Закотни Қирғизистондаги ўзбекларга юборса бўладими?
Савол: Ассаламу алайкум, Обидхон қори ака. Закотни Қирғизистондаги ўзбекларга юборса бўладими? Мумкин бўлса, уларга қандай қилиб закотни етказсак бўлади? Аллоҳ рози бўлсин.
Дурбек.
Жавоб: Аллоҳ таоло ниятингизга яраша ажрлар ато қилсин. Ўш, Жалолобод ва унинг атрофларида бандитлар ва ҳукумат аскарлари томонидан ҳужумга учраган, уйлари ёндирилган, мол-мулклари талон-тарож қилинган одамларнинг деярли ҳаммаси закотга лойиқ одамлардир, валлоҳу аълам. Чунки улар ҳовли-жойларидан, тижорат молларидан, тирикчилик воситаларидан, касбу корларидан маҳрум этилдилар.
Маълумки, закот олишга лойиқ табақаларни Аллоҳ таоло Тавба сурасида баён қилган:
{ إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاءِ وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيل اللَّهِ وَابْنِ السَّبِيل فَرِيضَةً مِنَ اللَّهِ وَاَللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ }. (سورة التوبة / 60).
Садақалар фақат фақирлар, мискинлар, садақа йиғишга масъул бўлганлар, қалблари Исломга мойил қилинаётган кишилар, тутқунликда қолаётганлар, қарздорлар, Аллоҳ йўлида ҳаракат қилаётганлар ва мусофирлар учундир. Бу Аллоҳ томонидан фарз қилинган амал. Аллоҳ ҳамма нарсани яхши билувчи, барча ишлари ҳикматли бўлган Зотдир. (Тавба, 60).
Қирғизистонда қатлиомга учраганларнинг оилалари, қариндошлари аввалда закот берадиган бойлар бўлган бўлсалар ҳам ҳозирда бу оятда таърифи келтирилган фақир ва мискинларга айланганлар. Демак, улар закотга муносибдирлар. Илло, агар уларнинг ичидан кимки, нисобга етадиган миқдорда пули ёки тижорат моли сақланиб қолган бўлса, у закот олмайди. Ўзининг пули ва молини ишлатади. Бироқ қаердадир моли ёки пули бор бўлса ҳам уни олиб ишлатишга умуман имконияти йўқ одам ҳам фақир ҳукмида бўлади. Ҳозирда айрим ҳудудларда жуда кўп одамларнинг оч ва муҳтож ҳолда ўлтирганлари, ризқ ахтариб кўчага чиқишнинг иложи бўлмаётгани айтилмоқда. Бундай инсонларга биринчи ўринда ёрдам берилиши лозим. Уйларига қайтаётган, яшаш шароитларини тузатишга ҳаракат қилаётган ёрдамга муҳтож одамларга хоҳ закот молидан бўлсин, хоҳ бошқа турдаги эҳсонлардан бўлсин мадад етказиш ҳаммамизнинг бурчимиздир.
Закот ва ёрдамларни қандай етказишга келсак, шуни айтишимиз мумкинки, ҳозирги кунларда алҳамдулиллоҳ жуда кўп шахслар, жамоалар ва ташкилотлар қўлларидан келганича ёрдамлар уюштирмоқдалар. Банк ҳисоблари очмоқдалар. Бу борада ҳар бир инсон ўзи турган шаҳар ёки мамлакатдаги хайрия ташкилотларига мурожаат қилиши мумкин. Чунки бугун Ўш ва Жалолобод қирғинидан хабар топмаган мамлакат ёки хайрия жамоаси қолмади. Ёрдамларни етказиш йўллари ҳақида Интернет орқали ҳам маълумотлар олиш мумкин.
Аллоҳдан мазлумларга ёрдам сўраймиз. Ёрдам қўлини чўзаётган инсонларга Яратган Зот ажр-савоблар ва куч-қувват ато айласин.