Талоқ борасида Шариатга зид бўлган хунук одат

Савол:

Бир танишимнинг эри уч марта никоҳ ўқитди. Ҳар бир никоҳида уч талоқдан қўйган. Иккинчисида уч талоқ сўзидан олдин «бўшсан, бўлди, тўхтатдим, хотиниммассан, билганингни қил, эрга тег», деган сўзларни айтгандан кейин «уч талоқ» дегани учун, домла: «ундан олдин талоқ тушиб бўлган экан, беникоҳ яшагансизлар, уч талоқ ўтмайди, ўзи талоқ тушиб бўлган» деб қайта никоҳ ўқиган. Мана яна худди шундай воқеа бўлди, яна шу сўзларни ишлатди ва кейин яна уч талоқ деди. Ўзи аввал ҳам уч марта никоҳ ўқитган. Йўл борми йўқми? 9 ойли боласи бор, 5 ойлик бўлганда жавоб берди. «Хотиниммассан» деб ташлаб қўйди ёрдам бермасдан «энди мени вазифаммас» деб. Ижара ҳаққини ҳам бермаяпти болалари учун. У эркак болалари учун тўлаши керакми? У аёл ижарада 2та боласи билан қолиб кетди. 2 та ёш боласи билан кўчада қолиши яхшими? Ижара пулини тўлолмагани учун ҳам уй эгасига уйни бўшатиб қўйиши керак. Бу аёл нима қилсин? Қаерга арз қилсин? Қандай ҳуқуқлари бор? Яна у аёл яқинда операция қилинди. Касал ҳолида қаерга борсин?

Д.

Жавоб:

«Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ».

Бу каби воқеалар – агар ҳақиқатан ҳам саволда ёзилгандек рўй бераётган бўлса – Қиёмат яқинлигини кўрсатади. Қиёматга яқин қолган замонларда турли-туман фисқу фасодлар ва зулму туғёнлар авж олиши ва Аллоҳнинг ҳам ҳар турли жазою уқувбатлари кўпайиб кетиши ҳақида ҳадислар ривоят қилинган.

Мазлумларга ёрдам беришга қодир бўла туриб, уларни ёрдамсиз ташлаб қўйган кишилар ҳам золимлар билан бирга ҳалокатга учрайдилар. Бизни қаттиқ қўрқитаётган нарса ҳам шу. Аллоҳ бизларни ана шундай кимсалардан қилиб қўймасин.

Аллоҳ таоло мазлума сингилларимиз ва норасида гўдакларимизга Ўзи ёрдам берсин.

Бизнинг бугунги кунда қўлимиз калта, имкониятимиз йўқ бўлиб турибди. Қанийди имкон топсагу, барча мазлум ва мазлумаларга ёрдам бера олсак, уларни зоимларнинг зулмидан қутқарсак.

Ҳозирча дуо қилишдан бошқа чора топа олмаяпмиз. Бироқ, дуога асло бепарво бўлмаслигимиз даркор. Аллоҳ толога холисона илтижо қила олиш энг катта кучдир, агар тақво ва солиҳ амаллар билан ҳамдам бўлса.

Шунинг учун ана шундай ожиза ва заифа сингилларимиз ҳам Аллоҳга кўпроқ дуо-илтижолар қилиб туришни асло унутмасинлар.

Шу билан бирга ўзларининг ҳуқуқларини талаб қилиб, тегишли идораларга мурожаат қилишлари ҳам мумкин, гарчи улардан бирор ёрдам чиқиши, жиддий чора кўриши қийин бўлса ҳам.

Умуман олганда, бу дунё имтиҳон дунёси эканлиги ҳам ёдимизда турсин. Ҳар кимга ҳар хил имтиҳонлар келади. Иймони кучли мўмин ва мўминаларга оғирроқ имтиҳонлар бўлади, токи уларнинг жаннатдаги мақомлари олий даражотларга кўтарилиб туриши учун.

Муслима аёл киши фосиқу фожир кимсага хотин бўлиб яшамаслиги керак. Қайсидир бир аҳмоқу жоҳил кимса хотинини уч марта қилган бўлса, у билан яна яшаб кетавериш зино ва улкан гуноҳ бўлади.

Айрим жамиятларда тарқалган энг катта муаммолардан бири шуки, одамлар ичида шундай жоҳил, нодон кимсалар борки, «минг» марталаб талоқ қилса ҳам, ваҳший кимса бўлиб кетса ҳам, бечора аёлни ўшандай кимса билан яшаб ўлиб кетишга мажбурлайдиганлар бор.

Аллоҳул Мустаон. Аллоҳга шикоят қиламиз.

Бундай ишлар мусаффо Ислом динимизга мутлақо зид.

Муслима аёлга муносиб бўлмаган фосиқ эрни даф қилиниши керак.

Муслима аёлни ундай кимсадан ажратиб олишда ҳеч қандай айб йўқ, балки ундан тезроқ қутқариб олиниши зарур.

Фожир кимса билан яшаш Ислом дини шариат қилиб берган никоҳ ва оила қуришдек улуғ ибодатнинг ҳурматини топташ бўлади.

Оила қуришдан кўзланган эзгу мақсад ва ҳикматлар йўқ қилинадиган бўлса, ундай оилада улғаядиган авлод жамиятга янада баттар мусибатлар келтирадиган тарбиясиз бўлиб ўсади.

Ана шундай мусибатларнинг олдини олиш учун ҳам мазлума аёлларни на шариатни ҳурмат қиладиган ва на одамийлик хислатларини биладиган ваҳший кимсалардан озод қилиш ўша ерда яшаётган, аҳволни кўриб-билиб турган мусулмонларнинг зиммаларидаги фарз амал ҳисобланади.

Бу борада одамлар ичида тарқалган бемаъни урф-одатларга қарши чиқишдан қўрқмаслик керак. Яъни, баъзи одамлар талоқ қилинган аёлни ўша бетарбия золиму фосиқ эр билан яна ярашиб яшашга мажбур қилишга одатланиб олганлар, ажрашиш худди шармандалик деб ўйлайдиган бўлиб қолганлар.

Аслида, Ислом дини бежизга талоқ қилишни ва ажрашишни ҳалол қилиб бермаган.

Тўғри, талоқ биринчи ечим эмас, лекин мана шундай ҳолатларда у ягона ечим бўлиб қолади.

Айниқса, уч талоқ қилган бўлса, у ҳолда агар бордию бутун жамият жоҳиллик қилиб «ажрашиш шармандалик бўлади, ажрашманглар» дейишса ҳам, уларнинг ноҳақ талабларига эмас, балки Аллоҳнинг ҳукмига бўйсунган ҳолида ажрашиш шарт бўлади.

Ислом ҳеч кимнинг қўлида ўйинчоқ эмас.

Аллоҳ Қуръони каримнинг бир қанча ояти карималарида айтган:

«Одамлардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар!…».

(Бақара: 150, Оли Имрон: 175, Моида: 3, Моида: 44, Тавба: 13 …)

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi