Ҳижоб киймаслик билан «ҳижоб шартмас» дейиш орасидаги фарқ
- Кириш сўзи;
- Диндан айрилиб қолиш нақадар осон;
- Ҳақ сўзни айтиб туриш зарурати;
- «Ҳижоб арабларга хос» деган даъво;
- «Ҳижоб ривожланган замонамизга тўғри келмайди» дейиш;
- Тилга эҳтиёт бўлиш аҳамияти;
- Гуноҳкорга умид бор, кофиргачи?
* Кириш сўзи:
Бир неча кун муқаддам ҳижоб ҳақида эълон қилган рисоламизни ўқиб чиққан бир қанча опа-сингилларимиз бизга мактублар йўллаб, ташаккурларини изҳор этаяптилар. Ҳатто ҳижоб ўролмай юрган сингилларимиз ҳам бизнинг ҳақимизга ҳам ўзларининг ҳақларига ҳам яхши дуолар қиляптилар. Аллоҳ таоло барчаларидан рози бўлсин, дунё ва Охират яхшиликларига муваффақ айласин.
«Беш бармоқ баробар эмас» дейилганидек, ҳижоб фарзлигини баён қилинишини истамаётган баъзи ватандошларимиз рисоламизнинг остида мусулмон кишига нолойиқ сўзлар билан ёзилган айрим изоҳларни қолдирибдилар. Баъзилари ўзлари билмасдан куфр гапларни ҳам гапириб қўйишибди. Аллоҳ Ўзи тавбага муваффақ қилсин.
Шу боисдан биз ушбу рисоламизда гуноҳ билан куфр орасидаги айрим фарқларни баён этиб қўйишни лозим топдик.
* Диндан айрилиб қолиш нақадар осон:
Ислом уламолари иттифоқ қилган масалалардан бири шуки, Аллоҳ ва Расули фарз қилган амаллардан бир амалнинг фарзлигини эшитиб ёки ўқиб билганидан сўнг бирор бир инсон унинг фарзлигини инкор қиладиган бўлса Диндан чиқади, чунки у Аллоҳ таолони хато қилишда айблаётган бўлади. Кофир ва мушриклар тавба қилмасдан ўтиб кетадиган бўлсалар дўзахда абадий қоладилар. Бу гап ҳеч қайси бир муайян шахсга қаратилган ҳақорат эмас ёки биз ўзимизча айтаётган ҳукм ҳам эмас. Балки, бутун коинотнинг хожаси бўлмиш Аллоҳ таолонинг ҳукмини баён қилиб қўйиш холос.
Инсон Аллоҳ буюрган амални фарзлигига иймон келтириб иқрор бўлсаю, бироқ ҳавои нафси ғолиб келиб бажармаса, бундай ҳолда у гуноҳкор бўлади, лекин барибир мўмин-мусулмон ҳисобланаверади, Охиратда Аллоҳ унинг гуноҳини хоҳласа кечиради, хоҳласа жазосини бериб, кейин Ўзининг жаннатига дохил қилади.
Ушбу шаръий қоиданинг кўпдан-кўп мисоллари Қуръони карим, Суннати набавийя, ақида ва фиқҳ китобларида муфассал баён қилинган.
Биз бу ўринда фақат ҳижобнинг ўзини мисол қилиб, айрим муҳим нуқталарга тўхталмоқчимиз.
Баъзилар ҳижобнинг фарзлигини инкор этишда «бу арабларнинг урф-одати», деб баҳона қиладилар, бошқалари «бу эски замонлардаги одат, ҳозирги ривожланган замонамизга тўғри келмайди» деб даъво қиладилар.
Бу даъволарнинг ҳар иккиси ҳам аслида куфр гаплар, лекин унинг куфр эканлигини билмасдан гапириб юбораётганларни биз дарҳол «улар мусулмонликдан чиқиб кетишди» деб юборишимиз жоиз бўлмайди, балки уларга бу сўзлар нақадар хатарли эканлигини тушунтириб ва огоҳлантириб туришимиз лозим бўлади.
Чунки ҳақ сўзни одамларга етказиб қўйиш Аллоҳ ва Расули томонидан зиммамизга юкланган фарз амаллардан бири.
* Ҳақ сўзни айтиб туриш зарурати:
{وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ ۚ وَأُولَٰئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ}
[آل عمران: 104]
«Ораларингиздан яхшиликка (Ислом динига) даъват қиладиган, ибодат-итоатга буюрадиган ва исён-гуноҳдан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир».
(Оли Имрон сураси, 104-оят)
Аллоҳ таоло Бани Исроил қавмларидан бир қавмни лаънатга учраганларини ва унинг сабабини хабар берган оятида ҳам айтади:
{لُعِنَ الَّذِينَ كَفَرُوا مِن بَنِي إِسْرَائِيلَ عَلَىٰ لِسَانِ دَاوُودَ وَعِيسَى ابْنِ مَرْيَمَ ۚ ذَٰلِكَ بِمَا عَصَوا وَّكَانُوا يَعْتَدُونَ (78) كَانُوا لَا يَتَنَاهَوْنَ عَن مُّنكَرٍ فَعَلُوهُ ۚ لَبِئْسَ مَا كَانُوا يَفْعَلُونَ (79) تَرَىٰ كَثِيرًا مِّنْهُمْ يَتَوَلَّوْنَ الَّذِينَ كَفَرُوا ۚ لَبِئْسَ مَا قَدَّمَتْ لَهُمْ أَنفُسُهُمْ أَن سَخِطَ اللَّهُ عَلَيْهِمْ وَفِي الْعَذَابِ هُمْ خَالِدُونَ (80) }.
[المائدة: 78-80]
«Бани Исроил орасидан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Ийсо ибн Марям тилида лаънатлангандирлар. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир. 79. Улар бир-бирларини қилган мункар – гуноҳ ишларидан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш! 80. Улардан кўплари кофир бўлган кимсаларни дўст тутганларини кўрасиз. Уларга нафси ҳаволари нақадар ёмон нарсани — Аллоҳнинг ғазабини келтирди. Улар азобда абадий қолгувчидирлар».
(Моида сураси, 78-80 оятлар).
Ҳузайфа ибн Ал-Ямон розияллоҳу анҳумодан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«والذي نفسي بيدِه لتَأمرُنَّ بالمعروفِ ولتَنهوُنَّ عن المنكرِ أوليُوشِكَنَّ اللهُ أن يَبعثَ عليكمْ عقابًا منهُ فتدعونهُ فلا يَستجيبُ لكمْ».
رواه الترمذي وحسنه
«Жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасам, ё яхшиликка буюрасизлар, мункар – гуноҳ ишлардан қайтарасизлар ёки (агар амри маъруф ва наҳий мункар қилмасангизлар) яқинда Аллоҳ сизларнинг устингизга Ўзининг уқубатини – балосини юборади, бас, (ана шу пайт) сизлар У Зотга дуо-илтижо қилсангизлар ҳам (дуоларингиз) қабул бўлмай қолади».
(Имом Термизий ривоят қилдилар ва «ҳасан ҳадис» дедилар).
* «Ҳижоб арабларга хос» дейиш:
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни бутун оламга пайғамбар қилиб юборди.
{قُلْ يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنِّي رَسُولُ اللَّهِ إِلَيْكُمْ جَمِيعًا الَّذِي لَهُ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ ۖ لَا إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ يُحْيِي وَيُمِيتُ ۖ فَآمِنُوا بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ النَّبِيِّ الْأُمِّيِّ الَّذِي يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَكَلِمَاتِهِ وَاتَّبِعُوهُ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ }.
[الأعراف: 158].
«Айтинг (эй Пайғамбар): «Эй одамлар, албатта мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ (юборган) расул – элчиман. У шундай Зотки, самовот ва Ер Унинг мулкидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи (Ягона Ҳақ) Илоҳдир. Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир. Бас, Аллоҳга ва Унинг элчисига — Аллоҳ ва Унинг сўзларига ишонадиган уммий (ёзиш-чизишни билмаган ҳолида Аллоҳнинг каломини сизларга етказаётган) пайғамбарга иймон келтирингиз ва унга эргашингиз— шояд ҳидоят топурсиз»».
(Аъроф сураси, 158-оят)
{ وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا كَافَّةً لِّلنَّاسِ بَشِيرًا وَنَذِيرًا وَلَٰكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يَعْلَمُونَ}.
[سبأ: 28].
«(Эй Расулуллоҳ), Биз сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга: (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи бўлган ҳолингизда, пайғамбар қилиб юбордик. Лекин кўп одамлар билмаслар (Аллоҳнинг даъвати етказилса ҳам унга ишонмасдан, залолатда адашиб юраверадилар)».
(Сабаъ сураси, 28-оят)
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«كان النبيُّ يُبعَثُ إلى قومِه خاصةً ، وبُعِثتُ إلى الناسِ عامةً «. الحديث.
متفق عليه.
«(Аввалги замонларда) пайғамбар ўз қавмига юборилар эди. Мен эса барча одамларга (пайғамбар қилиб) юборилдим…».
Муттафақун алайҳи (имом Бухорий ва имом Муслим қилишган ҳадисдан лавҳа).
Аллоҳ таоло ҳижобни фарз қилганида «бу ҳукм араб аёлларига хос, бошқа миллат аёллари ҳижобсиз юраверишсин, улар авратларини очиб юришса ҳам зарари йўқ» демаган, ёки ҳар бир халққа ва ҳар бир минтақа аёлларининг ўзига хос кийимларини бирма-бир санаб чиқмаган, У Зот «саҳроли жойларда мана бундай, тоғли жойларда мана бундай, денгиз соҳилларида мана бундай, совуқ диёрларда мана бундай кийимларни кийишсин, қолоқ даврларда мана бундай, ривожланган замонларда мана бундай …», деб ўтирадиган Зот эмас.
Настағфируллоҳа ва натубу илайҳи.
Аллоҳ таоло барча айбу нуқсонлардан Пок бўлган Зотдир.
Кимки Аллоҳнинг ҳукмига ўзгартириш киритса «Аллоҳ таоло хато қилган, менинг фикрим тўғри» ёки «Аллоҳ фақат арабистондаги ҳолатни баён қилган, бошқа минтақалардаги одамларни ўз ҳолига ташлаб қўйган, уларга эътибор бермаган», дегандай бўлади.
Наузу биллоҳ (Бу каби куфр гапларни гапириб қўйишдан Аллоҳ Ўзи асрасин).
* Қора рангли ҳижоб ҳақида қисқача маълумот:
Шариатимизда «Ҳижоб қора рангли кийим бўлиши шарт» деган жой йўқ. Ҳижобнинг шартларини ўтган рисоламизда баён қилганмиз, у ерда қора ранг умуман тилга олинмаган.
Лекин, баъзи минтақаларда ҳижоб либоси қора рангли бўлиши одатга айланган.
Айрим уламолар қора рангли ҳижобни баъзи сабабларга биноан афзалроқ деган раъйни билдирганлар:
1. Қора ранг эркакларнинг кўзини жалб қилмасликда бошқа ранглардан кўра яхшироқ;
2. Қора ранг аёлларга кўпроқ виқор ва ҳайбат беради, натижада фосиқ кимсалар уларга тегажонлик қилишдан узоқроқ бўлади;
Шунинг учун қора рангли ҳижоб кийиш ҳам дунёнинг турли давлатларида кенг тарқалган.
Валлоҳу аълам.
* «Ҳижоб ривожланган замонамизга тўғри келмайди» дейиш:
Бу даъво ҳам Аллоҳ таолони узоқни кўра билмасликда айблаш ҳисобланади.
Бутун оламларнинг Парвардигори бўлган Зот Аллоҳ Расулуллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Қиёматга қадар энг мукаммал шариат ҳолида давом этадиган Ислом дини билан юборар экан, у зот энг охирги пайғамбар эканликларини, у кишидан кейин ҳеч қандай пайғамбар юбормаслигини хабар бериб қўйган.
«Ўн тўрт аср олдин нозил бўлган Қуръон ва Суннат ҳукмлари бугунги ривожланган замонга тўғри келмайди», деган даъво билан чиқадиганлар ё янги пайғамбар юборилиши керак, Аллоҳ бошқа пайғамбар юбормасдан хато қилаяпти ёки умуман пайғамбар деган нарсага эҳтиёж йўқ, ўзимиз жуда ақлли бўлиб олдик, ўтган замондагиларга пайғамбар юборилмаса бўлмасди…», дегандай куфрий фикрларга қараб кетаётган бўлишади.
Настағфируллоҳа ва натубу илайҳи.
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг охирги пайғамбар эканликлари ҳақида марҳамат қилиб айтади:
{ مَّا كَانَ مُحَمَّدٌ أَبَا أَحَدٍ مِّن رِّجَالِكُمْ وَلَٰكِن رَّسُولَ اللَّهِ وَخَاتَمَ النَّبِيِّينَ ۗ وَكَانَ اللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمًا(40) يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اذْكُرُوا اللَّهَ ذِكْرًا كَثِيرًا (41) وَسَبِّحُوهُ بُكْرَةً وَأَصِيلًا (42) هُوَ الَّذِي يُصَلِّي عَلَيْكُمْ وَمَلَائِكَتُهُ لِيُخْرِجَكُم مِّنَ الظُّلُمَاتِ إِلَى النُّورِ ۚ وَكَانَ بِالْمُؤْمِنِينَ رَحِيمًا (43) تَحِيَّتُهُمْ يَوْمَ يَلْقَوْنَهُ سَلَامٌ ۚ وَأَعَدَّ لَهُمْ أَجْرًا كَرِيمًا (44) يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ إِنَّا أَرْسَلْنَاكَ شَاهِدًا وَمُبَشِّرًا وَنَذِيرًا (45) وَدَاعِيًا إِلَى اللَّهِ بِإِذْنِهِ وَسِرَاجًا مُّنِيرًا (46) وَبَشِّرِ الْمُؤْمِنِينَ بِأَنَّ لَهُم مِّنَ اللَّهِ فَضْلًا كَبِيرًا (47) وَلَا تُطِعِ الْكَافِرِينَ وَالْمُنَافِقِينَ وَدَعْ أَذَاهُمْ وَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ ۚ وَكَفَىٰ بِاللَّهِ وَكِيلًا (48)}.
[الأحزاب: 40-48].
«Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг расули – элчиси ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ барча нарсани билгувчи бўлган Зотдир. 41. Эй иймон келтирган кишилар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар! 42. Ва эртаю кеч У Зотни поклаб тасбеҳ айтинглар! 43. У сизларни (куфр) зулматларидан (иймон) нурига чиқариш учун сизларга марҳамат кўрсатадиган Зотдир. Унинг фаришталари ҳам (ҳақларингизга дуо қилурлар). У мўминларга Меҳрибон бўлган Зотдир. 44. (Мўминлар Аллоҳга) рўбарў бўладиган Кунда уларга (Аллоҳ томонидан йўлланадиган) салом тинчлик-омонлик тилаш бўлур. (Аллоҳ) улар учун улуғ мукофот (яъни жаннат) тайёрлаб қўйгандир. 45-46. Эй пайғамбар, дарҳақиқат Биз сизни (Қиёмат Кунида барча умматлар устида) гувоҳлик бергувчи, (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи ҳамда Аллоҳнинг изни-иродаси билан У Зотга (яъни Унинг динига) даъват қилгувчи ва (Ҳақ йўлини кўрсатгувчи) нурли чироқ қилиб юборгандирмиз. 47. Мўминларга хушхабар берингки, шак-шубҳасиз, улар учун Аллоҳ томонидан катта фазлу марҳамат (яъни жаннат) бордир. 48. Сиз кофирлар ва мунофиқларга бўйинсунманг ва уларнинг озор-азиятларига парво қилманг ҳамда Аллоҳга таваккул қилинг! Аллоҳнинг Ўзи етарли Вакил-Ҳомийдир».
(Аҳзоб сураси, 40-48 оятлар).
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«إنَّهُ سيكونُ في أمتي كذابونَ ثلاثونَ ، كلُّهم يزعمُ أنَّهُ نبيٌّ ، وأنا خاتمُ النبيِّينَ لا نبيَّ بعدي ، ولا تزالُ طائفةٌ من أمتي على الحقِّ ظاهرينَ لا يضرُّهم من خالفَهم حتى يأتيَ أمرُ اللهِ».
(صحيح سنن أبي داود برقم 4252).
«Умматимнинг ичидан ўттизта (энг катта) каззоблар чиқади, уларнинг ҳаммаси ўзини пайғамбарман деб даъво қилади. Мен пайғамбарларнинг якунлвочиси – энг охирги пайғамбарман. Мендан кейин ҳеч қандай пайғамбар йўқ. Менинг умматимдан бир тоифа мўминлар ҳақ йўл устида зоҳир бўлган ҳолларида давом этадилар, уларга қарши бўлганлар уларга зиён келтира олмайдилар, улар Аллоҳнинг амри – Қиёмат соати келгунга қадар (ҳақ йўлда давом этадилар)».
(Саҳиҳи Сунани Аби Довуд, 4252-ҳадис).
* Тилга эҳтиёт бўлиш аҳамияти:
Ўзини мусулмонман деб билган ҳар бир биродаримиздан илтимосимиз шуки, ҳар биримиз тилимизга эҳтиёт бўлайлик.
Билол ибн Ҳорис Ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«إن أحدكم ليتكلّم بالكلمةِ من رِضْوانِ الله ما يظنّ أن تبلغَ ما بلغتْ فيكتب اللهُ لهُ بها رِضْوانُهُ إلى يومِ يلقاهُ ، وإن أحدكُم ليتكلّمُ بالكلمةِ من سَخَط اللهِ ما يظنّ أن تبلغَ ما بلغت فيكتبُ اللهُ عليهِ بها سَخَطِهُ إلى يومِ يلقاه».
رواه الترمذي برقم 2319 وقال: حسن صحيح.
«Сизлардан бирингиз Аллоҳни рози қиладиган бир сўзни айтади ва у (ўша пайт у сўз уни) нақадар улуғ мақомга кўтаришини тасаввур қилмаган бўлади, Аллоҳ у бандага ана шу яхши сўзи туфайли У Зотга рўбарў бўладиган Кунга қадар Ўзининг розилигини битиб қўяди. (Яъни, Аллоҳ учун холис ният билан гапирган бир сўзи туфайли абадул-абад бахт-саодатга эришади). Сизлардан яна бирингиз Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган бир сўзни гапиради ва у (ўша пайт бу ёмон сўз уни) нақадар ёмон оқибатга тортиб кетишини тасаввур қилмаган бўлади, бас, Аллоҳ у бандага Ўзининг ғазабини У Зотга рўбарў бўладиган Кунга қадар битиб қўяди».
(Имом Термизий ривоят қилдилар ва «ҳасан, саҳиҳ ҳадис» дедилар).
Аллоҳ фарз қилган буйруқларга амал қила олмаётганларимиз – ҳеч бўлмаганда – ана шу амалларнинг фарзлигини инкор қилмасдан, тилимизни тийиб турайлик, токи билиб-билмасдан кофир бўлиб қолмаслигимиз учун.
Чунки гуноҳкор бўлсак ҳам олдимизда иккита умид бор:
1. Аллоҳ Ўз марҳамати ила кечириб юбориши эҳтимоли;
2. Гуноҳимизга яраша жазолансак ҳам охир-оқибат барибир жаннатга киришимизга умид бор.
Аммо кофир бўлиб кетиб қолсак абадул-абад дўзахдан бошқа ҳеч нарса йўқ, Аллоҳ бундай энг даҳшатли кулфатдан, ҳақиқий бадбахтликдан барчаларимизни Ўзи асрасин.
Аслида, ҳар биримиз барча гуноҳларимиздан дарҳол ва тез-тез тавба қилиб, Аллоҳ таолонинг мағфиратини сўраб, чин қалбимиз билан доимо истиғфорлар айтиб юришимиз жуда ҳам зарур. Чунки гуноҳларнинг дунё ва Охиратдаги оқибатлари жуда ҳам хунук ва ёмон. Дунёдаги мусибатлар нақадар оғир ва аламли бўлишини кўпичиликларимиз кўраяпмиз.
Илоҳо, Охиратдагисидан Аллоҳ таоло Ўзи барчаларимизни бутунлай озод қилсин. Зеро, Охират азобининг бир лаҳзаси ҳам бутун дунё азобларидан кўра аламлироқдир.
Валлоҳу аълам.
وصلى الله وسلم وبارك على نبينا محمد وعلى آله وصحبه ومن تعبهم بإحسان إلى يوم الدين.
«Ислом Овози» таҳририяти
* Алоқадор мавзулар:
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•