Қиз ўғирлаш ҳукми ва валийлик тартиби
2010 йил 4 июн
Савол:
Исломда киз ўғирлашга қандай қаралади? Қизнинг отаси йўқ, 4 та акаси бор, фақат биттаси Исломда. У валий ҳисобланадими? Қолган акалари дунёни деса, битта акасинининг фикрига қараладими? У шу ҳолда розилик беради, аммо қариндош-уруғлар орасида гап-сўз бўлмасин, деб катта миқдорда қалин, мол сўрайди. Бундай ҳолда нима қилса бўлади? Жазакаллоҳу хойр.
Муҳожир С.
Шайх Обидхон қори жавоблари:
Исломда қиз ўғирлаш, деган одат йўқ. Бу улкан гуноҳ ва хунук жиноятдир. Ислом динида қиз бола ёки аёл киши кимга турмуш чиқиш ёки чиқмаслик ихтиёрига эга, аммо бу дегани у ўзича турмушга чиқиб кетаверади, дегани эмас. Қиз болани ҳам, аёл кишини ҳам валийси турмушга узатади. Қизга уйланмоқчи бўлган йигит қизнинг валийларига совчи юборади ва уларнинг розиликларини олади.
-
Номақбул одатлар;
-
Валийлик тартиби;
-
Қалин эмас, маҳр ва совға.
Номақбул одатлар
Халқларнинг урф-одатлари Ислом қонунларига хилоф келмаслик шарти билан қабул қилинади. Агар одат Исломга зид келар экан, у рад этилади. Одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига, обрўси ва шаънига таҳдид соладиган одатларни Ислом мутлақо қоралайди ва қарши туради. Молу мулкка зиён келтирадиган одатлар хам қабул қилинмайди.
Қиз ўғирлаш жуда ҳам хатарли ва хунук иш бўлиб, бу жиноят биринчидан, қиз боланинг ўзига, оиласига, қариндошлари ва маҳалласига иснод келтиради. Иккинчидан, бу одат қизларнинг ҳаётига жиддий таҳдиддир. Чунки қизлар шундай йўлга қадам боссалар, ота-онанинг розилигисиз бирор кимса билан яширин тил бириктирган ҳолда бирор ерга қочиб бориб, турмушга чиқсалар, ўзларини ўзлари бадном қиладилар ва бахтсизикка дучор бўладилар. Эҳтимол ёрдамсиз ва ҳимоясиз қолиб фалокатга йўлиқадилар.
Инсоннинг ақли ҳам худди танасига ўхшаб, аста-аста ривожланиб, ўсиб боради. Хоҳ қиз бола бўлсин, хоҳ ўғил бола бўлсин турмуш қурадиган ёшга етгани билан ҳали ақли катталарники каби такомиллашган бўлмайди. Чунки ақлнинг қуввати илм ва тажрибага боғлиқ. Илм-тажриба ошган сайин ақл такомиллашиб, кучайиб боради. Шунинг учун Ислом динимизга кўра қизларни турмушга узатиш, йигитларни уйлантириш масаласида ота-оналар ниҳоятда муҳим ўринни эгаллайдилар. Бу қоида урф-одатларда ўз аксини топган. Кўпгина халқларда, ҳатто мусулмон бўлмаган халқларда ҳам ёшларнинг оила қуришлари ота-оналар бошчилигида амалга ошиши оддий ҳолат. Баъзи жамиятларда ёшларнинг кейинги замонда пайдо бўлган бир-бирлари билан ўзлари топишиб, катталарнинг маслаҳатисиз бирга яшаб кетавериш одатлари мусулмонларда қабул қилинмайди.
Исломда қиз болани турмушга бериш валийнинг зиммасига юкланган. Валийсиз никоҳ дуруст бўлмайди, деган қоидага мазҳаблар ўртасида айрим фарқлар билан баробар амал қилиб келинади.
Шундай экан, сизга қизнинг акалари билан алоқани чиройли йўлга қўйишни тавсия қиламиз. Ота-онангиз ва қариндошларингизни қизнинг онаси ва акаларининг олдига юборинг. Қизнинг хонадонини биладиган ёши улуғ, тажрибали, эътиқодли, илмли одамлардан маслаҳат ва ёрдам сўранг.
Валийлик тартиби
Валийлик тартиби шундайки, қиз боланинг отаси бўлмаса, бобоси валий саналади. Ундан сўнг балоғатга етган туғишган ака-укалари валий бўладилар. Улардан кейин амаки туради. Сиз сўраётган қизнинг отаси ҳам, бобоси ҳам йўқ, бир неча акалари бўлар экан, одатда уларнинг каттаси ота ўрнида бўлади. Валийликка ҳам шу лойиқ саналади.
Акалари Исломда эмас, деган сўзингизни биз ўзимиз кўп гувоҳ бўлган ҳолатлардан келиб чиқиб, исломи заифлик, яъни фисқ, деб тушундик. Чунки ҳаммамиз биламизки, намоз ўқимайдиган ўзбеклар кўп, аммо улар намознинг фарзлигини инкор ҳам этмайди. Улар Исломнинг фарз бўлган талабларини бажармайди, аммо ўзларини мусулмон ҳисоблайди. Ислом динидаги айрим қоидаларга амал қилиб юради. Масалан, ўғлини хатна қилдиради, қизини никоҳсиз турмушга бермайди. Ўликларини жанозасиз кўммайди ва ҳоказо. Бундай одамлар бутун мусулмон эмаслар, аммо Исломга қарши бемаъни сўзларни гапириб юриш билан танилган бўлмасалар, кофир деб айтилмайдилар ва уларнинг валийлик ҳаққи соқит бўлмайди. Агар инсон кофир бўлса (наузу биллаҳ минал-куфр), унинг мусулмон устида валийлик ҳаққи қолмайди.
Фиқҳ китобларида келган валийликнинг айрим шартларига назар соламиз.
الشَّرْطُ الثَّالِثُ : الإِْسْلاَمُ :
ذَهَبَ الْفُقَهَاءُ إِلَى اشْتِرَاطِ الإِْسْلاَمِ فِي وِلاَيَةِ الْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمَةِ . قَال الْحَنَفِيَّةُ : لاَ وِلاَيَةَ لِلْكَافِرِ عَلَى الْمُسْلِمِ …
(الموسوعة الفقهية الكويتية : 41 / 252)
«Учинчи шарт: Ислом. Фуқаҳолар мусулмон аёл устидан валийлик учун Ислом шарт, дедилар. Ҳанафийлар айтишган: «Кофирга мусулмон устидан валийлик йўқдир…».
(Ал-мавсуатул-фиқҳийятул-кувайтийя, 41/252).
Баъзи уламолар адолат ҳам валийлик шартларидан биридир, дейишган. Аммо ҳанафий мазҳабида никоҳ валийлигида адолат шарт эмас, дейишади.
وَلَنَا إجْمَاعُ الْأُمَّةِ أَيْضًا فإن الناس عن آخِرِهِمْ عَامَّهُمْ وَخَاصَّهُمْ من لَدُنْ رسول اللهِ صلى اللهُ عليه وسلم إلَى يَوْمِنَا هذا يُزَوِّجُونَ بَنَاتهمْ من غَيْرِ نَكِيرٍ من أَحَدٍ خُصُوصًا الْأَعْرَابُ وَالْأَكْرَادُ وَالْأَتْرَاكُ
وَلِأَنَّ هذه وِلَايَةُ نَظَرٍ وَالْفِسْقُ لَا يَقْدَحُ في الْقُدْرَةِ على تَحْصِيلِ النَّظَرِ وَلَا في الدَّاعِي إلَيْهِ وهو الشَّفَقَةُ …
(بدائع الصنائع : 2 / 239).
«Бизнинг яна бир далилимиз ижмои умматдир. Бошдан охир ҳамма одамлар, аъробийлару курдлару турклар, омма ҳам, хослар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларидан то ҳозирги кунимизгача қизларини бирор кишининг монелигисиз турмушга берадилар. Чунки никоҳ валийлиги назорат валийлигидир. Фисқ инсонни (ўз қизини) назорат қилишга қодирликдан, ҳолидан хабардор бўлиб туришга ундайдиган шафқатдан тўса олмайди…».
(Бадоеъ ас-саноеъ, 2/239)
Бу айтилганлардан келиб чиқадики, фосиқ одамнинг ўз қизига ёки синглисига валийлиги эътиборлидир.
Фиқҳ китобларида валийлик ҳаққидан маҳрум этиш ҳолати ҳам зикр қилинган. Агар аёл бирор кишига турмушга чиқишга рози ва эркак у аёлга шаръан муносиб бўлса, валий бунга қаршилик кўрсатмаслиги керак. Агар эркак аёлга муносиб бўлмаса, валий қаршилик қилишга ҳақли. Аммо аёл ва эркак бир-бирига муносиб экан, валий қаршилик кўрсатса, валийлик ҳаққи бошқага ўтади.
Қалин эмас, маҳр ва совға
Қалин пули, сут пули деган шартлар Исломда йўқ. Бунинг ўрнига қизга ва унинг ота-онасига (майли акаларига ҳам) совға-саломлар бериш жоиз. Энг муҳими – маҳр. Маҳр қиз боланинг ҳаққи ва уни Аллоҳ эркакнинг зиммасига фарз қилган.
Ўртада воситачилик қилувчи одамлар қиз томондагиларга бу ҳақиқатларни тушунтирадилар ва уларни ҳар икки томоннинг манфаатига мос равишда иш қилишга кўндирадилар, иншоаллоҳ.
Совға-салом ва ҳадяларни одамлар ўзларининг шароитлари ва турмуш даражаларига қараб турли хилда қиладилар. Бойларнинг совғаси ўзларига яраша, фақирларники ҳам ўзларига яраша бўлади. Эҳтимол куёв тайёрлаётган совғалар қалин пули деган нарсадан кўра яхшироқ бўлиб чиқар.
Ақлли инсон мақсадга етишда илм, тажриба ва тақвога риоя қилади, катталар ва илмлиларнинг ёрдамига суянади. Шу билан бирга ўрни билан саховат қилишни ҳам унутмайди. Умид қиламизки, сиз ҳам шу йўлни тутасиз. Зеро, очиқ мулоқот, маслаҳат ва фикр-алмашувлар жуда ҳам зарур ишлар бўлиб, уларнинг фойда ва самаралари ҳам шунга ярашадир.
Аллоҳ таолодан сизларга ҳидоят ва бахт-саодат тилаймиз.
Мавзуга оид яна:
Уйланишда ота-она розилиги қанчалик зарур?
Келин-куёв ва хонадонлар бир-бирларига муносиб бўлишлари аҳамияти
Интернет орқали танишиб, уйланишга рухсат бериладими?
Никоҳда ҳажга олиб боришни маҳр қилиш мумкинми?
Исломий тўйнинг айрим хусусиятлари ҳақида
•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•
Ислом Овози каналини барчага улашинг, илм тарқатишда ҳиссангизни қўшинг, савобли амалингиз Қиёматгача давом этсин