Опа-сингилларимизга ҳижоб оятларини ўргатайлик
- Кириш сўзи;
- Аллоҳ ва Расулига итоат қилиш ҳақида айрим ояти карималар;
- Оналаримизнинг Аллоҳ ва Расулига бўлган итоатлари;
- Аҳволимизга тўғри ташхис қўяйлик;
- Ҳижобнинг фарзлигини баён қилган ояти карималар;
- Ҳижобнинг сифати ва шартлари;
- Ҳижобнинг ҳикмати ва фойдалари ҳақида эслатма.
* Кириш сўзи:
Халқимизга Ислом даъвати етиб келган кундан бошлаб боболаримиз ва момоларимиз бу динни мардларча маҳкам ушлаб, икки олам бахт-саодатини қўлга киритганлар ва дунёга деярли барча соҳаларда етакчи бўлганлар.
Ислом динини чин қалблари билан қабул қилган мўмин ва мўминалар Аллоҳ ва Расулининг фармонига асло бепарво бўлолмайдилар.
Чунки мусулмон бўлиш дегани Аллоҳга итоат қилишга аҳд – ваъда беришдир. Аллоҳга берилган ваъда эса, энг улуғ ва энг улкан аҳду паймондир.
* Аллоҳ ва Расулига итоат қилиш ҳақида айрим ояти карималар:
«Аллоҳга берилган аҳду паймон (Қиёмат Кунида) сўралгувчидир (яъни, Аллоҳга аҳд берганлар аҳдларига вафо қилган-қилмаганликлари ҳақида албатта сўроққа тутиладилар)».
(Аҳзоб: 15)
«Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қил¬ган — буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб) ўзларича ихтиёр этган ишларини қилишлари жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, бас у очиқ-ойдин залолатга кетибди (ҳақ йўлдан қаттиқ адашибди)».
(Аҳзоб: 36)
«(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишдан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар! Огоҳ бўлингизким, осмонлар ва Ердаги бор нарсалар шак-шубҳасиз Аллоҳникидир. У Зот сизларнинг қай ҳолатда эканингизни (яъни мўмин ё мунофиқлигингизни) ҳам, (барча бандалар) Ўзининг ҳузурига қайтариладиган (Қиёмат) Кунини ҳам яхши билур, бас уларга (ўша Кунда) қилиб ўтган амалларининг хабарини берур. Аллоҳ барча нарсаларни билиб тургучи Зотдир».
(Нур: 63-64)
«Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича – бўйинсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар».
(Нисо: 65)
* Оналаримизнинг Аллоҳ ва Расулига бўлган итоатлари:
Бизнинг момоларимиз Аллоҳ ва Расулига бўлган итоатларини энг олий даражада бажо этиш мақсадида нафақат ҳижоб, балки ҳатто паранжи ўрашгача кўтарилганлар.
Биз айтмаймизки, бугунги аёллар ҳам паранжи ўрашсин деб, йўқ. Чунки, ҳар бир замоннинг ўзига яраша шарт-шароитлари бўлади.
Бироқ, муслима аёллар ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳижоб ўрашдек фарзи айн бўлган амалнинг энг асосий вожиб шартларини билиб олишлари ва унга имкон қадар амал қилишлари лозим. Бу борада улар маломатчиларнинг маломатидан қўрқмасликлари керак. Аллоҳ таоло ҳақ динга амал қилишда маломатчиларнинг маломатидан қўрқмайдиган шижоатли ва собитқадам мўмин ва мўминаларни кўп мақтаган.
Тўғри, ҳижобга қарши хуружлар узоқ йиллар давом этган жамиятларда яшаётган сингилларимиз бирданига ҳижобга киришлари осон кечмайди, албатта. Биз ҳижобга киришга қийналаётган сингилларимиз ҳақларида фақат яхши гумондамиз. Иншоаллоҳ уларнинг илмлари ва иймонлари кучайиб борган сайин ҳижобга киришлари осонлашиб боради. Бунинг учун Исломнинг аввалида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган саҳобийя оналаримизнинг ҳаётларини қайта-қайта ўқиб туриш ва улардан гўзал ибратлар олиш тавсия этилади. Ҳижоб оятларининг тафсирларида жуда кўп саҳиҳ ҳадислар ва гўзал ҳикоялар собит бўлган.
* Аҳволимизга тўғри ташхис қўяйлик:
Ватанимиз охирги асрларда Исломнинг турли-туман душманлари томонидан барча соҳаларда тўхтовсиз ҳужумларга учраб келди. Жумладан, омма мусулмонларни исломий илмлардан маҳрум этиш сиёсати жуда ҳам авжига минган пайтлар бўлди.
Натижада айрим одамлар Қуръон ва ҳадисларда очиқ-ойдин баён қилиб қўйилган масалаларни ҳам билмайдиган, ҳатто биров у ҳақда хабар берса, ана шу илоҳий ҳукмалар ҳаққу рост эканлигига ишонолмайдиган бўлиб қолдилар.
Мусулмон киши Ислом динига эътиқод қила туриб беш вақт фарз намозларни ўз вақтида адо этмаслиги ва муслима аёллар номаҳрамларнинг олдида ҳижоб ўрамасдан юришлари Диний илм-маърифатдан маҳрумлигимиз қай даражага тушиб кетганини кўрсатиб турган яққол бир мисолдир.
Жамиятимиздаги аксарият аёллар бизнинг муслима-мўмина опа-сингилларимиздирлар. Зеро, Ўзбекистон аҳолисининг мутлақ аксарияти (93 %) мусулмонлар.
Лекин шундай бўлсада, опа-сингилларимизнинг ичларида ҳижоб оятларини биладиганлари, билганларига амал қиладиганлари, амал қилганларида ҳам тўғри ва мукаммал бажо эта оладиганлари бугунги кунда озчиликни ташкил қилишяпти.
Бу муаммонинг асосий сабаби эса, юқорида айтганимиздек, турғунлик даврида исломий илмлардан деярли бутунлай маҳрум этилганимиздир.
Бу эса қадим-қадим замонлардан иболи, ҳаёли ва юксак ахлоқли бўлиб келган оналаримизнинг муслима-мўмина қизлари учун тўғри келмайдиган ачинарли ҳолат. Биз бундай ҳолатдан албатта имкон қадар тезроқ қутулишимиз керак.
Рисоламизга ҳижоб оятларининг таржималарини илова қилар эканмиз, уни ўқиётган барча ака-укаларимиз, опа-сингилларимиздан илтимосимиз шуки, Меҳрибон Парвардигоримизнинг ушбу панд-насиҳатларини қўлимиздан келганича чиройли услубда, хушмуомилалик ила ён-атрофимиздаги опа-сингилларимизга етказайлик ва секин-асталик билан уларни ушбу фарзни бажо этишга тарғиб этиб турайлик.
* Ҳижобнинг фарзлигини баён қилган ояти карималар:
Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 57-59 оятларида марҳамат қилади:
«Албатта Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига озор берадиган кимсаларни Аллоҳ дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатлагандир ва улар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйгандир. Мўмин ва мўминаларга бирон айб иш қилмаган бўлсалар ҳам озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар. Эй пайғамбар, жуфтларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар! Мана шу уларнинг (озод ва афифа аёллар эканликлари билан) танилиб, озорланмасликлари учун энг яқин (воситадир). Аллоҳ (гуноҳларни кечириб юборадиган) мағфиратли ва (бара бандаларига) меҳрибон бўлган зотдир».
(Аҳзоб: 57-59)
Нур сурасининг 30-31 оятларида ҳам марҳамат қилади:
«(Эй Расулуллоҳ), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг покиза (йўлдир). Албатта Аллоҳ улар қилаётган ишлардан хабардордир. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни, яшириш имконсиз бўлган умумий кўринишларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўксиларини рўмоллари билан тўссинлар! Улар зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ўзларининг оға-иниларига ё оға-иниларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё ўзлари (каби) аёлларга ё қўл остиларидаги чўриларга ё (аёллардан) беҳожат бўлган (яъни жуда кексайиб қолган ёки ақлсиз-девона) эркак хизматкор-қулларга ё аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдакларгагина (кўрсатишлари жоиздир). Яна яширган зеб-зийнатлари билинсин учун оёқларини (Ерга) урмасинлар! Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар».
Яна ушбу суранинг 60-оятида ҳам айтадики:
«Хотинлардан (кексайиб) ўтириб қолган, эрга тегишни ўйламайдиганлари бирон зеб-зийнат билан ясанмаган ҳолларида кийимларини (яъни рўмол, ёпинчиқларини) олиб қўйишларида уларга гуноҳ йўқдир. Ўзларини пок (яъни, рўмол, ёпинчиқ) тутишлари ўзлари учун яхшироқдир. Аллоҳ эшитгувчи, билгувчи зотдир».
Бу ояти каримада қария аёлларга ёшроқ аёллардан кўра кўпроқ енгиллик берилган. Уларга номаҳрам эркакларнинг олдида ҳижобни мукаммал даражада кийишлари шарт эмаслиги айтилиб, ҳар қанча кексайиб қолган бўлсалар ҳам барибир ҳижобни мукаммал даражада ўрашлари афзаллиги баён қилинган.
* Ҳижобнинг сифати ва шартлари:
Уламолар Қуръон ва Суннат асосида ҳижоб аҳкомларини шарҳлаб ёзган китобларида ҳижобнинг қуйидаги саккизта шартини баён қилганлар:
1. Ҳижоб баданнинг ҳаммасини ўраб туриши.
Бир қанча уламолар ҳатто юзни ва икки кафтни ҳам беркитиш вожиб деб айтганлар. Бошқа уламолар эса юз билан икки кафтни беркитиш суннат ва афзал, лекин вожиб эмас, дейишган.
2. Ҳижоб кийими зийнатли мато бўлмаслиги;
3. Пишиқ тўқилган бўлиши (шаффоф, ичи кўриниб турадиган бўлмаслиги) ;
4. Кенг бўлиши (баданга ёпишиб турадиган ва аъзоларни сифатлаб турадиган даражада тор бўлмаслиги) ;
5. Хушбўй сепилган ёки хушбўй тутатилган бўлмаслиги;
6. Эркакларнинг кийимига ўхшаган бўлмаслиги;
7. Кофира аёлларнинг кийимига ўхшаган бўлмаслиги;
8. Шуҳрат либоси (бошқалардан атайин кибрланиб, фахрланиб кийиладиган кийим) бўлмаслиги.
* Ҳижобнинг ҳикмати ва фойдалари ҳақида эслатма:
Меҳрибон Парвардигоримиз аёлларга ҳижоб ўрашни фарз қилар экан, албатта уларни турли-туман ёмонликлардан сақлаш, номаҳрамларнинг шаҳвоний кўзларидан ҳимоя қилиш ва икки оламда бахт-саодатли ҳаёт кечиришларини кўзлаган. Бироқ, ушбу фарз амални ҳам бошқа барча ибодатларни ҳам бажо этишда ҳар бирлари ўз ихтиёрлари билан итоат қилишларини тақдир этган.
Шундай экан, аёллар эркакларнинг кўзини жалб этадиган, аёл шаклига бўлган қизиқишни кучайтирадиган зийнатларини номаҳрамлардан беркитиб юришлари энг аввало ўзлари учун, қолаверса бутун жамият учун фойдалидир.
Аёл зоти бу борада қанча эҳтиёт бўлса ўзининг дини, дунёси ва соғлик-саломатлиги учун шунча яхши бўлади.
Аллоҳ азза ва жалла Ўз бандаларнинг манфаатларини билган ҳолида уларга энг мукаммал шариатни юборган.
Меҳрибон Парвардигоримиз бизга мусаффо ҳолида етказиб берган ушбу муқаддас динига олий даражада амал қила олишимизни насиб айласин ва бу йўлда Ўзи мадад ва нусрат ато этсин. Омин.
«Ислом Овози» таҳририяти
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•