Сўз боши

  Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

СЎЗ БОШИ

Ассалому алайкум, қимматли болажонлар, азиз қизалоқлар! Бугун сизлар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ўрганишга киришамиз. Сизларни ҳадислар гулбоғига сайр қилишга таклиф этамиз.

Болалар, ҳадис деб нимага айтилади, биласизларми? Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтган сўзларини ҳадис, дейилади. Яна саҳобалар пайғамбаримизнинг хулқу одоблари ҳақида ҳам жуда кўп ҳикоялар айтиб беришган. У зотнинг бажарган ишлари ҳақида ривоятлар қилишган. Ана ўша ҳикоя ва ривоятларга ҳам ҳадис, деб айтилади. Ҳадислар сиз билан бизга ҳар куни керак бўладиган муҳим қоидаларни ўз ичига олади. Биз сизлар билан биргаликда ўрганадиган ҳадисларни машҳур китоблардан олганмиз. Ёдлашингиз осон бўлиши учун фақат қисқа ҳадисларни танлаганмиз. Маъноларини яхши тушунинг, деб, кенгайтириб, шарҳлаб ҳам берганмиз. Шундай қилиб сизлар – Аллоҳнинг ёрдами билан – тез кунда жуда кўп ҳадисларни маънолари билан ёдлаб оласизлар. Кейин уларни ота-оналарингиз ва ўртоқларингизга айтиб берасизлар. Ҳадис ёдлашдан мусобақа қиласизлар. Ўқиган ҳадисларингизга доимо амал қилиб юрасизлар. Шунда албатта бахтли ўғил-қизлар бўласизлар, иншоаллоҳ. Мана энди ҳадислар гулзорига марҳамат қилинглар!