Ҳаж амалини бажаришда ихлоснинг аҳамияти

Бўлимлар: 05. Ҳаж

Савол: Бирор бир одам ҳаж зиёратига бориб келса, у одамни ҳожи деб чақирса ёки исмининг олдига ҳожи қўйиб айтса бўладими? Ҳожи бўлишлик Аллоҳнинг олдидаги жуда катта мартаба. Ҳажи қабул бўлганми, йўқми, буни Худонинг ўзи билади. Шунинг учун биз Ҳожи ака, деб чақирсак гуноҳкор бўлиб қолмаймизми?

Жаҳонгир.

Жавоб: Аллоҳ ҳузурида амаллар қабул бўлишининг икки шартидан бири ихлосдир. Ихлос эса амални холис Аллоҳ учун адо этишни, мукофот ва ташаккурни фақат Унинг Ўзидан кутишни англатади.

عن عمر بن الخطّاب- رضي اللّه عنه- قال: قال رسول اللّه صلّى اللّه عليه وسلّم: «إنّما الأعمال بالنّيّة، وإنّما لكلّ امريء ما نوى، فمن كانت هجرته إلى اللّه ورسوله فهجرته إلى اللّه ورسوله، ومن كانت هجرته لدنيا يصيبها، أو امرأة يتزوّجها، فهجرته إلى ما هاجر إليه». (البخاري ومسلم).

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам дедилар: «Амаллар ниятга қараб эътиборга олинади. Ҳар бир кишига фақат ният қилган нарсасигина насиб бўлади…» (Бухорий ва Муслим).

وقال الجرجانيّ: الإخلاص: ألّا تطلب لعملك شاهدا غير اللّه تعالى. (نضرة النعيم في مكارم أخلاق الرسول الكريم – (2 / 124).

«Журжоний айтади: Ихлос амалинг учун Аллоҳдан бошқа гувоҳ истамаслигингдир». (Назратуннаийм, 2/124).

Ихлос қалб амалларидан бири бўлиб, уни Аллоҳ ва инсоннинг ўзи билади. Ҳар бир амал учун энг аввало холис ният лозим экан, ҳаж ибодати учун ҳам қалбни тўғрилаш ва фақат Аллоҳ розилигини ният қилиш талаб этилади. Уламолар агар дилда холислик бўлмаса, амалдан фойда бўлмаслиги ҳақида огоҳлантиришган.

وقال أبو حامد الغزالي كلاما قريباً من هذا، فقال (بيان حكم العمل المشـــــــوب واستحقاق الثواب به: اعلم أن العمل إذا لم يكن خالصا لوجه الله تعالى بل امتزج به شوب من الرياء أو حظوظ النفس فقد اختلف الناس في أن ذلك هل يقتضي ثوابا أم يقتضي عقابا أم لايقتضي شيئا أصلا فلا يكون له ولا عليه؟… الخ) فراجعه في (إحياء علوم الدين) جـ 4 صـ 405.

«Билгилки, агар амал холис Аллоҳнинг юзи учун бўлмаса, аксинча, унга риёдан ва нафснинг насибасидан бирор нарса аралашса, бу амал савобга сазовор бўладими ёки азобгами ё эса ҳеч нарсага арзимайди, яъни на фойда ва на зарарми, деган масалада олимлар ўртасида ихтилоф бор». (Иҳёул-улум, 4/405).

Ихлосни йўққа чиқарувчи иллат риёдир. Риё биров кўрсин ва мақтасин учун амал қилиш бўлиб, бунининг отини кичик ширк, деб айтилади. Ширк бирор амалда Аллоҳга Ундан бошқани шерик қилишдир.

عن أبي هريرة- رضي اللّه عنه- قال: قال رسول اللّه صلّى اللّه عليه وسلّم: «قال اللّه تبارك وتعالى: أنا أغنى الشّركاء عن الشّرك، من عمل عملا أشرك فيه معي غيري تركته وشركه «2»»)* «3». (رواه مسلم).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло деди: «Мен шерикларнинг ширкдан энг беҳожатиман. Кимки бир амални бажариб, унда Менга Мендан бошқани шерик қилган бўлса, унинг ўзини ҳам, ширкини ҳам тарк этаман». (Муслим).

Ҳаж ҳам Аллоҳ учун қилинадиган ибодат ва бунинг мукофотини ёлғиз Аллоҳдан умид қилинади. Ҳажга бориб келгани учун ўзининг исмига «ҳожи» деган қўшимча киритилишини дилдан истайдиган одам қилган ибодати учун фақат Аллоҳдан эмас, балки одамлардан ҳам мукофот олишни хоҳлаган бўлади ва бу жуда хатарли иш -ширкка айланади. Бундай кимса Аллоҳ ҳузуридаги савоби камайиб кетиши ёки бутунлай ўчирилишидан қўрқиши керак.

Аммо ҳаж зиёратига бориб келган инсон ўзи истамаса ҳам одамлар уни Ҳожи ака деб мурожаат қилаётган бўлсалар, бунинг учун ҳажга бориб келган одамни айблаб бўлмайди. Зиёратга бориб келган одамни чақиришда «ҳожи» исмини қўллаш – агар унинг риёга кетишига сабаб бўлмаса – зарар йўқ, валлоҳу аълам. Бундай номни қўлламаган эса афзалроқ.