Сайловлар – Ислом нуқтаи назарида

Бўлимлар: 24. Сиёсат

Шайх Обидхон қори, Швеция
1431 ҳ. 22 ражаб (2010 м. 4 июл)

Сайловлар – Ислом нуқтаи назарида

(Таҳририятга шу кунларда Қирғизистонда бўлаётган сайловлар ҳақида саволлар келаяпти. Ана шу саволларга жавобан ушбу  маърузани қайта нашр қилиш ўринли деб билдик).

Савол:

Обидхон қори ака … Мени бир неча кундан бери бир савол қийнаяпти, у ҳам бўлса «Қирғизистондаги референдумга ўзбекларнинг қатнашиш ёки қатнашмаслиги ҳақида» сизга савол беришган эди. Шу саволга қайтарган жавобингизни мен тушуна олмадим. Аслида бу референдум янги конституцияни қабул қилиниши учун керак. Исломда бунақа конституциялар тоғут ҳисобланмайдими?! Мусулмон одам Аллоҳнинг шариатидан бошқа қонунларга мурожаат қилишдан қайтарилмаганми?! Қуръоннинг Нисо сурасидаги 60-65 оятлар айнан шу ҳақда эмасми? Бу оятлар бўйича шайх Абдували Мирзо ва шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қилган тафсирларини кўриб чиқдим. Шунинг учун ҳам сизнинг «референдумга бориш мумкин», деган жавобингизни тушуна олмаяпман. Албатта бу жавобни бирор ҳужжатга асосланиб айтган бўлсангиз керак, мени эса балки бунга илмим етмаётгандир. Илтимос, шу хатимга албатта жавоб берсангиз. Аввалдан катта раҳмат. Аллоҳ сиздан рози бўлсин.

Абдуллоҳ.

(АҚШ)

Жавоб: Динингиз аҳкомларини билишга бўлган интилишингиз учун Аллоҳ ажрлар ато қилсин. Сизнинг саволингизга тўғри ва қониқарли жавоб беришимиз учун мавзуни иккига ажратиб олишимиз керак, деб ўйлаймиз. Биринчиси – сайловлар масаласи. Иккинчиси – ноисломий жамиятлардаги сайловларга қатнашиш масаласи.

* * *

  • Сайловлар ўтказиш – ижтиҳодий масала;
  • Сайловлар ва тузумлар;
  • Бугунги сайловлар ҳақида икки хил фикр;
  • Юсуф алайҳиссалом ибратлари;
  • Фойда ва зарарни тўғри англай билиш;
  • Умумий манфаатлар йўлида;
  • Ҳимоя воситалари турлича;
  • Шайх Албоний: «Сиёсатдан аввал тарбия!»
  • Шайх Усаймин: «Сайловлар ўтказиш вожиб!»
  • Хулоса.

* * *

Сайловлар ижтиҳодий масаладир

Сайловлар Ислом динимиз нуқтаи назаридан айни бугунги кўринишда мажуд бўлмаган эса-да, моҳият ва мазмун жиҳатидан Қуръон ва ҳадис таълимотларига ҳеч қандай хилоф келмайди. Қайтага сайлов оят ва ҳадисларда буюрилган ҳар бир ишни ўзининг муносиб эгасига топширишга эришиш воситаларидан бири бўлар экан, буни рад этиш нотўғридир.

Сайлов амалиёти фиқҳ китобларида зикр этилган «ихтиёр» моддасига мувофиқ келади.

اخْتِيَارٌ. وَاصْطِلاَحًا : الْقَصْدُ إِلَى أَمْرٍ مُتَرَدِّدٍ بَيْنَ الْوُجُودِ وَالْعَدَمِ دَاخِلٍ فِي قُدْرَةِ الْفَاعِل بِتَرْجِيحِ أَحَدِ الْجَانِبَيْنِ عَلَى الآْخَرِ. (الموسوعة الفقهية الكويتية – (2 / 315).

«Ихтиёр. Бажариш имконияти мавжуд бўлгани ҳолда бажариш ёки тарк этиш орасида иккиланилган икки нарсанинг бирини иккинчисидан устун қўйишдир«. (Ал-мавсуа, 2/315).

Бу бобда ихтиёри (танлови) инобатга олинадиган одамнинг болиғ ва оқил бўлиши, унга ҳеч ким тазйиқ ўтказмаслиги, бу ишда шахс ёки жамоат манфаатларини ҳимоя қилиш кўзда тутилиши каби масалалар зикр қилинади.

Ҳозирги замон олимларининг сайловга берган таърифлари эса қуйидагичадир:

الانتخاب عملية يدلي فيها الناس بأصواتهم للمرشح، أو الاقتراح الذي يفضلونه. وتُجرى الانتخابات لاختيار المسؤولين في كثير من التنظيمات مثل الجمعيات والنقابات العمالية والنوادي الرياضية والاجتماعية، وكثير من المؤسسات العامة والخاصة. (الموسوعة العربية العالمية. «الانتخاب»).

«Сайлов одамлар ўзлари маъқул кўрган номзод ёки таклиф учун овоз берадиган амалиётдир. Сайловлар халқаро жамиятлар, қўмиталар, спорт ва ижтимоий клублар, оммавий ва махсус муаассасалар каби жуда кўп тузилмаларда масъулларни танлаш учун амалга оширилади«. (Катта араб қомуси, «Сайлов».)

Оят ва ҳадислар ҳамда уламоларнинг фикрлари билан танишар эканмиз, хулоса қилиб айтиш мумкинки, бугунги кун одамлари тушунчасидаги сайловлар ижтиҳодий масала бўлиб, унга ҳар бир юрт ва минтақа аҳолиси вазият ва шароит тақoзоси билан ўзларининг олимлари ва мутахассислари фикрига таянган ҳолда амал қилишлари мумкин…