Ота-оналар ва мураббийларга
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳ.
Маълумки, Ислом динимизнинг асосини ташкил қиладиган биринчи манба Қуръони карим бўлса, иккинчи асос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари ва суннатларидир. Ҳадислар Қуръони каримнинг шарҳи ва Ислом динимизнинг амалий дастури бўлиб хизмат қилади. Биз Қуръони каримга ва Исломга қандай амал қилишни Расулуллоҳнинг ҳадислари асосида ўрганамиз.
Ҳадислар ёшларимиз ва фарзандларимизнинг таълим ва тарбиясида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Расулуллоҳнинг сўзларида катталар ҳаётининг ҳам, болалар ҳаётининг ҳам барча қирраларига бевосита дахлдор қимматли насиҳат ва кўрсатмаларни топамиз. Шуларни ҳисобга олган ҳолда биз ота-оналар ва болаларга «Ҳадислар гулбоғи» номли тўпламни тақдим этаяпмиз. Бу иш учун Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар, Расулуллоҳга салавоту дуолар йўллаймиз.
Биз ушбу ҳадисларни танлаш ва тартиблашда аввало мазмунга, сўнг шаклга эътибор бердик. Мақсад – ҳадисларни ўрганиш ва уларни ёд олиш осон бўлсин. Шунинг учун тўпламга киритилган ҳадисларнинг матни қисқа ва ўқилиши енгилдир. Шу билан бир қаторда тўпламдаги ҳар битта ҳадис болалар тилида ва уларнинг тушунчасига мос равишда қисқа шарҳланган. Шарҳлар ўқувчиларнинг ҳадисларни ёд олиш билан бирга уларнинг мазмунини гапириб беришга ҳам ўргатади. Болаларимизнинг нутқини ўстиради.
Мазкур ҳадислар Саҳиҳи Бухорий, Саҳиҳи Муслим каби мўътабар китоблардан териб олинган. Яна Абу Довуд, Термизий ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган ҳадислардан ҳам фойдаланилган ва уларнинг саҳиҳлиги текширилган.
Ота-оналар ва мураббийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ўгитларини ўғил-қизларга ўргатиш ва ёдлатиш асносида иншоаллоҳ ўзлари ҳам ёдлаб олишлари мумкин.
Биз бу режани аслида бир неча йил аввал бошлаган ва болалар учун қирқ ҳадис тарзида чиқаришни ният қилган эдик. Аммо бу режамизни тўлиқ амалга оширишга ҳали эриша олмадик. Шундай бўлса ҳам орада яна ҳам кўп вақт ўтиб кетмасин, деб тайёр бўлган ҳадисларни оммага эълон қилишни лозим топдик. Биродарлар бу ишимизни муваффақият билан охирига етказишни Аллоҳдан сўраб дуо қиладилар, дея умид этиб қоламиз.
Podcast: Play in new window | Download