Кўпхотинлиликка оид муҳим масалалар

  • Биттадан ортиқ аёлга уйланиш ҳақидаги ояти кариманинг маъноси;
  • “Биттаси билан кифояланиш мустаҳаб” деган уламолар ;
  • Аллоҳнинг оятлари беҳикмат эмас;
  • Қўлингиздан келадиган ишми?
  • Агар адолат қила олмасангиз …
  • Вожиб адолатнинг чегараси қаерда?
  • «Адолат қилишга асло эриша олмайсизлар»  деган оятнинг маъноси;
  • Адолат ва муроса орасида ;
  • Аёл киши эридан талоқ талаб қилиши ;
  • Иккинчи аёлга уйланиш учун биринчи аёлнинг рухсати шартмас, лекин…
  • Кўпхотинлининг хатоси туфайли шариат ҳукмини ёмонлаётганлар учун ташбиҳлар.

***

* Биттадан ортиқ аёлга уйланиш ҳақидаги ояти кариманинг маъноси:

Ислом эркаклар учун аёллар ўртасида адолат қилиш, уларнинг ҳақларини бажо этиш ва оила таъминотини бўйинларига олиш шарти билан тўрттагача уйланишга рухсат беради.

Аллоҳ таоло Нисо (аёллар) сурасининг 3-оятида марҳамат қилади:

{وَإِنْ خِفْتُمْ أَلَّا تُقْسِطُوا فِي الْيَتَامَى فَانْكِحُوا مَا طَابَ لَكُمْ مِنَ النِّسَاءِ مَثْنَى وَثُلَاثَ وَرُبَاعَ فَإِنْ خِفْتُمْ أَلَّا تَعْدِلُوا فَوَاحِدَةً أَوْ مَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ ذَلِكَ أَدْنَى أَلَّا تَعُولُوا}

“Агар етимлар масаласида адолат қила олмасликдан қўрқсангизлар, ўзингизга ёққан аёллардан иккита-иккита, учта-учта, тўртта-тўртта никоҳлаб олинглар. Агар адл тура олмасликдан қўрқсангизлар, бас биттага уйланинг ёки қўлингиз остидаги чўрилар билан кифояланинг. Ана шу сизларнинг зулм қилишдан сақланишингизга ёрдамдир”.

Муфассирлар бу оятда (ва ундан олдинги иккинчи оятда) бойлик билан қолган етим қизлар ҳаққини ҳимоя қилиш буюрилганини баён этадилар. Ўз ҳимоясидаги қариндош етим қизга унинг бойлигига қизиқиб уйланмоқчи бўлаётган, аммо адолат қилиши даргумон бўлган одамлар учун у қизлардан кўра бегона аёлларга совчи қўйиш яхшироқ экани айтилади.

Аллоҳ таоло эркаклар учун бошқа аёлларга майли иккитаданми, учтаданми, тўрттаданми уйланишлари мумкинлигини маълум қилади. Аммо бунда ҳам адолат шарти қоимдир.

Биттадан ортиқ аёллар орасида холис ва адл тура олмайдиган одамлар учун биттаси ҳам етарли, дейди. Ё эса улар чўрилари билан кифояланишлари мумкин.

* “Биттаси билан кифояланиш мустаҳаб” деган уламолар :

Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда тўрттагача хотин олиш зулм қилиб қўймаслигига ишонадиган, аёллари ва фарзандларини адолат билан боқа оладиган эр киши учун мубоҳ саналади. Тўртта аёлга эмас, учта аёлга қурби етадиган киши хоҳласа учта аёл билан хоҳласа ундан камроғи билан чекланиши мумкин. Учта аёлни адолат билан боқа олмайдиган бўлса иккита билан, иккита аёлга ҳам адолат қилолмай қолиши мумкин бўлса битта аёл билан чекланиши керак бўлади.

(Имом Жассоснинг Аҳкомул-Қуръон китоблари: 2/54)

Шофеий ва ҳанбалий уламолар эса агар инсоннинг қатъий эҳтиёжи бўлмаса, нафсини сақлаш учун битта аёл кифоя қилса, шундан ортиғига уйланмаслиги мустаҳабдир, дейишади.

Чунки биттадан ортиққа уйланишда гуноҳга йўл қўйиш хатари мавжуддир.

Аллоҳ айтган: “Агар ҳаракат қилсангизлар ҳам аёллар ўртасида асло адолат қила олмайсизлар. Бас буткул мойил бўлиб кетманглар (яъни, биттасига қалб муҳаббатида ҳаддан ошманглар). Токи бошқаси на жуфту на никоҳдан ажраган, худди осилиб қолгандек бўлмасин…”. (Нисо, 129).

(Фиқҳий қомус: 41/220).

* Аллоҳнинг оятлари беҳикмат эмас;

Юқорида айтилганлар билан бир қаторда бу оят ва ҳукмлар бекорга жорий бўлмаганини таъкидлаб ўтишимиз керак.

Аллоҳ таолонинг барча ҳукмларида кўпдан-кўп ҳикматлар ва фойдалар бор.
Аллоҳнинг қонунлари Қиёматга қадар амал қилади.

Замон ва маконнинг холиқи Ўз ҳукмларини ҳам барча замонлар ва маконлар учун мос қилиб жорий этган. Буни шубҳа остига олган киши ўзининг Аллоҳга бўлган иймонида шак ва нуқсон борлигини намоён қилади.
Ҳаёт одамлар ўйлаган ва хоҳлагандан кўра мураккаброқ ва мазмунлироқдир.

Биттадан ортиққа уйланиш баъзи одамлар учун ҳаётий зарурат бўлиши мумкин.

Одам боласида шундай вазиятлар вужудга келадики, аёли бўлгани ҳолда яна бошқага уйланишга мажбур бўлади. Биринчи аёли ҳам шунга рози ёки шуни тавсия қилиб қолади. Яна бошқа сабаблар ҳам мавжуд.

Демак, гап бу масаланинг кимнингдир кўнглига ёқмаслиги ёки ёқишида эмас. Балки жамият ва инсоният ҳаёти учун қанчалик аҳамиятга эга эканида.

Дунёда бизга ёқмайдиган, аммо вазият тақозо қилганидан кўнишга мажбур бўладиган ҳолатлар қанча.

Ислом аҳкомларининг биронта ҳам ортиқчаси йўқ. Уларнинг ҳаммаси ўз ўрни билан ишлайди. Шундай бўладики, ундан бошқаси бунинг ўрнини боса олмай қолади.

Одамлар Исломда бор нарсани йўқ қилиб ёки кенг нарсани тор қилиб олишлари керак эмас. Аллоҳ юборган Ислом ўз ҳолида сақланади ва амал қилади.

Аммо ҳар бир ҳукм ақл ва ҳикмат билан татбиқ қилиниши зарур.

Ҳукмлар алоҳида шахсларнинг истакларига бўйсундирилиши, маълум гуруҳларнинг тор манфаатларига боғлиқ қилиб қўйилиши ёки суиистеъмол қилиниши мумкин эмас.

* Қўлингиздан келадиган ишми?

Битта оилани боқишга қурби етмагани ҳолда бошқага уйланишга ҳаракат қиладиган ёки ўзининг оиласи ва болалари билан яхши муносабатда бўла олмайдиган одам кўпинча нафс йўлига кириб кетади ва кейин жанжалу низолардан боши чиқмай юради. Кўпчиликни норози қилади.

Инсон уйланишдан аввал одамийликни билиши, одам билан муроса қилишни ўрганиши лозим. Қўлидан келмайдиган ишга киришмаслиги, охиригача чиройли олиб боролмайдиган ишлардан сақланиши керак.
Иккинчи аёлга уйланишни қўйиб турайлик, умуман оила қуришнинг ҳукми ҳамма учун бир хилда эмас.

Исломда турмуш қуриш ким учундир фарз, ким учундир суннат, ким учундир макруҳ, баъзи одам учун ҳатто ҳаром саналади. Оила қуриш кимга ҳаром бўлиши мумкин? Оила юкини елкасига ола билмайдиган, одам билан муомала қила олмайдиган инсон учун оила қуриш ҳаромдир. Шундай экан, иккинчи аёлга уйланмоқчи бўлаётган одам бу талабларга бир марта яхши жавоб бера олганми? Келишмовчиликлар қаршисида сабр ва ақл билан иш кўриши синовдан ўтганми? Муросасизлар билан ҳам муроса қилиб кўрганми? Агар “ҳа” бўлса, яхши. Жавоб номаълум бўлса, унда шошмаслик керак.

* Агар адолат қила олмасангиз …

{ فَإِنْ خِفْتُمْ أَلَّا تَعْدِلُوا فَوَاحِدَةً أَوْ مَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ ذَلِكَ أَدْنَى أَلَّا تَعُولُوا } (النساء:3)

«Агар адолат қила олмасликдан қўрқсанглар, бас битта аёл билан ёки қўлингиз остидаги чўрилар билан кифояланинглар».

(Нисо: 3).

 عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: » مَنْ كَانَتْ لَهُ امْرَأَتَانِ فَمَالَ إِلَى إِحْدَاهُمَا جَاءَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَشِقُّهُ مَائِلٌ «. (رواه أبو داود).

Абу Ҳурайрадан ривоят. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Кимнинг иккита аёли бўлсаю улардан бирига оғиб кетса, Қиёмат куни бир томони шол бўлган ҳолда келади».

(Абу Довуд ва бошқалар ривояти; Албоний: саҳиҳ).

* Вожиб адолатнинг чегараси қаерда?

Эркакнинг устида аёлларга нисбатан вожиб бўлган адл вақт тақсимотида, нафақа беришда, кийим ва озуқага бўлган эҳтиёжларини қоплашдадир. Агар эр аёлларнинг ҳар бири учун зарур бўлган таъминотларини тўла адо этгандан кейин улардан биттасига ўзи хоҳлаганча  бошқалардан кўра ортиқроқ муомала қилиши мумкинми? Аксар аҳли илмлар буни жоиз, дейишган.

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

Адлдан мурод ҳар бир аёлни унинг ўзига лойиқ нарса билан таъминлаб, аёллар орасини баробар тутишдир. Агар эркак киши аёллардан ҳар бирининг кийим, турар жой, озиқ-овқат ва бирга бўлиш ҳақини тўкис адо этса, қайсидир бирига шундан ортиқроқ илтифот кўрсатишининг зарари йўқ. Бу қалбнинг майли ва бирор туҳфа кўринишида бўлиши мумкин.

(islamweb /28707).

Вожиб адолатни адо этгандан сўнг аёллардан бирига кўпроқ илтифот кўрсатиш жоиз деган сўз жумҳур фуқаҳоларнинг сўзларидир. Баъзи уламолар (жумладан, Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ) буни мумкин эмас, ҳар қандай ҳолатда ҳам адолат сақлаш вожибдир, деб хулоса қилганлар.

* «Адолат қилишга асло эриша олмайсизлар»  деган оятнинг маъноси:

Аллоҳ таолонинг «Сизлар ҳар қанча уринсангиз ҳам аёллар ўртасида адолат қилишга асло эриша олмайсизлар» (Нисо/129), деган сўзида қалбнинг мойиллиги айтилган. Чунки қалб уларнинг ичидан биттасига (кўпроқ) мойил бўлиши мумкин. Имом Аҳмад ўз Муснадларида ривоят қиладиларки, Оиша разияллоҳу анҳо айтдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вақтни аёллари ўртасида адолат билан тақсим қилардилар, сўнг: «Эй Аллоҳим, бу менинг ўзим эгалик қиладиган нарсадаги тақсимотим. Энди Ўзинг эгалик қиладиган, мен эгалик қила олмайдиган ишда мени айблама» деб қалб(даги муҳаббат баробар бўлмаслиги)ни назарда тутардилар.

Шунинг учун Аллоҳ айтди: «Бас буткул мойил бўлиб кетманглар (яъни, биттасига қалб муҳаббатида ҳаддан ошманглар), токи бошқаси на жуфту на никоҳдан ажраган, худди осилиб қолгандек бўлмасин». Аллоҳ билувчироқ.

(islamweb /1342)

* Адолат ва муроса орасида :

Имом Ҳаскафий ва имом Тумуртоший Ал–Хулоса китобидан нақл қилиб айтишган:

«Эркак аёллардан ҳар бириникида бир кечаю бир кундуздан яшайди. Агар истаса уч кечаю уч кундуздан ёки ундан кўпроқ яшаши мумкин. Агар бошқа аёллари рухсат бермаса, аёллардан бириникида кўпроқ яшай олмайди».

(Ад-Дуррулмухтор – 2/401. Ал-Мавсуатул фиқҳийя – 33/195).

Юқорида келтирилганлардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, агар инсон биринчи оиласида, фарзандлари олдида кўпроқ бўлишни истаса, бунинг сабабларини иккинчи аёлига тушунтириши ва унинг розилигини олиши керак бўлади. Иккинчи аёлнинг уйида камроқ бўлиши ҳисобидан унга кўпроқ мурувват кўрсатиши, шу йўл билан муросага эришиши мумкин, валлоҳу аълам.

* Аёл киши эридан талоқ талаб қилиши:

Аёл киши эрининг иккинчи аёлга уйланганини сабаб қилиб, ажрашаман деган талабни қўйиши жоиз эмас.

عن ثوبان رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:
«أيما امرأة سألت زوجها طلاقها من غير بأس فحرام عليها رائحة الجنة».

 (رواه أبو داود والترمذي وابن حبان).

Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Қайси бир аёл эридан асоссиз равишда талоғини сўрайдиган бўлса, унга жаннат ҳиди ҳаромдир».

(Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон ривоятлари).

Агар аёл киши оилада кимдандир зулм кўраётган, адолатсизлик қурбони бўлаётган бўлса, адолат талаб қилиши, бунинг уддасидан чиқа олмаса, талоқ сўраши мумкин.

Аммо зулм ва адолатсизликни бартараф этишда ажралиш, бузиш йўлидан эмас, балки инсофга чақириш, насиҳат қилиш, танбеҳ бериш, ҳамда муросаю мадора, ўзаро бир-бирини тушуниш ва сабрли бўлиш йўлидан борилади. Айрим аёлларнинг салгина камчиликка ҳам жанжал кўтаришлари оқланадиган иш эмас.

* Иккинчи аёлга уйланиш учун биринчи аёлнинг рухсати шартмас, лекин…

Исломда иккинчи аёлга уйланмоқчи бўлган эркак биринчи аёлидан рухсат олиши шарт қилинмаган. Аммо шундай нияти бўлган одам биринчи аёли билан маслаҳатлашишдан қайтарилмайди. Аксинча, ақлли инсон жиддий ишларни ўзининг яқин кишилари билан маслаҳтлашган ҳолда амалга оширади. Айниқса, оила қуриш масаласи бошқалардан бир умрга яшириб ўтиб кетса бўладиган жўн иш эмас. Иложи борича, бу ҳақда биринчи аёл билан аввалдан келишиш ва унинг розилигини олиш фойдали бўлади.

Валлоҳу аълам.

* Кўпхотинлининг хатоси туфайли шариат ҳукмини ёмонлаётганлар учун ташбиҳлар:

Аллоҳ таолонинг ҳукмларига нисбатан одамларнинг муносабатлари қадимдан турлича бўлиб келгани ва шундай давом этиши маълум.

Биз бу ўринда ҳаётда кўп учраётган айрим муносабатларга баъзи бир ташбиҳларни келтириб ўтмоқчимиз. Шояд, масаланинг асл моҳиятини тушунмасдан туриб ҳар-хил гапларни гапириб юбораётганлар тилларига эҳтиёт бўлишларига сабаб бўлса ажабмас.

Кўпхотинлиликка қарши бўлган одамлар аёлларга адолатли муносабатда бўлмасдан шариат ҳукмини суиистеъмол қилётганларнинг ҳаётидан мисоллар келтириб, ўзларича ушбу шаръий ҳукмнинг «хато ва зулм» эканлигини, ҳеч бўлмаганда «бизнинг ривожланган замонамизга тўғри келмаслиги»ни исботламоқчи бўладилар. Худдики, Дин шу нарсага рухсат бермаса оила ва жамиятнинг аҳволи яхшиланиб қоладигандай, гўё жамият фоҳишалардан, қаровсиз қолган қизларни фоҳишаликка сотиб юбораётган ваҳший ташкилотлардан тинч-омонда яшаётгандай.

Уларнинг бу каби дунё қарашларини бошқа соҳаларга ҳам бир таққослаб, ташбиҳ қилиб кўрилса, нақадар «ақлли»га эканликлари кўриниб қолади.

Баъзи бир шаҳватпараст эркакларнинг қилмиши туфайли бу илоҳий ҳукмни ёмонлаётганларнинг тафаккур доиралари қуйидаги мисоллардаги ҳолатлардан фарқ қилмайди:

–    Мусулмонликни даъво қила туриб ёмон ишларни қилиб юрган кимсалар туфайли Ислом динини ва барча мусулмонларни ёмонлаш ;
–    Турли-туман ваҳшийликларга қўл ураётган кимсалар туфайли бутун инсониятни ёмонлаш, «барча инсонлар мана шундай ваҳший бўлиб кетган, инсон зотини йўқ қилиб ташлаш керак» деган фикрга бориш ;
–    Зоҳиридан намозхон бўла туриб зинога йўл қўйган, ароқ ичган ва ўғрилик қилган кимсалар туфайли намозни ёмон кўриш, барча намозхоларни қоралаш;
–    Ҳижоб ўраб олиб уятсиз ишларни қилиб юрган қизни баҳона қилиб ҳижобни ёмонлаш ва ҳижобга қарши чиқиш;
–    Илмига амал қилмаётган олимни деб барча уламоларни ёмонлаш, илму маърифатга қарши чиқиш;
–    Дўхтирлик гувоҳномасини сотиб олган қалбаки врачлар кўпайиб кетгани туфайли табобат илмини бутунлай инкор қилиш;
–    Қалбаки моллар кўпайиб кетгани учун умуман ҳеч нарса сотиб олмай қўйиш;
–    Айрим машина ҳайдовчилари йўл қоидаларига риоя қилмай ҳайдаётгани туфайли машина ҳайдашни бутунлай манъ этилиши керак дейиш;
–    Самолётлар ҳам ҳавода портлаб кетиш ҳолатлари кўп учраяпти, деб учоқларни бутунлай ман қилиб қўйиш… ва ҳоказо минглаб мисоллар келтириш мумкин.

Мана шундай дунё қарашга эга инсон билан кўпхотинлиларнинг хатоси туфайли шаръий-илоҳий ҳукмни йўққа чиқаришни истаётган одамнинг қандай фарқи бор?

Аллоҳ таоло Ўзи барчаларимизни ҳақ йўлдан адаштирмасин, тақдирига рози бўладиган, шариатига чин қалби билан иймон келтириб, солиҳ амаллар қилиб яшайдиган мўмин бандаларидан қилсин…

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi