“Ўзбеклар референдумга қатнашишлари керакми, йўқми?”
Савол: Қирғизистонда бўлаётган воқеалардан хабарингиз бор. Қирғиз ҳукуматига ҳам, ўзбек ҳукуматига ҳам, бошқасига ҳам ишонч қолмади. Ўлган ёки ўлдирилган билан иши йўқ буларни, эртага қиладиган референдуми билан овора. Яна айб қайтиб жабрланган ўзбекнинг устига тушаяпти. Домла, бу референдум ҳақидаги фикрингиз қандай? Ўзбеклар бу референдумга қатнашишлари керакми, йўқ? Ёнини олсанг ҳам, қарши турсанг ҳам айбдорсан барибир.
Абдулло.
Савол: Ҳурматли домла, Ўш ва Жалол-Ободдаги воқеалар борасида бериб бораётган маъруза ва тушунтиришларингиз учун катта раҳмат. Ўйлайманки, Қирғизистон жанубида бўлиб ўтган ва бўлаётган воқеалар ҳеч бир мусулмонни бефарқ қолдирмаётган бўлса керак. Бу воқеалар ва уларнинг натижаси ҳали кўп муддат Қирғизистон жанубида яшовчи ўзбеклар ҳаётида ўз аксини топса керак. Бу ҳолатдан чиқиш йўллари сифатида сиз нима маслаҳат берган бўлар эдингиз. Қолаверса 27 июнда ўтказилиши режа қилинаётган референдумда иштирок этиш масаласида қандай йул тутиш керак?
Ҳурмат ила мухлисингиз
Абдуллоҳ Тошкандий.
Жавоб: Ҳозирги кунда халқ учун ҳам, Қирғизистон ҳукумати учун ҳам, биз учун ҳам энг муҳим масала: Ўш, Жалол-обод ва унинг атрофларида тўла-тўкис тинчлик ва осойиштлик ўрнатилиши; ҳарбийларнинг ўзбек миллатига қарши ҳақоратли «тозалаш» ўтказишни бас қилиши; қатлиом азобини тортаётган юз минглаб оилаларни ҳам маънавий, ҳам моддий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш; икки миллат орасидаги совуқликка барҳам бериш ва ўзаро ишонч, бир-бирга ҳурмат руҳини тиклаш; вайрон қилинган уй-жойларни қайта қуриш.
Агар референдум мана шу мақсадни амалга ошириш учун зарур восита бўлиб хизмат қилади, деб ишонилса, бунга қўшилиш керак.
Қирғизистонда мустаҳкам тинчлик ўрнатилиши, ҳамма миллатлар учун баробар ўзини эркин ва тенг ҳис қила оладиган муҳит вужудга келтирилиши оддий халқ учун жуда ҳам улкан ютуқ. Мана шу ютуқ қирғизлар, ўзбеклар, уйғурлар, дунганлар, руслар ва бошқа миллатлар учун ҳам, Ислом уммати учун ҳам ниҳоятда қимматли нарса. Аммо бизнинг қўрқаётганимиз – халқ душманлари, эркинлик душманлари, мусулмонларнинг душманлари мана шуни яхши англайдилар ва шу тинчликка рахна солишга жон-жаҳдлари билан уринадилар. Улар учун ўзбек қириладими, қирғиз қириладими, бунинг аҳамияти йўқ, нима бўлса ҳам ўртада низо чиқаришни орзу қиладилар. Улар Қирғизистон қирғинида миллатчилардан фақат фойдаландилар, холос. Бу қирғиннинг устида турганлар аслида миллатчилар эмас. Уларнинг миллати ҳам, дини ҳам йўқ. Улар тинчлик, эркинлик ва озодлик душманларидир. Улар – тараққиёт ва эзгулик кушандалари. Улар миллат учун ҳам, Ислом учун ҳам энг хатарли унсурлар. Улар қирғиз ва ўзбекнинг мусулмон экани учун ҳам уруштиришга ҳаракат қилдилар. Улар шу мақсадда ҳар қанча қимматли нарсалар бўлса қурбон қилдилар: аёллар, болалар, молу мулк, ҳаттоки ғоялар. Буларда ҳеч қандай муқаддас нарса йўқ. Булар учун қадрли саналадиган нарса – на дин ва миллат ва на эркинлик ва на демократия! Бу қотиллар мана шу саналган нарсаларнинг ҳаммасини баробар ёмон кўрадилар. Акс ҳолда бир-бирларига: «Ғар бўл, ўғри бўл, инсоф билан бўл!» деган бўлар эдилар.
Эртанги куннинг тинчлиги аввало МХХ ва ҳарбийларнинг, ҳукуматдаги бакиевчи гуруҳларнинг ва атрофдаги режимларнинг ўзларини қандай тутишларига боғлиқ. Референдум воситаси билан давлат бошқарувида жиддий ўзгариш ясаш кўзланаётган экан, мазкур тўдалар буни ўз манфаатлари учун мос, деб қабул қила оладиларми ёки зид деб биладиларми? Референдумнинг тақдири ана шу саволнинг жавобида.
Иккинчи томондан, Қирғизистонда давлат ва ҳукумат бошқаруви қандай шаклга ўтмасин, халққа зулм ўтказаман, деган раҳбар учун йўллар топилавериши мумкин. Бошқарув тизимлари билан бирга раҳбарларнинг онги ва савиясида ҳам ўзгаришлар бўлиши зарур. Уларнинг дунёқараши, ахлоқи ва жамият ичидаги қатламлар билан муросасозлик санъати, тушунчаларининг миллатчилик иллатларидан соғломлиги муҳим аҳамиятга эга. Миллатчилик ва уруғчилик касали билан оғриган кадрлар «учинчи» кучларга осонгина таслим бўлади, қолади.
Биз эртага ўтказилиши мўлжалланган референдумнинг тинч ўтишига тилакдошмиз. Тинчлик сақланиши учун ҳисса қўшиш ҳар бир инсоннинг бурчидир.