрибон инсон бўладими? Ҳа бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар учун ота-онадан ҳам кўра меҳрибонроқ бўлганлар.

Ота-онамиз бизни боқиб катта қиладилар, тарбиялайдилар. Зарарли нарсалардан ҳимоя қиладилар. Бизга яхши нарсаларни олиб келадилар. Шунинг учун биз ота-онамизни жуда яхши кўрамиз. Аммо яхшироқ ўйлаб қарасак, Расулуллоҳ бизга ота-онамиздан ҳам кўпроқ яхшилик қилган эканлар. Қандай қилиб? Мана эшитинг.

* * *

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга Ислом динини ўргатганлар. Ота-оналарга ўз болаларига яхшилик қилишни буюрганлар. Ота-онамиз Расулуллоҳнинг сўзларини ва Ислом қоидаларини билиб олишгани учун бизга доимо яхшиликлар қилишаяпти. Агар Расулуллоҳ бўлмаганларида ота-онамиз Исломни билмаган бўлардилар. Бизга ҳам кўп яхшилик қила олмас эдилар. Ана кўрдингизми? Яхшиям Расулуллоҳ бўлган эканлар-a!? Шунинг учун биз энг аввал Расулуллоҳни, кейин ота-онамизни яхши кўрамиз.

Расулуллоҳ ҳамма одамларни бахтли ҳаёт йўлига бошлаганлар. Одамлар турмушини осон қиладиган ишларни буюрганлар. Дунёдаги ёмонликлардан сақланиш йўлларини ўргатганлар. Қиёмат куни бўладиган азоблардан қандай қутулиш мумкинлигини айтиб берганлар. Бизни ҳам, ота-онамизни ҳам жаннатга киришимиз учун жуда кўп ишларни қилиб кетганлар.

Ота-онага яхшилик қилиб, уларнинг дуоларини олишни ҳам бизга Расулуллоҳ ўргатганлар. Агар Пайғамбаримиз бўлмаганларида биз ота-онамизни ва катталарни қандай ҳурмат қилишни била олмас эдик.

* * *

Сиз агар ҳаётга қарасангиз, бир нарсани аниқ кўрасиз: Расулуллоҳнинг сўзларини эшитмаган болалар ота-оналарини яхши ҳурмат қила олмаяптилар. Расулуллоҳнинг ҳадисларини эшитмаган ота-оналар ҳам ўз болаларига кўп яхшилик қила олмаяптилар. Болаларига Ислом динини ўргатмаяптилар.

Аллоҳ ва Расулуллоҳнинг айтганларини қилаётган ота-оналар эса ўз ўғил-қизларига Қуръон ва ҳадисларни ўргатаяптилар. Болаларининг бахтли бўлиши учун ҳамма ишларни қилаяптилар. Шунинг учун биз Муҳаммад алайҳиссаломни ота-онамиздан ҳам кўра кўпроқ яхши кўрамиз. Ота-онамиз ҳам аввал пайғамбаримизни, кейин бизни яхши кўришади.

Кимки бу дунёда Расулуллоҳни қаттиқ яхши кўриб қолса, бахтли инсонга айланади. Вафот этгандан сўнг албатта жаннатга киради ва у ерда Расулуллоҳ билан бирга бўлади.

* * *

Хулосалар:

  • 1. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сабабли тўғри йўлни топадилар, ёмон ишлардан сақланадилар.
  • 2. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам болаларга ҳаммадан кўра кўпроқ меҳрибондирлар.
  • 3. Ҳар битта бола Расулуллоҳни ота-онасидан ҳам кўпроқ яхши кўриши керак.