Дин ва дунё илмлари ҳеч қачон бир-бирига қарама-қарши бўлиб чиқмайди
Кириш сўзи:
Саҳифамиздаги савол-жавоблардан бирида қуйидаги сатрлар ёзилган эди:
«… Тўғри тафаккур қила олишимиз учун холис ният билан чуқур илм олишимиз зарур. Бунинг учун доимий ҳаракатда бўлмоғимиз лозим.
Атеистлар ҳукмронлик қилишган даврда на холислик ва на чуқур илмга рухсат беришди.
Балки диний илмлар бутунлай ман қилинган эди, ваҳоланки диний илм билан дунёвий илм бир-бирига асло қарама-қарши бўлмаган.
Дунёвий илм ривожлангани сари фақат ва фақат Қуръону Суннат хабар берган кўпдан-кўп маълумотларнинг ҳаққу рост эканлигини исботлаб келаяпти.
Бу ҳақиқатни инсофли ғайридин профессорлар ҳам очиқ-ойдин эътироф этишаяпти…».
Ушбу сатрларни ўқиган сингилларимиздан бирлари қуйидаги савол мурожаат қилдилар:
«Ноўрин савол бўлса, узр. Дарвин таълимоти – дунёвий илм (одам пайдо бўлиши ҳақидаги) диний илмга карши эмасми?»
Жавоб:
Аввал ИЛМ деган сўзнинг таърифига келишиб олиниши керак.
Илм – биз мусулмонларнинг эътиқодимиз бўйича – умумий суратда икки турга тақсимланади :
Биринчи турдаги илм:
Ростгўй пайғамбарлар олиб келган илоҳий хабарлар ва ҳукмлар.
Уларнинг ичидан фақат Қуръон ва саҳиҳ ҳадислар рад этиб бўлмайдиган далил-исботлар билан сақланиб келмоқда. Аввалги пайғамбарларга нозил қилинган китоблар эса, соғлом ҳолида сақланаётганига ҳеч қандай исбот йўқ. Аксинча, ўзгартириб юборилганини исботловчи далиллар жуда ҳам кўп.
Иккинчи турдаги илм:
Инсон ўз тажрибаси ила ўрганиб, тагига ета олган 100% аниқ-тиниқ маълумотлар.
Буларни дунёвий илмлар деган атама билан номлашга келишиб олиниши мумкин.
Дарвин даъво қилган гаплар эса, илм эмас, балки ҳеч қандай асоси йўқ бир назария холос.
Унинг бу назарияси 100% ботил даъво эканини мана бугун дунёвий илм исботлаб турибди. Инсофли, ростгўй профессорлардан сўрасангиз Дарвин назарияси ҳеч қандай асоси йўқ бўлган қуп-қуруқ даъво эканини баён қилиб беришади.
Дин эса, минг йиллардан буён инсон тупроқдан яралганлигини айтиб келади.
100% ҳақ экани исботланган маълумот ҳеч қачон Қуръон ва саҳиҳ ҳадислар хабар берган нарсага тескари бўлиб чиқиши мумкин эмас, асло.
Чунки Қуръон ва саҳиҳ ҳадислар бутун коинотни яратган Ягона Ҳақ Парвардигорнинг хабарларидир.
Парвардигорнинг хабарлари ҳеч қачон ёлғон ёки хато бўлиб чиқмайди.
Аксинча, дунёвий илмлар ривожлангани сари Қуръон ва Суннат хабарлари ҳаққу рост эканига фақат ва фақат таслим бўлиб боради ва шундай бўлаяпти ҳам.
Қуръон ва Суннатдаги қанчадан-қанча мўъжизавий маълумотларни дунёвий илмлар бўйича ривожлаган давлатларнинг мутахассис уламолари кашф этиб келаяптилар ва уларнинг бир қанчалари Ислом динини қабул этганликлари ҳам кўпчиликка маълум ва машҳур.
Аллоҳ таоло Фуссилат сурасининг охирги оятларида марҳамат қиладики:
{قُلْ أَرَأَيْتُمْ إِن كَانَ مِنْ عِندِ اللَّهِ ثُمَّ كَفَرْتُم بِهِ مَنْ أَضَلُّ مِمَّنْ هُوَ فِي شِقَاقٍ بَعِيدٍ (52) سَنُرِيهِمْ آيَاتِنَا فِي الْآفَاقِ وَفِي أَنفُسِهِمْ حَتَّىٰ يَتَبَيَّنَ لَهُمْ أَنَّهُ الْحَقُّ ۗ أَوَلَمْ يَكْفِ بِرَبِّكَ أَنَّهُ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ شَهِيدٌ (53) أَلَا إِنَّهُمْ فِي مِرْيَةٍ مِّن لِّقَاءِ رَبِّهِمْ ۗ أَلَا إِنَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ مُّحِيطٌ (54)}
52. (Эй Расулуллоҳ, кофиру мушрикларга) айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар (Қуръон) ҳақикатан ҳам Аллоҳ ҳузуридан (нозил қилинган) бўлса-ю, сўнгра сизлар у (Қуръон)га кофир бўлсангизлар (у ҳолда) ким (сизлар каби) мангу ихтилофда бўлган кимсалардан ҳам йўлдан озганроқ бўлур?!» (Яъни, энг қаттиқ адашганлар Аллоҳнинг хабарини ёлғонга чиқарганлардир). 53. Токи уларга (ушбу Қуръон ростдан ҳам Аллоҳ томонидан нозил қилинган) Ҳақ (Китоб) эканлиги аниқ маълум бўлгунича албатта Биз уларга атроф-офоқдаги ва ўз вужудларидаги (Бизнинг борлигимиз ва қудратимизга далолат қиладиган) оят-аломатларимизни кўрсатажакмиз. Ахир (улар¬га) Парвардигорингизнинг барча нарсага гувоҳ экани (яъни Аллоҳ таоло ушбу Қуръонда коинотдаги барча нарсани қамраб олиб, Ўз ҳукмини баён қилаётгани сизнинг ҳақ пайғамбар эканлигингизни исботлаш учун) етарли эмасми?! 54. (Эй инсонлар), огоҳ бўлингизким, албатта улар (кофирлар) Парвардигорларига рўбарў бўлишдан шак-шубҳададирлар. Огоҳ бўлингизким, албатта У Зот барча нарсани иҳота қилиб турган Зотдир».
Кимки дунёвий илмлардан бирор бир маълумотни Қуръон ва саҳиҳ ҳадисларда собит бўлган хабарга зид бўлиб чиққанини даъво қилса, унинг ҳолати қуйидаги учта нуқтадан ташқарига чиқмайди:
1. Қуръон ва саҳиҳ ҳадисларни нотўғри тафсир қилиб олган бўлади;
2. Дунёвий илм деб ўйлаётган нарсаси илм эмас, балки асоси йўқ назария, қуруқ даъво бўлиши мумкин;
3. Дин илмини ҳам дунё илмини ҳам тушунмайдиган бир жоҳил инсоннинг сафсатасидир.
Валлоҳу аълам.
Меҳрибон Роббимиз барчамизни манфаатли илм ва солиҳ амалларга муваффақ айласин…
«Ислом Овози» таҳририяти
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•