Шифо Аллоҳдан, табиблар сабабчи, сеҳргар ва фолбинлар инсоният душманлари


Савол:

Бир саволим бор, шу мавзуга бироз ойдинлик киритиб берсангиз, юқорида ёзилишича фолбину табиблар… тўғрисида гапириб ўтибсиз. Бу фолбин ҳам табиб ҳам, беш вақт намозни канда қилмай ўқиб Аллоҳ буюрган шартларни бажариб юрса-ю, ғойибдан ўша инсонга Аллоҳнинг назари тушишига ўзингиз ишонасизми? Ўша фолбин ҳам табиб ҳам мен фолбин бўлиб қолай, тўғри-нотўғри ишлар билан шуғилланиб кунимни кўрай, демайди-ку, бунга нима дейсиз?

Жавоб:

Биз табиблар ҳақида гапирмадик, савол берган опамиз ёлғончи табиблар кўпайиб кетганини саволлари орасида тилга олиб ўтдилар.

Биз фолбин ва сеҳргарларнинг барчаси қаттиқ қораланишини, уларни шайтонлар бошқаришини айтдик.

Сеҳргар ва фолбинлар инсоният душманларидир, балки улар Аллоҳга ширк ва куфр келтирувчи кимсалар. Уларнинг намоз ўқиши бефойда.

Улар аввал шаҳодат калимасини айтиб мусулмонликни янгиттан чин қалби билан қабул қилиб, сеҳрни ва фолбинликни бутунлай ташлаб, Аллоҳга тавба-тазаррулар қилиши керак.

Одамлар фолбину сеҳргарларга умуман ишонмасликлари даркор. Уларга ишониб қолиш ҳам куфру ширкка тортиб кетадиган энг улкан гуноҳлардан. Саҳиҳ ҳадисларда бундан қаттиқ огоҳлантирилган.

Фолбинлар Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган ғойиб нарсаларни билишликни даъво қиладилар. Бу эса очиқ-ойдин кофирлик ва каззобликдир.

Саволда «Аллоҳнинг назари тушиши» ҳақида сўралибди. Бу иборадан кўзланган мақсад агар Аллоҳ таоло томонидан баъзи одамларга қандайдир хабар келиши мумкинлиги ҳақида бўлса, бу мутлақо ботил тасаввур бўлади. Чунки, бу нарса айни пайғамбарлик даъвосидир. Пайғамбарлик эса, Расулуллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари билан тўхтаган. Энди Аллоҳ таоло Қиёматга қадар ҳеч кимга ваҳий нозил қилмайди. (Охири замонда осмондан тушадиган Ийсо алайҳиссалом бундан мустасно).

Кимки «менга Аллоҳдан ёки Аллоҳнинг фаришталаридан хабар келди» деб даъво қилса, у кимса қип-қизил ёлғончи кофирдир.

«Аллоҳнинг назари тушиши…» деган жумладан кўзланган маъно Аллоҳ кимнингдир табиб ёки фолбин бўлишини хоҳлаганлиги бўлса, бу тақдир масаласидир. Қазои қадар масаласи ҳақидаги саволларга биз аввал ҳам жавоб берганмиз. Бу мавзуда яна бошқа муфассал суҳбатлар ҳам бор. Ўшаларни ўқиб ва эшитиб чиқишни тавсия қиламиз. Чунки бу ҳар бир инсон учун энг муҳим ва долзарб бўлган мавзулардан. Тақдирга тўғри ишониш иймон рукнларидан биридир.

* Табиблар масаласи:

Агар табиий, ҳалол ва фойдали дори-дармонлар билан даволайдиган, ростгўй, тажрибали, ишончли табиб бўлса унга мурожаат қилиш албатта жоиз. У ҳам худди шифохоналардаги врачларга ўхшаш бир сабабчи холос. Шифо эса Ягона Аллоҳнинг қўлида.

Табиб ва врачларнинг ростгўй, тажрибали, ўзининг соҳасида мутахассислари бор, ёлғончи ва жоҳиллари ҳам бор.

Биринчи турдаги табиб ва врачлар агар ниятларини Аллоҳ учун холис қилсалар жуда ҳам улкан ажру савобларга эришадилар. Агар ниятлари холис бўлмаса шу дунёнинг ўзида эришадиган ютуқлари билан ўзларини ўзлари чеклаб қўйган бўладилар.

Иккинчи турдаги ёлғончи ва жоҳил табиблар эса жуда ҳам улкан гуноҳларга ботган кимсалардир. агар тезроқ тавба қилиб, бундай хатарли жиноятларидан тўхтамасалар Охиратдаги аҳволлари жуда ҳам аянчли бўлади.

Аллоҳ ундайларнинг балосидан халқимизни қутқарсин.

«Ислом Овози» таҳририяти

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi