«Ўқиш, ўқиш ва яна ўқиш»
Савол:
Ленинни «Ўқиш, ўқиш ва яна ўқиш» деган сўзи мактаб давримиздаги асосий шиор бўлган. Пайғамбаримизга келган биринчи ваҳий уч марта «иқро» яъни, «ўқи» дейилди. Ленин Қуръондан хабардор бўлгани аниқ, менимча. Сиз нима деб ўйлайсиз?
Олдиндан раҳмат.
Жавоб:
Ҳа, Ленин «Худо йўқ» деб чиққан энг катта кофирлардан бири бўлиши билан бирга энг катта ўғрилардан бири ҳам бўлган.
Энг катта ўғирликларидан бири шу нарса. Аллоҳнинг каломидан ўзига ёққан баъзи жойларини ўғирлаб олган.
Аллоҳга кофир бўлиши етмагандай, У Зотнинг сўзини ўзининг сўзидек қилиб кўрсатишга уринган.
Аллоҳ таоло Буюк ва Ҳикматли Зотлиги учун ҳам, одамларга тавба қилишлари учун муҳлат беради, аммо ҳеч қачон эътиборсиз ташлаб қўймайди.
Ториқ сурасининг охирида айтганидек:
«13. Шак-шубҳасиз у (Қуръон ҳақ билан ботилни) ажратгувчи Сўздир. 14. У ҳазил (яъни, асоссиз, беҳуда сўз) эмасдир. 15. Албатта (кофирлар Муҳаммад алайҳис-саломга қарши турли) ҳийла-найранг қилурлар. 16. Мен ҳам бир ҳийла қилурман (яъни уларнинг ҳийла-найрангларига муносиб жазо берурман). 17. Бас, (эй Расулуллоҳ), сиз уларга озгина вақт-муҳлат беринг (яъни сиз бир оз шошмай туринг, майли улар бугун дину иймонга қарши қўлларидан келганини қилсинлар, яқинда қилмишларига яраша жазоларини албатта олурлар)!».
Аллоҳ таоло берган муҳлат тугаши билан кофиру золимлар шарманда бўладилар.
Мана бугун Лениннинг нақадар каззоб, ўғри ва қонхўр кимса бўлганлиги ҳаммага маълум ва машҳур. У ва унинг маслакдошлари қурган мафкура ва давлатларининг шармандаси чиқиб парча-парча бўлиб кетди.
Уларга ўхшаган яна бошқа кофирларга ҳам Аллоҳ муҳлат бериб қўйган, уларнинг ҳам муҳлати тугаб ажали келганда, бугун уларга алданиб юрганларнинг кўзлари очилади.
Лекин у пайт кимларгадир кеч бўлган бўлади.
Шунинг учун ўзининг бахтини ўйлаган ҳар бир инсон Охиратдаги ҳақиқий ва абадий ҳаёти ҳақида бош қотириб, холис ният билан тезроқ талаби илм қилиб, ҳидоят нурларини излаб топади ва унга жиддий ҳаракат билан амал қилади
Инсон доимо холис ният билан илм олишда давом этиши энг зарур нарса бўлганлиги учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг пайғамбарига ҳам айни шу нарсанинг зиёдасини сўрашга буюрди.
«(Эй Расулуллоҳ), «Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин» деб айтинг».
(Тоҳа сураси, 114-оят).
Валлоҳу аълам.
«Ислом Овози» таҳририяти
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•