Баланд пошнали оёқ кийим кийиш ҳукми

Савол:

Аёллар пошнали оёқ кийим кийишлари гуноҳми?

Жавоб:

Аёллар номаҳрам эркакларнинг кўзлари тушадиган жойларда баланд пошнали оёқ кийимларни кийиб юришлари жоиз бўлмайди.

Аллоҳ таоло ҳижоб ўраш ва кўзларни тийиш ҳақида Нур сурасининг 30-31 оятларида марҳамат қилади:

{قُل لِّلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ۚ ذَٰلِكَ أَزْكَىٰ لَهُمْ ۗ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ (30) وَقُل لِّلْمُؤْمِنَاتِ يَغْضُضْنَ مِنْ أَبْصَارِهِنَّ وَيَحْفَظْنَ فُرُوجَهُنَّ وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا مَا ظَهَرَ مِنْهَا ۖ وَلْيَضْرِبْنَ بِخُمُرِهِنَّ عَلَىٰ جُيُوبِهِنَّ ۖ وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا لِبُعُولَتِهِنَّ أَوْ آبَائِهِنَّ أَوْ آبَاءِ بُعُولَتِهِنَّ أَوْ أَبْنَائِهِنَّ أَوْ أَبْنَاءِ بُعُولَتِهِنَّ أَوْ إِخْوَانِهِنَّ أَوْ بَنِي إِخْوَانِهِنَّ أَوْ بَنِي أَخَوَاتِهِنَّ أَوْ نِسَائِهِنَّ أَوْ مَا مَلَكَتْ أَيْمَانُهُنَّ أَوِ التَّابِعِينَ غَيْرِ أُولِي الْإِرْبَةِ مِنَ الرِّجَالِ أَوِ الطِّفْلِ الَّذِينَ لَمْ يَظْهَرُوا عَلَىٰ عَوْرَاتِ النِّسَاءِ ۖ وَلَا يَضْرِبْنَ بِأَرْجُلِهِنَّ لِيُعْلَمَ مَا يُخْفِينَ مِن زِينَتِهِنَّ ۚ وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَ الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ}.

[النور: 30-31]

«(Эй Расулуллоҳ), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта Аллоҳ улар қилаётган ишлардан хабардордир. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни, яшириш имконсиз бўлган умумий кўринишларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўксиларини рўмоллари билан тўссинлар! Улар зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ўзларининг оға-иниларига ё оға-иниларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё ўзлари (каби) аёлларга ё қўл остиларидаги чўриларга ё (аёллардан) беҳожат бўлган (яъни жуда кексайиб қолган ёки ақлсиз-девона) эркак хизматкор-қулларга ё аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдакларгагина (кўрсатишлари жоиздир). Яна яширган зеб-зийнатлари билинсин учун оёқларини (Ерга) урмасинлар! Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар».

Ушбу оятда «Яна яширган зеб-зийнатлари билинсин учун оёқларини (Ерга) урмасинлар» деган ибора баланд пошнали оёқ кийимларни ҳам ўз ичига олади. Яъни, баланд пошнали оёқ кийимларни номаҳрам эркаклар кўзи тушадиган жойда кийиш дуруст эмас.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«صنفانِ من أهلِ النارِ لم أرَهما: قومٌ معهم سياطٌ كأذنابِ البقرِ يضربون بها الناسَ . ونساءٌ كاسياتٌ عارياتٌ مميلاتٌ مائلاتٌ . رؤوسُهنَّ كأسنِمَةِ البختِ المائلةِ . لا يدخلْنَ الجنةَ ولا يجدْنَ ريحَها …».

رواه مسلم

«Дўзах аҳлидан бўладиган икки тоифа инсонларни кўрмадим (яъни, ҳали дунёга келмадилар, Қиёматга яқин пайдо бўладилар. Биринчи тоифа) қўлларида молнинг думига ўхшаган қамчилари бўлади, ана шу қамчилари билан одамларни калтаклайдилар (яъни, халққа зулм ўтказадиган золим ҳукуматларнинг миршаблари. Иккинчи тоифа эса) кийим кийган ялонғоч аёллар, улар (эркакларни ўзларига) мойил қиладилар ва ўзлари ҳам (фитнали шаклда қийшайиб, номаҳрам эркаклар томонга) мойил бўлиб юрадилар, бошлари худди туянинг қийшайган уркачига ўхшайди (яъни, сочларини ана шундай шаклда ясатиб оладилар). Улар жаннатга кирмайдилар ва жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайдилар…».

(Имом Муслим ривоятлари).

Кўпчилик уламолар қуйидаги сабаблар туфайли баланд пошнали оёқ кийимларни кийишдан қайтарадилар:

  1. Юрганда тақ-туқ этиб, эркакларни ўзига қаратадиган овоз чиқаради;
  2. Зоҳирий шакли ва кўриниши жиҳатидан ҳам эркакларнинг кўзини жалб этади;
  3. Бўйи баланд бўлмаса ҳам ёлғондан баланд бўйли аёлдек қилиб кўрсатади;
  4. Баланд пошнали оёқ кийим кийган аёл ўзининг соғлигига ҳам зарар келтиради, юрган йўлида салдан салга қоқилиб, йиқилиб кетиши ҳам мумкин. Зеро, товонини ҳам ва умумий аъзои жисмини ҳам юқоридаги ҳадисда ишора қилинганидек қийшайтириб юришига сабаб бўлади.

Истисноли ҳолат:

Агар пошнали оёқ кийимни аёлларга хос даврада ёки эрининг ҳузурида ва соғликка зарар келтирмайдиган тарзда киядиган бўлса, фақат ана шундагина жоиз бўлиши мумкин, Валлоҳу аълам.

Ҳижоб аҳкомларини ўрганиш:

Юқорида зикр қилинган оятнинг тафсирида ва кўпдан кўп ҳадиси шарифларда ҳижоб аҳкомларига оид бир қатор тафсилотли масалалар бор. Муслима сингилларимиз уларни аҳли илм устозларнинг дарсларидан эшитиб, тушунмаган жойларини сўраб, шаръий илмларни имкон қадар чуқурроқ ўрганиб боришлари лозим.

Ҳижобнинг фойдаси:

Аёллар эркакларнинг кўзини жалб этадиган, аёл шаклига бўлган қизиқишни кучайтирадиган зийнатларини номаҳрамлардан беркитиб юришлари энг аввало ўзлари учун, қолаверса бутун жамият учун фойдалидир.

Аёл зоти бу борада қанча эҳтиёт бўлса ўзининг дини, дунёси ва соғлик-саломатлиги учун шунча яхши бўлади.

Шариати мутаҳҳара аҳкомлари аёлларни барча ёмонликлардан саломат сақлаш, уларни ҳимоя қилиш ва икки оламда бахтли ҳаёт кечиришларини таъминлаш учун юборилган.

Аллоҳ азза ва жалла бандаларнинг манфаатларини билган ҳолида уларга энг мукаммал шариатни юборган.

Меҳрибон Парвардигоримиз барчаларимизга Ўзи тавфиқ ва мадад берсин.

«Ислом Овози» таҳририяти

Алоқадор мавзулар:

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi