Биринчи ҳадис: Жаннат калити бўлган калима

Биринчи ҳадис

Жаннат калити бўлган калима

عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم:

مَنْ شَهِدَ أَنْ لا إِلَهَ إِلا اللهُ، وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ

 مُخْلِصًا مِنْ قَلْبِهِ، دَخَلَ الْجَنَّةَ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ والْبَيْهَقِيُّ.

Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Кимки «Аллоҳдан бошқа ҳеч бир худо йўқ, МуҳаммадАллоҳнинг элчиси!» – деб чин қалбдан гувоҳлик берса, жаннатга киради«. (Табароний ва Байҳақий ривоятлари).

* * *

Азиз болалар! Бу ҳадис бизга учта нарса ҳақида хабар бермоқда:

1. Ҳақиқий Худо фақат Аллоҳ таолодир.

2. Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг бу оламга юборган элчисидирлар.

3. Аллоҳ ва Расулуллоҳга иймон келтирган одам албатта жаннатга киради.

* * *

Болалар, Худо деб, нимага айтилади, биласизларми? Худо (ёки Илоҳ) деб одамлар ибодат қиладиган Зотга айтилади.

Ибодат нима дегани? Аллоҳ яхши кўрадиган ишни Аллоҳ айтгандек қилиб бажаришни ибодат, деб айтилади. Дуо, рукуъ, сажда, намоз, қурбонлик, садақа, ҳаж каби ишлар ибодатга мисолдир. Қадимда адашган одамлар билмасдан ҳар хил нарсаларга ибодат қилганлар. Аммо иймон келтирган ва илм олган одамлар эса якка Аллоҳга ибодат қилганлар.

Биз яхши биламизки, бу олам ва ундаги ҳамма нарсани Аллоҳ яратган. Бизни ҳам Аллоҳ яратган. Демак, борлиқнинг ва одамларнинг Худоси якка Аллоҳдир. Аллоҳдан бошқа ҳеч бир худо йўқ. Ундан бошқа ҳеч нарсага ибодат қилиб бўлмайди. Ибодатни фақат Унга қилиш лозим.

* * *

Аллоҳ одамларга тўғри йўлни кўрсатиш ва яхши ишларни ўргатиш учун пайғамбарлар юборган. Пайғамбарни Расулуллоҳ, деб айтилади. Расулуллоҳ Аллоҳнинг элчиси дегани бўлади. Аллоҳ юборган элчиларнинг энг охиргиси Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар ичида энг ақлли киши бўлганлар. Аллоҳ Ўзининг буйруқларини одамларга Муҳаммад алайҳиссалом орқали юборган. У зот инсонларга ҳамма яхшиликларни ўргатганлар. Ҳалқни жамики ёмонликдан қайтарганлар.

* * *

Аллоҳ одамларни Ўзига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтиришга буюрган. Иймон келтириш ишониш дегани.

Ақлли ва яхши одам албатта Аллоҳ ва Расулуллоҳга иймон келтиради. Иймон келтирган одам чин қалбидан «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб айтади. Кимки Аллоҳ ва Расулуллоҳга иймон келтирса, у якка Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилади. Расулуллоҳнинг буйруқларини доимо бажариб юради. Бундай инсон дунёда бахт-саодат билан умр кечиради. Охиратда албатта жаннатга киради.

* * *

Хулосалар:

1. Ибодат қилинишга лойиқ зот Аллоҳдир. Аллоҳдан бошқа ҳеч қандай худо йўқ. Биз Аллоҳга иймон келтирамиз ва фақат Унга ибодат қиламиз.

2. Аллоҳ бизга ҳамма яхшиликларни Муҳаммад алайҳиссалом орқали ўргатган. Биз Расулуллоҳга иймон келтирамиз ва итоат қиламиз.

3. Аллоҳ ва Расулуллоҳга иймон келтирган одам албатта жаннатга киради.