Шаҳидликка тааллуқли ҳукмлар (тўлдирилган)
Аллоҳ таолодан Ўшда, Жалолобдда ва унинг атрофида кечаётган қирғинларни тез кунда бартараф этишини, қотилларнинг жазосини беришини сўраймиз.
Мусулмонлар ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз динларини унутмайдилар ва Ислом динининг уруш вақтида ҳам, тинчлик вақтида ҳам ҳаётни тартибга солиб турадиган илоҳий қонунлари борлигини биладилар ва унга амал қиладилар.
Биз Интернетда Ўшдан узатилган видеотасвирларни кузатар эканмиз, улар орасида ҳарбий кийимдагиларнинг отган ўқидан йиқилиб, ҳушидан кетган одамни кўрдик. Унинг атрофидагилар: «Э, Ҳожи ака-ку», деб қолдилар. Йиқилган одамнинг бошидан оқаётган кўплаб қон бирпасда ерни бўяди. У инсон бўйни ва юзи аралаш қонга бўялганича, жим бўлиб қолди – бирор оғиз сўз айтмади. Одамлар уни кўтариб бир ҳовлига олиб кириб ерга ётқиздилар. У киши икки марта чуқур нафас олгандек бўлиб, омонатни топширди…
Шуларни кўрганимиздан кейин фиқҳ китобларида келган шаҳидлик ҳақидаги ҳукмлардан айримларини ўқувчиларга ҳавола қилиш лозим, деб ўйладик. Сабаб – мусулмонлар Қирғизистонда ноҳақ ҳалок бўлаётган одамларни дафн этишда бу қоидаларни билишга муҳтож бўладилар.
Мазлум ҳолда ўлдирилган инсонлар учун Ислом динимиз белгилаган шарафли ҳақни қўлдан келганича адо этиш тирикларнинг бурчидир.
* * *
- «Шаҳидул-маърака» ва «шаҳидуз‑зулм»;
- Ҳанафийлар: «шаҳидуз‑зулм» жангда ўлдирилган кабидир;
- Ҳар қандай ўлдирилган одам шаҳид бўлавермайди;
- Шаҳидликда аёллар ҳам баробардирлар;
- Ярадорлик сўнггидан вафот бўлганлар.
* * *
«Шаҳидул-маърака ва шаҳидуз‑зулм»
Биз аввалги суҳбатимизда шаҳидларнинг уч хил тури ҳақида гапирдик. Кофирлар билан бўлган жангда ўлдирилган одам «шаҳидул-маърака» деб айтилади. Зулм устида ҳалок бўлганлар эса «шаҳидуз-зулм» дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида ҳар икки турдаги шаҳидлар ҳам Алллоҳ ҳузурида улуғ мартабаларга сазовор бўлишлари ҳақида башоратлар берилади. Бу ҳақда уламолар ўрталарида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Аммо ким Уҳуд шаҳидлари қаторида бўладию ким ундай эмас, бу масалада икки хил қавл бор.
«Ал-мавсуатул-фиқҳийя»га кўра жумҳур уламолар зулм остида ўлдирилган одамларни Охират шаҳидлари, деб ҳисоб қилишади. Дунёда уларга шаҳидлар каби муомала қилинмайди. Аммо ҳанафий мазҳабига кўра «шаҳидуз-зулм»га ҳам «шаҳидул-маърака» каби муомала қилинади.
Ҳанафийлар: «шаҳидуз‑зулм» жангда ўлдирилган кабидир
باب احكام الشهيد.
المقتول ميت بأجله عندنا أهل السنة. من الشهيد والشهيد من قتله أهل الحرب أو أهل البغي أو قطاع الطريق أو اللصوص في منزله ليلا ولو بمثقل أو وجد في المعركة وبه أثر أو قتله مسلم ظلما عمدا بمحدد وكان مسلما بالغا خاليا عن حيض ونفاس وجنابة ولم يرتث بعد انقضاء الحرب. ما يصنع معه فيكفن بدمه وثيابه ويصلى عليه بلا غسل وينزع عنه ماليس صالحا للكفن كالفرو والحشو والسلاح والدرع ويزاد وينقص في ثيابه وكره نزع جميعها. ويغسل إن قتل جنبا أو صبيا أو مجنونا أو حائضا أو نفساء أو ارتث بعد انقضاء الحرب بأن أكل أو شرب أو نام أو تداوى أو مضى وقت الصلاة وهو يعقل… (نور الإيضاح – (1 / 99).
«Шаҳид ҳақидаги ҳукмлар боби
Ўлдирилган одам биз Аҳли суннанинг эътиқодимиз бўйича ўз ажали билан ўлган саналади.
Шаҳид ким? Шаҳид ҳарбийлар ёки золимлар ё йўлтўсарлар ўлдирган ё эса ўғрилар тунда ўз уйида оғир нарса билан ўлдирган ёки жанг майдонида жасади жароҳатлар билан топилган ёки бирор мусулмон ноҳақ равишда уни тиғли нарса билан ўлдирган одамдир. Шаҳид мусулмон, болиғ, жунубликдан, ҳайздан, нифосдан холи одам бўлиши, уруш тугамасдан туриб жони узилган бўлиши керак.
Унга қандай муомала қилинади? Уни ўзининг кийими ва қони билан кафанланади, сўнг ювилмасдан жаноза ўқилади. Устки кийим, алоҳида мато, қурол, совут каби кафанликка ярамайдиган нарсалар ундан ечиб олинади. Кийимига нимадир қўшиш ёки ундан ниманидир камайтириш мумкин. Аммо ҳаммасини ечиш макруҳ». (Нурулийзоҳ, 1/99).
Демак ҳанафийларга кўра ўқ теккан ерида жон таслим қилганлар «шаҳидул-маърака» ҳисобида бўладилар, иншоаллоҳ ва ювилмасдан, кафанламасдан ўз кийимларида дафн этиладилар.
Ҳар қандай ўлдирилган одам шаҳид бўлавермайди
Шаҳидлик шартлари
… وَهِيَ (شَرَائِطِ الشَّهَادَةِ) أَنْوَاعٌ منها أَنْ يَكُونَ مَقْتُولًا حتى لو مَاتَ حَتْفَ أَنْفِهِ أو تَرَدَّى من مَوْضِعٍ أو احْتَرَقَ بِالنَّارِ أو مَاتَ تَحْتَ هَدْمٍ أو غَرِقَ لَا يَكُونُ شَهِيدًا لِأَنَّهُ ليس بِمَقْتُولٍ فلم يَكُنْ في مَعْنَى شُهَدَاءِ أُحُدٍ … وَمِنْهَا أَنْ يَكُونَ مَظْلُومًا حتى لو قُتِلَ بِحَقٍّ في قِصَاصٍ أو رُجِمَ لَا يَكُونُ شَهِيدًا لِأَنَّ شُهَدَاءَ أُحُدٍ قُتِلُوا مَظْلُومِينَ … وَكَذَلِكَ من مَاتَ من حَدٍّ أو تَعْزِيرٍ أو عَدَا على قَوْمٍ ظُلْمًا فَقَتَلُوهُ لَا يَكُونُ شَهِيدًا لِأَنَّهُ ظَلَمَ نَفْسَهُ. (بدائع الصنائع – (1 / 320).
«Шаҳидлик шартлари бир неча хилдир. Улардан бири – биров томонидан ўлдирилган бўлиши. Яъни ўз ўзидан ўлган бўлса ёки бирор баландликдан тушиб кетган, ўтда куйган, устига нарса қулаб тушган, сувда ғарқ бўлган бўлса, шаҳид бўлмайди.* Чунки у ҳеч ким томонидан ўлдирилмади ва унда Уҳуд шаҳидлари маъноси мавжуд бўлмади… Шартлардан яна бири – зулм остида ўлдирилган бўлиши. Агар қасос ёки ражм сабабли ҳаққоний равишда ўлдирилган бўлса, шаҳид бўлмайди. Чунки Уҳуд шаҳидлари мазлум ҳолда ўлдирилганлар… Шунингдек, (ҳақ) жазо ёки таъзир оқибатида ўлган бўлса ё эса бир қавмга тажовуз қилгани сабабли уни ўлдирган бўлсалар ҳам шаҳид ҳисобланмайди. Чунки у ўз жонига ўзи зулм қилган бўлади». (Бадоеъ ас саноеъ – 1/320).
«Агар ўлдирилган одам жунуб ҳолида бўлса ёки ҳайз-нифосдаги аёл бўлса, ёш бола ёки мажнун бўлса ёки уруш тугагунга қадар жони узилмаган, нимадир еган, ичган ёки ухлаган ё эса даволанган ёки бир намоз вақти ўтгунча ақл-ҳуши ўзида турган ҳолда яшаган бўлса, ғусл қилдирилади…» (Нурулийзоҳ, 1/99).
________________
*Шаҳид бўлмайди, деган сўзнинг маъноси дунёда унга шаҳидлар каби муомала қилинмайди, деганидир. Ҳадисда: “Сувда ғарқ бўлган одам шаҳиддир” деб айтилгани эса Охиратда шаҳидлар қаторида бўлади, деган маънодадир.
Шаҳидликда аёллар ҳам баробардирлар
وَلَا تُشْتَرَطُ الذُّكُورَةُ لِصِحَّةِ الشَّهَادَةِ بِالْإِجْمَاعِ لِأَنَّ النِّسَاءَ مُخَاطَبَاتٌ يُخَاصِمْنَ يوم الْقِيَامَةِ من قَتَلَهُنَّ فَيَبْقَى عَلَيْهِنَّ أَثَرُ الشَّهَادَةِ لِيَكُونَ شَاهِدًا لَهُنَّ كَالرِّجَالِ وَاَللَّهُ أَعْلَمُ. (بدائع الصنائع – (1 / 323).
«Шаҳидлик учун эркак киши бўлиш шарт қилинмайди. Бунга ҳамма иттифоқдир. Чунки Шариат хитоби аёлларга ҳам тегишли бўлиб, улар Қиёмат куни ўзларини ўлдирган одамга даъвогар бўладилар. Худди экакларга ўхшаб шаҳидлик аломатлари уларга гувоҳлик бериши учун сақланади, валлоҳу аълам». (Бадоеъ ас саноеъ – 1/323).
Ярадорлик сўнггидан вафот бўлганларнинг ҳукми
… بِخِلَافِ ما إذَا مَرِضَ في خَيْمَتِهِ أو في بَيْتِهِ لِأَنَّهُ قد نَالَ الرَّاحَةَ بِسَبَبِ ما مَرِضَ فَصَارَ مُرْتَثًّا ثُمَّ الْمُرْتَثُّ وَإِنْ لم يَكُنْ شَهِيدًا في حُكْمِ الدُّنْيَا فَهُوَ شَهِيدٌ في حَقِّ الثَّوَابِ حتى أنه يَنَالُ ثَوَابَ الشُّهَدَاءِ كَالْغَرِيقِ وَالْحَرِيقِ وَالْمَبْطُونِ وَالْغَرِيبِ أنهم شُهَدَاءُ بِشَهَادَةِ رسول ( ( ( الرسول ) ) ) الله صلى اللَّهُ عليه وسلم لهم بِالشَّهَادَةِ وَإِنْ لم يَظْهَرْ حُكْمُ شَهَادَتِهِمْ في الدُّنْيَا. (بدائع الصنائع – (1 / 322).
«… Агар (майдондан олиб чиқилиб – таж.) ўзининг чодирида ёки уйида касал бўлиб ётса, «шаҳидул–маърака» бўлмайди. Чунки у касаллиги туфайли дунё роҳатидан татиди. У гарчи дунёда шаҳид дейилмаса ҳам савоб олишда шаҳиддир. У сувга чўккан, ўтда куйган, қорин касаллиги билан ўлган, ғурбатда вафот этган одамлар каби шаҳид саналади. Агар уларнинг шаҳидлик ҳукмлари дунёда зоҳир бўлмаса ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга шаҳид деб гувоҳлик берганлар». (Бадоеъ-ас-саноеъ – 1/322).
Булардан маълум бўладики, ўқ теккан заҳоти ёки ҳужумга учраган пайти ҳалок бўлган одамлар билан кейинроқ уйда ёки касалхонада вафот бўлган одамлар ўртасини фарқланади. Фарқ шундаки, бевосита ҳужум пайтида ҳалок бўлганлар ювилмайдилар ва кафанланмайдилар. Кейинроқ вафот бўлган одам ювилиб, кафанланади.
Podcast: Play in new window | Download