Аллоҳ наздидаги улуғлик, Қуръон ҳидояти ва яна айрим масалалар

Таҳририятдан:

Қуйида бир опамиз билан бўлган савол-жавобларни кўпчиликка фойдали бўлади деган умидда бир мақолага жамлаб тақдим этаяпмиз.

  • Аллоҳга ёқадиган жой;
  • Араблар афзалми ёки Бани Исроил?
  • Атеистлар халқларнинг онгини қай аҳволга солиб кетди?
  • Ўқиладиган суралар ва қабул бўладиган дуолар ҳақида.

* Аллоҳга ёқадиган жой:

1-савол:

Айтишларича худога екадиган жой ям яшилликларга бурканаркан. Бундан чикди хамма европа мамлакатлари ривожланган ва табияти яхшилиги шуни аломати.

Жавоб :

Аллоҳ таоло Ўзининг халили улуғ пайғамбар Иброҳим отамиз алайҳиссаломни ҳеч қандай экин ўсмаган жойга бориб Каъбатуллоҳни қуришга буюрди.

Иброҳим сурасининг 37-оятида Иброҳим алайҳиссалом Парвардигорга илтижо қилиб айтган дуоларини Аллоҳ Ўзи хабар берган:

«(Иброҳим деди) Парвардигоро, албатта мен зурриётимдан (бир бўлагини – ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) Сенинг Ҳурматли Байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим. Парвардигоро, (улар) намозни тўкис адо қилсинлар деб (шундай қилдим). Бас, Сен Ўзинг одамларнинг дилларини уларга мойил қилиб қўйгил ва уларни (барча) мевалардан баҳраманд этгил. Шояд шукр қилсалар…».

Мана, Аллоҳнинг ҳикматини ва тақдирини қарангки, Иброҳим алайҳиссалом дуолари қабул бўлиб, минг йиллардан буён ҳеч қандай экин ўсмайдиган Маккаи мукаррама водийсига бутун дунёдан барча турдаги мевалар етказиб бериб турилади.

Аллоҳга ёқадиган энг яхши ер Ягона Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилинадиган ердир.

Демак, асосий гап кўкаламзор ва ям-яшилликда эмас, балки Ягона Аллоҳга ибодат қилишда.

Қайси минтақа аҳли – гарчи улар саҳрода яшаётган бўлсалар ҳам – Ягона Аллоҳга ибодат қилсалар, Аллоҳ Ўзи кўкаламзор минтақаларни уларга хизмат қилдириб қўйишга қодир зот.

«Ягона Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилиш керак» дейишимиз дунёвий ишлардан бутунлай воз кечиш дегани эмас, асло.

Динимиз дунёвий ишларда ҳам тўғри йўлни кўрсатиб берган.

Бироқ, пойдеворимиз ва энг асосий йўналишимиз Ягона Аллоҳга ибодат қилиб яшаш бўлмоғи даркор.

Тирикчилик ишларимизни ҳам холис Аллоҳ учун бажарсак Парвардигор унга ҳам Ўз баракотларини ёғдириб туради.

* Араблар афзалми ёки Бани Исроил?

2-савол:

Ассалому алайкум.Сиз Иброхим пайгамбарни хизматкор аели хожар ва угли хакида езиб чиройли жавоб берибсиз.Катта рахмат.яна саволим шундайки Иброхим пайгамбарни суикли аеоли Сора момодан тугилган углини авлодичи улар кайси халк хисобланади.Хожар момо кул булган.Лекин Сора момодан тугилган авлод каторига кушилишни хохлаганлар хам булишса…..Шу мумкинми.?

Жавоб:

Иброҳим алайҳиссалом Мисрга борганларида биринчи аёллари Сора онамиз билан бирга бўладилар. Сора онамизнинг гўзалликларини эшитиб қолган подшоҳ ўз ҳузурига чақириб тажовуз қилмоқчи бўлади. Лекин Сора онамиз Аллоҳга дуо-илтижолар қилишлари туфайли У Зот Ўзи асрайди.

Натижада у подшоҳ Сора онамиздан қўрқиб, у кишига Ҳожар онамизни совға қилади. Ҳожар онамиз аввал чўри бўлганлар. Сора онамиз Ҳожар онамизни Иброҳим алайҳиссаломга совға қиладилар. Иброҳим алайҳиссалом Ҳожар онамизни озод қилиб, ўзларига иккинчи аёл қилиб оладилар.

Кейин Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга Ҳожар онамизни Маккага олиб бориб жойлаштиришни буюради.

Қиссанинг тафсилоти узун.

Ҳозирча сиз сўраган нуқта билан чекланишга ҳаракат қиламиз:

Сора онамиз ҳаётларининг аввалида бепушт бўлганлар.

Аллоҳ таоло Ҳожар онамизга Исмоил алайҳиссаломни берганидан сўнг Сора онамизга Исҳоқ алайҳиссаломни берди.

Исҳоқ алайҳиссаломнинг фарзандлари Яъқуб (Ёқуб) алайҳиссаломдан Бани Исроил халқи вужудга келганлар.

Исмоил алайҳиссаломдан эса араблар.

Ҳар икки халқ ҳам, бошқа халқлар ҳам барча-барчалари Аллоҳнинг бандалари. Аллоҳнинг наздида ҳеч ким ўзининг насл-насаби туфайли жаннатга кирмайди.

Лекин, пайғамбарларнинг авлоди бўлганликлари учун бошқалар уларни пайғамбарларнинг ҳурматларидан келиб чиқиб кўпроқ ҳурмат қилишлари мумкин. Шунда ҳам мусулмон бўлишлари шарти билан.

Аммо улар «биз пайғамбар авлодимиз, биз сизлардан устунмиз, бизни улуғланглар» деб бошқалардан шундай ҳурмат талаб қилишлари тўғри бўлмайди, балки айни ўша улуғ зотлар олиб келган ҳақ динга зид иш бўлади.

Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 13-оятида марҳамат қилади:

«Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ билгувчи ва огоҳ Зотдир».

Шундай экан, ким Ягона Аллоҳга ва барча ҳақ пайғамбарларга иймон келтириб, солиҳ амаллар қилиб яшаса, ана шу инсон ҳақиқий ҳурматли инсондир, гарчи у ақлсизларнинг назарида ҳақир кимса деб қаралса ҳам. Ким Ягона Аллоҳга ширк келтириб, зулму туғёнга кетса, бас, ана шу кимса энг ҳақир, энг бадбахт кимсадир, гарчи у пайғамбарларнинг авлоди ёки қариндоши бўлса ҳам.

Қуръон ва тарих бунга гувоҳ.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакиларидан бир нечаси кофир бўлиб дўзахга кетди. Қуръони каримда Абу Лаҳаб қиёматга қадар лаънатланади.

Иброҳим алайҳиссаломнинг оталари Озар, Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғиллари ва аёллари, Лут алайҳиссаломнинг ҳам аёллари кофир бўлиб дўзахга кетишди.

Ўзини «мен энг катта худойингизман» деб даъво қилган Фиръавннинг аёли эса энг улуғ аёллардан бири сифатида жаннатда Аллоҳнинг ҳузурида улуғ мақомларга кўтарилдилар.

* Атеистлар халқларнинг онгини қай аҳволга солиб кетди?

3- Савол:

Нотугри фикирлаган булсам узир сурайман.
Президентимизга куп рахмат айтаман.
Хар доим сог ва саломат, умирлари узок булишини тилайман.
Якинда чиккан карор одамларга энди ердам беради деп уйлаиман.
Сабаби куплар кийналганди, хар хил хушношу, фолбину , елгон табиблардан.
Барибир нотугри баьзи сузлар эсдан чикиши кийин.

Якинда бир гап эшитдим … хар бир дуони, сурани хам фариштаси хам шайтони булармиш.

Ахир уларни ёмон одам ёмон ниятда, яхши одам яхши йулда ишлатадику, шу тугрими? Нега бундай?

Шайтонни бутунлай енгиб чиккан одам борма?

Мен масалан сура еки дуони укиб унга уни хам шайтони хам фариштаси билан булишини тушонолмай ….
яхшиси уни биронтасини хам ишлатмасликни хохлайман.

Лекин одам узини кардай химоя килиши керак.

Бизда ота оналар умунан Ссср даври атиэстлари, атиэстик тарбия беришган.

Жавоб:

Тафаккур қилиш бу Аллоҳ берган улкан неъмат.

Сизнинг тафаккур қилишингиз бу тўғри йўналишдаги ҳаракат, бундан биз ҳам албатта хурсанд бўламиз.

Лекин бу ердаги энг муҳим нуқта шуки, тўғри тафаккур қила олишимиз учун холис ният билан чуқур илм олишимиз зарур. Бунинг учун доимий ҳаракатда бўлмоғимиз лозим.

Атеистлар ҳукмронлик қилишган даврда на холислик ва на чуқур илмга рухсат беришди.

Балки диний илмлар бутунлай ман қилинган эди, ваҳоланки диний илм билан дунёвий илм бир-бирига асло қарама-қарши бўлмаган.

Дунёвий илм ривожлангани сари фақат ва фақат Қуръону Суннат хабар берган кўпдан-кўп маълумотларнинг ҳаққу рост эканлигини исботлаб келаяпти.

Бу ҳақиқатни инсофли ғайридин профессорлар ҳам очиқ-ойдин эътироф этишаяпти.

Саволингиздаги масалага келсак:

«Ҳар бир дуонинг, суранинг ҳам фариштаси ҳам шайтони бўлади» деган гап нотўғри гап.

Шайтонлар сеҳргарлар, фолбинлар, ёлғончи-каззобларни бошқаради.

Ягона Аллоҳга иймон келтириб яшайдиган мўминларга эса кучи етмайди, аммо уларни ҳам адаштириш учун доимий ҳаракатда бўлади.

Мўминлар Ягона Аллоҳга бўлган ибодатлари кучайган сари шайтонларнинг устидан ғалаба қозонишда давом этаверадилар.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 98-100 оятларида айтади:

«(Эй мўмин бандам), ҳар қачон Қуръон қироат қилсанг, албатта қувилган — малъун шайтон (васвасаси)дан Аллоҳ паноҳ беришини сўрагин! Албатта, иймон келтирган ва ёлғиз Парвардигорларига таваккул қиладиган зотлар устида (шайтон) учун ҳеч қандай салтанат — ҳукмронлик йўқдир. Унинг (шайтоннинг) ҳукмронлиги фақат (уни) дўст тутиб, (Аллоҳ)га шерик қилиб оладиган кимсалар устидадир».

«Шайтонни бутунлай енгиб чиккан одам борми», деб сўрабсиз.

Ҳа, албатта, шайтонни мағлуб қилганлар кўп. Ягона Аллоҳнинг Ўзига иймон келтирган ҳолида вафот этган миллиард-миллиард мусулмонлар шайтонларни енгиб чиққан, дунё имтиҳонидан аъло баҳо билан ўтиб олган бўладилар.

Дуо деб Ягона Аллоҳга илтижо қилишга айтилади.

Сура деб Қуръони каримнинг суралари кўзда тутилади.

Қуръони каримдаги барча суралар Аллоҳнинг каломидир.

Аллоҳнинг каломини ўқиш эса фақат ва фақат яхшиликларга сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло Исро сурасининг 9-10 оятларида марҳамат қилганидек:

«Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қиладиган мўминларга катта ажр-мукофот борлигини(нг) хуш хабар(ини) берур. Шунингдек, Охиратга ишонмайдиган кимсалар учун аламли азоб тайёрлаб қўйганимизни(нг) ҳам (хабарини бериб огоҳлантирур, токи одамлар тезроқ тавба қилиб, Охиратга иймон келтириб, азобга дучор бўлишдан қутулиб олишлари учун)».

Яна тушунмаган масалаларингиз бўлса бемалол сўрайверишингиз мумкин. Илмимиз етса жавоб берамиз. Билмаган нарсаларимизни биргалашиб ўрганишда давом этамиз иншоаллоҳ.

* Ўқиладиган суралар ва қабул бўладиган дуолар ҳақида

4-савол:

Жавобингиз учун рахмат.
Кечиринг .яна бир эшитганим тугрисида саволимни бермасдан туролмадим.Буни эшитиб мен умунан тушунмай колдим .факат тугриси яширмай жавоб берсангиз яхши буларди.Шу тугрими. одамлар урганиб ишлатаетган хар бир дуони хам фариштаси хам шайтони бор.улар уша дуони ижобат булишига хизмат килишади дейди.Ахир базорларда. китоб магазинларда олдин куп дуолар езилган китоблар сотилди.Уни билмаган одамлар кандай максатларда ишлатишади.буни уйласа одам дахшатга тушади.

Жавоб:

Бу саволга юқорида қисқача бўлса ҳам жавоб берилди. Лекин, майли, қуйида сал кенгроқ жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Бундай гаплар асоссиз ботил гаплар.

Ислом динимизда дуонинг тартиб-қоидалари, дуо қабул бўлиш учун бир қанча шартлар бор.

1. Авваламбор, дуо фақат ва фақат Ягона Аллоҳга илтижо қилинсагина тўғри дуо бўлади. Агар дуо қилувчи киши Аллоҳдан ўзгаларни аралаштирадиган бўлса ширк ва куфрга айланади.

2. Ягона Аллоҳга дуо қилишда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ тарзда дуо қилиш лозим. Янги пайдо бўлган бидъату хурофотларни аралаштирилмаслиги керак.

3. Дуо қилаётган инсон дунё ва Охиратнинг яхшиликларини сўраб дуо қилиши керак, бировларга ёмонлик етишини сўраб, қарғиш айтиб дуо қилиши жоиз эмас ва ундай дуо қабул бўлмайди ҳам, магар агар жуда қаттиқ зулмга учраган инсон бўлса, унга зулм қилган золим ҳақиқатан зулм қилган бўлса, ана ўша кимсанинг ўзини дуоибад қилиш жоиз бўлади ва мазлумнинг золимга қарши қилган дуоибадини Аллоҳ қабул қилишга ваъда берган. Шунинг учун бировга зулм қилишдан қаттиқ қўрқиб туришимиз керак ҳаммамиз. Золимларнинг келажаги дунё ва Охиратда жуда ҳам ёмон бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Банданинг дуолари қабул бўлишда давом этади, модомики у гуноҳ ишни ва қариндошлик ришталари узилишига сабаб бўладиган нарсани сўрамаётган бўлса, яна агар дуоси қабул бўлишига шошилмайдиган бўлса».

Саҳобалар сўрашди: шошилиш қандай бўлади?

Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:

Дуо қилганидан сўнг «дарҳақиқат мен дуо қилдим, яна дуо қилдим, (Аллоҳ) менинг дуоларимни қабул қилмаяпти», деб ҳасратланиб, дуо қилишни тарк қилиб қўйиши (шошилишдир).

(Имом Муслим ривоятлари)

«Ислом Овози» таҳририяти

Алоқадор мавзулар:

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg