Қасам ичишга оид муҳим масалалар
- Қасам ичиш мавзуси ҳақида мухтасар маълумот;
- Қасамни бузиш каффорати;
- Мавзуга доир айрим оят-ҳадислар;
- Қуръони карим китобига қўл қўйиб қасам ичиш масаласи.
- Қасам ичиш мавзуси ҳақида мухтасар маълумот:
Қасам ичиш зарур бўлиб қолган ишларда фақат ва фақат Ягона Аллоҳнинг Ўзигагина онт ичишга рухсат берилади. Чунки, бу нарса жуда ҳам улкан масала.
Аллоҳнинг исм ва сифатларидан бошқа нарсаларга қасам ичиш ширк ва гуноҳи кабира (Аллоҳ таолони дарғазаб қиладиган улкан гуноҳ).
Ягона Аллоҳнинг номи билан қасам ичиш ҳам енгил нарса эмас. Аллоҳнинг буюклигини доимо ҳис қилиб яшайдиган мўмин киши бўлар-бўлмас ишларга қасам ичмайди, балки Аллоҳнинг номини улуғлагани учун ҳам ҳадеб ҳамма ишларга қасам ичавермайди. Жуда ҳам муҳим ишда қасам ичишга тўғри келиб қолганда Ягона Аллоҳнинг номи билангина қасам ичади.
Қасам ичаётган инсон Шариат рухсат берган доирадан чиқмаслиги даркор, ҳеч қандай бир ҳаром ишни қилишга асло қасам ичмаслик керак.
Шариат рухсат берган ишни қилишга қасам ичгандан кейин албатта ўша ишни бажариши фарзга айланади.
Агар бажара олмаса каффорат тўлаши шарт бўлади.
- Қасамни бузиш каффорати:
Битта мусулмон қулни озод қилиш ёки ўнта мискинга кийим олиб бериш ёки ўнта камбағалнинг қорнини бир марта тўйдириш.
Агар бу учта ишдан биронтасини ҳам бажара олмайдиган бўлса уч кун рўза тутиб бериши вожиб бўлади.
Шариат рухсат бермаган ҳаром ишни қилишга қасам ичиб қўйган бўлсачи?
Бунинг жавоби шуки, албатта тезда Аллоҳга тавба қилиши ва ўша ҳаром ишни қилмаслиги керак.
Шу билан бирга ҳозир айтиб ўтилган қасам каффоротини ҳам тўлаши лозим.
- Мавзуга доир айрим оят-ҳадислар:
Аллоҳ таоло Моида сурасининг 89-оятида марҳамат қилади:
{لَا يُؤَاخِذُكُمُ اللَّهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ وَلَكِنْ يُؤَاخِذُكُمْ بِمَا عَقَّدْتُمُ الْأَيْمَانَ فَكَفَّارَتُهُ إِطْعَامُ عَشَرَةِ مَسَاكِينَ مِنْ أَوْسَطِ مَا تُطْعِمُونَ أَهْلِيكُمْ أَوْ كِسْوَتُهُمْ أَوْ تَحْرِيرُ رَقَبَةٍ فَمَنْ لَمْ يَجِدْ فَصِيَامُ ثَلَاثَةِ أَيَّامٍ ذَلِكَ كَفَّارَةُ أَيْمَانِكُمْ إِذَا حَلَفْتُمْ وَاحْفَظُوا أَيْمَانَكُمْ كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ آيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ}.
المائدة: 89
«Аллоҳ сизларни тилларингиздаги беҳуда қасамларингиз сабабли жазоламайди. Балки (дилларингиздаги) маҳкам туккан қасам сабабли (агар шундай қасамни бузсангиз) жазолайди. Бас, унинг каффорати ўз оилангизни боқадиган ўртача таомлардан ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг сарпосини қилиш, ёҳуд бир қулни озод қилишдир. Ким (бу нарсаларни) топа олмаса, уч кун рўза тутсин! Мана шу — қасам ичган (ва уни бузган) пайтингиздаги қасамларингиз каффоратидир. Қасамларингизни сақлангиз! Шукр қилишингиз учун Аллоҳ сизларга Ўз оятларини мана шундай очиқ-ойдин баён қилур».
«Қасамларингизни сақлангиз» деган ояти карима тўрт хил маънони ўз ичига олади:
1. Аллоҳдан ўзгага қасам ичмаслик;
2. Ёлғон нарсаларга қасам ичишдан сақланиш;
3. Бўлар-бўлмас ишларга қасам ичавермаслик;
4. Бирор ишга қасам ичса, уни албатта бажо этиш, агар шариат рухсат берган амал бўлса.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«من حلفَ بغيرِ اللَّهِ فقد أشرَك».
صحيح أبي داود برقم 3251
«Кимки Аллоҳдан ўзгага қасам ичса дарҳақиқат ширк келтирибди».
(Имом Абу Довуд ривоятлари).
«ثلاثةٌ لا يُكَلِّمُهم اللهُ يومَ القِيامةِ ، ولا يَنظُرُ إِليهِمْ ، ولا يُزَكِّيهِمْ ، ولَهُمْ عذابٌ ألِيمٌ ، قال فَقَرَأَهَا رسولُ اللهِ صلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ ثلاثَ مِرارٍ . قال أبُو ذَرٍّ : خَابُوا وخَسِرُوا . مَن هُم يا رسولَ اللهِ ؟ قال : الْمُسْبِلُ والمَنَّانُ والمُنْفِقُ سِلْعَتَهُ بِالْحَلِفِ الكاذِبِ».
رواه مسلم
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло Қиёмат куни уч тоифа одамларга гапирмайди, қармайди, уларни оқламайди, ундай кимсаларга аламли азоб бор», деб уч марта такрорладилар.
Шунда Абу Зар розияллоҳу анҳу сўрадилар:
«У кимсалар нақадар ҳам бахтсиз, зиёнкор экан, улар кимлар эй Расулуллоҳ?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:
«(Кийимини) тўпиғидан пастига осилтириб юрадиган кимса, (қилган ихшилигини) миннат қилувчи кимса ва молини ёлғон қасам билан ўтказадиган кимса».
(Имом Муслим ривоятлари).
«من نذر أن يُطِيعَ اللهَ فلْيُطِعْهُ ، ومن نذرَ أن يعصِيَه فلا يَعْصِه».
رواه البخاري
«Ким Аллоҳга итоат қиламан деб назр қилса (қасам ичиб ваъда берса), бас, У Зотга итоат қилсин. Кимки У Зотга осийлик қиламан деб назр қилса, бас, У Зотга осийлик қилмасин».
(Имом Бухорий ривоятлари)
«من حلفَ على يمينٍ فرأى غيرَها خيرًا منها فليُكَفِّر عن يمينِهِ وليأتِ الَّذي هوَ خيرٌ».
صحيح النسائي برقم 3790
«Кимки бир ишга қасам ичганидан сўнг бошқа иш ундан кўра яхшироқ эканлигини кўрса, ичган қасамининг каффоратини адо этиб, яхшироқ ишни бажарсин».
(Имом Насоий ривоятлари).
- Қуръони карим китобига қўл қўйиб қасам ичиш масаласи:
Баъзилар Қуръони карим чоп қилинган мусҳафга қўл қўйиб қасам ичиш шариатда бор деб ўйлайдилар. Шариат рухсат берган қасам, юқорида айтиб ўтилганидек, Аллоҳнинг исм ва сифатлари билан қасам ичиш. Қуръони карим Аллоҳнинг каломи бўлгани учун У Зотнинг сифати ҳисобланади. Шундай экан, Қуръон билан қасам ичиш жоиз.
Бироқ, Қуръони карим чоп қилинган мусҳафга қўл қўйиб қасам ичиш тариқаси эса на ҳадисларда ва на саҳобаи киромларнинг амалларида собит бўлган. Мусулмон киши дин ишларида бидъат пайдо қилишдан узоқ бўлади. Шунинг учун уламолар бу ишдан қайтарганлар.
Валлоҳу аълам.
«Ислом Овози» таҳририяти
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•
https://telegram.me/islomovozi