Фитнали кунларда бир-бирига ёрдам

ISLOM OVOZI

Ўшдан мактуб

(2010 йил 9 июл)

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Азиз мўмин ва мўминалар, бизнинг сизларга мурожаат қилишимизнинг сабаби – шу кунларда мусулмонларга дардимизни айтсак, ичимиздагиларни гапирсак, улар бизга далда бўлишса, саҳифалар орқали танишсак, деб Аллоҳдан сўраб дуо қилиб ўтирибмиз. Шундай кунларда мусулмонларнинг қалбларини яқинлаштирган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин ва доим бир-биримизга муҳаббатли қилсин. Ер юзидаги жамики мусулмонларни бирлаштирсин. Биз мудҳиш фожеаларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Баъзи мусулмонман деб даъво қилганлар бошқа ниқобни кийишиб, арзон сотилиб, мусулмонларнинг жонига қасд қилди. Ёрдам фақат Аллоҳдан. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло барчамизни бирлаштирсин.

Савол ўрнида – айтингларчи бундай воқеаларни эшитган, билган мусулмонлар ҳеч бўлмаса бир-бирлари билан алоқага чиқиб, бирлашадиларми ёки кўриниб қолишликдан қўрқиб, яширин шивирлашиб юраверадиларми? Ахир, мусулмонлар бир-бири билан ака-укадирлар.

Юборилаётган ёрдамларни кимлар олишаётганини кўрмаяптилар, ҳаттоки бошқа дин эгалари ўзим етказай деб турганда ҳақни таниган мусулмонлар қайда юришибди?! У ердаги фитналар остида қолган, уйи куйган, фарзандини йўқотган, ота-онасидан айрилган мусулмонлар Аллоҳдан сабр сўраб, кутишдан бошқа иложи йўқ экан. Ҳаммамизни Аллоҳ муҳаббатли қилсин, амин. Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Муслим ўғли Абдуллоҳ.

 

Шайх Обидхон қори жавоблари:

Дарҳақиқат, инсондан инсонинг фарқи бошига иш тушганда билинади. Дўстлик қийин кунда синалади. Кимдир оғир кунларда ўз тинчини бузиб, ҳузур ҳаловатидан кечиб, одамларга ёрдам беришга шошилади. Кимдир худбин ва қўрқоқ бўлади. Қийин кунларда виждонини ютиб, фақат ўзини ўйлайди, холос. Бошқа билан иши бўлмайди. Бундай пайтда одамлардан барака ва нусрат кетади.

 

Бир-бирига ёрдам Аллоҳнинг нусратини келтиради

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:

«مَنْ نَفَّسَ عَنْ مُؤْمِنٍ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الدُّنْيَا نَفَّسَ اللَّهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ وَمَنْ يَسَّرَ عَلَى مُعْسِرٍ يَسَّرَ اللَّهُ عَلَيْهِ فِى الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ وَمَنْ سَتَرَ مُسْلِمًا سَتَرَهُ اللَّهُ فِى الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ وَاللَّهُ فِى عَوْنِ الْعَبْدِ مَا كَانَ الْعَبْدُ فِى عَوْنِ أَخِيهِ وَمَنْ سَلَكَ طَرِيقًا يَلْتَمِسُ فِيهِ عِلْمًا سَهَّلَ اللَّهُ لَهُ بِهِ طَرِيقًا إِلَى الْجَنَّةِ وَمَا اجْتَمَعَ قَوْمٌ فِى بَيْتٍ مِنْ بُيُوتِ اللَّهِ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَيَتَدَارَسُونَهُ بَيْنَهُمْ إِلاَّ نَزَلَتْ عَلَيْهِمُ السَّكِينَةُ وَغَشِيَتْهُمُ الرَّحْمَةُ وَحَفَّتْهُمُ الْمَلاَئِكَةُ وَذَكَرَهُمُ اللَّهُ فِيمَنْ عِنْدَهُ وَمَنْ بَطَّأَ بِهِ عَمَلُهُ لَمْ يُسْرِعْ بِهِ نَسَبُهُ».

(رواه مسلم)

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Кимки бир мўминдан дунё машаққатларидан бирини кеткизса, Аллоҳ ундан Қиёмат кунининг машаққатларидан бирини кеткизади. Кимки бир қийналганга енгиллик яратиб берса, Аллоҳ унга бу дунёда ва Охиратда енгиллик яратади. Кимки, бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ бу дунёда ва Охиратда унинг ҳам айбини яширади. Модомики банда биродарининг ёрдамида бўлар экан, Аллоҳ ҳам у банданинг ёрдамида бўлади. Кимки илм қидириб йўлга тушса, Аллоҳ унга шу туфайли жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида йиғилиб, Унинг китобини тиловат ва ўзаро дарс қилсалар, уларга хотиржамлик нозил бўлади, уларни раҳмат чулғаб олади, малоикалар ўраб туришади ва Аллоҳ ўзининг ҳузуридагиларга улар ҳақида зикр қилади. Кимнинг амали уни орқага сурган бўлса, насаби уни олдинга торта олмайди”.

(Муслим ривоятлари).

Бу ҳадис мусулмонларни ёрдамга муҳтожларга ёрдам беришга, Аллоҳ йўлида илм билан ҳаракат қилишга даъват қилаяпти. Мусулмонларга Аллоҳнинг ёрдами қандай йўллар орқали келишини кўрсатаяпти.

“Кимки бир мўминдан дунё машаққатларидан бирини кеткизса, Аллоҳ ундан Қиёмат кунининг машаққатларидан бирини кеткизади”. Қиёмат кунининг машаққатлари бу дунёники каби эмас. Дунёнинг уқубатлари Қиёмат азоблари олдида ҳеч нима бўлмайди. Дунёда қилган ҳар бир ёрдамингиз учун Охиратда биттадан машаққат сиздан даф этилар экан, одамларга қанча кўп ёрдамингиз тегса, ўзингиз учун шунча кўп яхшиликдир.

Мусулмон мусулмоннинг биродари

 عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:

«لاَ تَحَاسَدُوا وَلاَ تَنَاجَشُوا وَلاَ تَبَاغَضُوا وَلاَ تَدَابَرُوا وَلاَ يَبِعْ بَعْضُكُمْ عَلَى بَيْعِ بَعْضٍ وَكُونُوا عِبَادَ اللَّهِ إِخْوَانًا. الْمُسْلِمُ أَخُو الْمُسْلِمِ لاَ يَظْلِمُهُ وَلاَ يَخْذُلُهُ وَلاَ يَحْقِرُهُ. التَّقْوَى هَا هُنَا». وَيُشِيرُ إِلَى صَدْرِهِ ثَلاَثَ مَرَّاتٍ «بِحَسْبِ امْرِئٍ مِنَ الشَّرِّ أَنْ يَحْقِرَ أَخَاهُ الْمُسْلِمَ كُلُّ الْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمِ حَرَامٌ دَمُهُ وَمَالُهُ وَعِرْضُهَُا».

(رواه مسلم)

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, ҳийла ишлатмангиз, ўзаро нафрат уруғини сочмангиз, бир-бирингизга тескари бўлиб кетмангиз, бирингиз бошқангизнинг савдоси устига савдо қилмасин, Аллоҳнинг ака-ука бандалари бўлингиз. Мусулмон мусулмоннинг акаси (ёки укаси) – унга зулм қилмайди, уни ўз ҳолига ташлаб қўймайди, таҳқирламайди. Тақво мана бу ерда”. Шундай деб кўкракларига уч марта ишора қилдилар. “Инсоннинг ўз мусулмон биродарини таҳқирлаши унинг ёмонлигига кифоядир. Ҳар бир мусулмоннинг қони, моли ва шаъни бошқа мусулмон учун ҳаромдир!”.

(Муслим ривоятлари).

Ҳасад, макр, ўзаро нафрат ва душманлик ака-укалар ўртасида қандай ҳаром бўлса, миллатлар ўртасида ҳам шундай. Бир миллат бошқасини таҳқирлаши унинг ўзи учун ёмонлик бўлиб қайтади. Ўш ва Жалол-ободда бўлган воқеаларнинг негизи миллатчиликда эмас эди. Ислом душманлари, мусулмонларнинг ғанимлари, эркинлик душманлари миллатчиликдан фойдаландилар, холос. Ана ўшандай ёвуз кимсалар қўлида ўйинчоқ ва қурол бўлиб қолмаслик учун инсонлар миллатчилик касаллигидан халос бўлишлари, ўзаро ака-укалик муносабатларини сақлашлари, ҳасад ва макрдан, зулмдан узоқ бўлишлари даркор.

 

Зулмни даф этиш – фарз

Зулм – Ислом динимизда жуда қаттиқ қораланган гуноҳ. Зулм билан ширк бир-бирига алоқадор тушунчалардир.

Ислом динининг оламга юборилишида инсониятга тегишли беш нарсани ҳимоя қилиш мақсади кўзда тутилган. Буларни фиқҳ китобларида “Шариат мақсадлари” деб айтилади. Улар: дин, жон, насл, мол ва ақлдир. Бу айтилган нарсалар диннинг ҳам, дунёнинг ҳам сақланиши ва давом этиш шарти ҳисобланади. Зулм эса мана шу нарсаларга қарши ҳужум ва тажовуздир. Зулм шариат мақсадларига қарши ҳужум экан, у инсоният манфаатларига қарши ҳаракатга айланади. Мусулмонлар бундай жиноятга бепарво бўлишлари мумкин эмас.

Қирғизистонда содир этилаётган даҳшатли зулмни тўхтатиш ва қонхўр миллатчилик кайфиятларини йўқ қилиш йўлида жуда кўп мусулмонлар, инсон ҳуқуқи фаоллари, журналистлар ва оддий одамлар ғайрат ва шижоат кўрсатганларини эсга олиш даркор. Мазлумларга ёрдамларни дунё бўйлаб ўзбеклар ҳам, бошқа миллатлар ҳам, мусулмонлар ҳам, бошқа диндагилар ҳам ташкил қилмоқдалар, аҳлҳамдулиллоҳ. Уларнинг қилган ва қилаётган ишлари айни Ислом дини олқишлаган ва буюрган ишлардандир.

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ :

«انْصُرْ أَخَاكَ ظَالِمًا أَوْ مَظْلُومًا فَقَالَ رَجُلٌ يَا رَسُولَ اللَّهِ أَنْصُرُهُ إِذَا كَانَ مَظْلُومًا أَفَرَأَيْتَ إِذَا كَانَ ظَالِمًا كَيْفَ أَنْصُرُهُ قَالَ تَحْجُزُهُ أَوْ تَمْنَعُهُ مِنْ الظُّلْمِ فَإِنَّ ذَلِكَ نَصْرُهُ».

(رواه البخاري)

Анас разяллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Биродарингга у хоҳ золим бўлсин, хоҳ мазлум бўлсин ёрдам бер”. Шунда бир одам сўради: “Эй Расулуллоҳ, у мазлум бўлса ёрдам бераман, айтингчи, золим бўлса қандай ёрдам бераман?” Расулуллоҳ дедилар: “Уни зулмдан тўсасан ёки тиясан, ана шу унга ёрдаминг бўлади”.

(Бухорий ривоятлари).

Зулмни даф этиш йўллари турличадир ва ҳар бирининг алоҳида ўрни бор. Бирининг ўрнини бошқаси босмайди.

Сиз ўзингиз ҳам, биз ҳам ўша мусулмонлардан биримиз. Қайғуришингиз учун Аллоҳ ажр берсин. Сизлар ҳам ҳаракатда давом этинглар, иншоаллоҳ биз ҳам. Қийналганларга ёрдамлар ташкил қилиш, келаётган ёрдамларни ўзбекларга ҳам етказишга ҳисса қўшиш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир.

Бугун савоб излаганлар учун савоблар мўл-кўл ёғилаётгани аммо баъзилар бундан узоқда қолаётгани ҳам бор нарса.

Қирғиз ҳукуматининг адолатсизлиги ва ўта пасткаш миллатчи экани дунёга борган сайин яна ҳам кўпроқ фош бўлиб бораяти. Бўлган қирғинларда қирғиз МХХси ва армияси бош бўлганлиги кўриниб қолди. Улар шунинг учун ҳам халқаро текширув ўтказишга қаршилик кўрсатмоқда. Буларнинг жазо оладиган вақти албатта келади. Сизлар унгача сабр матонат ва жасорат билан курашишларингиз керак.

Ҳар қанча қийин бўлмасин, ҳаракат қилинглар. Фитнага аралашиб қолмай деб бутунлай бекиниб олиш ёки жим туриш тўғри эмас. Зулмга қарши курашиш, уни даф этиш фарз. Муҳтожларга ёрдам бериш зарур. Инсон яхши ниятига ва тўғри ҳаракатларига яраша савоб олади. Агар одамларга ёрдам берамиз, деб қийинчиликка дучор бўлсангизлар, албатта сабр қиласизлар ва машаққатларни енгасизлар, бунга яна қўшимча ажрлар оласизлар, иншоаллоҳ.

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози каналини барчага улашинг, илм тарқатишда ҳиссангизни қўшинг, савобли амалингиз Қиёматгача давом этсин

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg