“Кошерний” гўшт маҳсулотларини истеъмол қилиш мумкинми?
Савол: Мен АҚШда яшайман. Бу ерда сотиладиган гўшт маҳсулотлари ҳақида сўрамоқчи эдим. Магазинларда яҳудийларнинг «кошерний» колбаса, сосиска, гўшт маҳсулотлари сотилади. Шундан истеъмол қилса бўладими? Аллоҳ рози бўлсин.
Анваржон.
Жавоб: Динингиз аҳкомларини билиш ва таомингизнинг покиза бўлиши учун интилаётган экансиз, Аллоҳ таоло сизга ажрлар ато айласин ва доимо Унинг Ўзи сизни қўллаб-қувватласин.
Магазинларда сотиладиган яҳудийларнинг «кошер» (kosher) гўшт маҳсулотларидан олиб истеъмол қилиш жоиз. «Кошер» сўзи иврит тилидаги «кашрут» калимасининг кўплик шаклидир. «Кашрут яҳудийликдаги термин бўлиб, бирор нарсанинг Галахи нуқтаи назарида рухсат этилгани ва яроқли эканини билдиради». (wikipedia.org)
Уламоларга кўра «кошер» калимаси ҳайвон сўйиш, таом тайёрлаш ва овқатланишга тааллуқли қонунлар мажмуасини билдиради ва мусулмонлар учун «кошер» белгиси қўйилган таомларни истеъмол қилиш жоиз. Чунки «кошер» қоидасида кўрсатилган таом тайёрлаш шартлари мусулмонларникига ўхшайди. Балки яҳудийларнинг таом истеъмоли учун белгилаган шартлари мусулмонлар талабидан кўра қаттиқроқдир. Яъни, ҳатто уларда Ислом ҳалол қилган баъзи ҳайвонлар (туя, от) тақиқланган. Аммо Ислом ҳаром қилган ҳайвонларнинг биронтасига рухсат берилмаган. Шунинг учун яҳудий динига кўра сўйилган гўштлар ҳалолдир.
Аллоҳ таоло айтади:
الْيَوْمَ أُحِلَّ لَكُمُ الطَّيِّبَاتُ وَطَعَامُ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ حِلٌّ لَكُمْ وَطَعَامُكُمْ حِلٌّ لَهُمْ… (المائدة 5).
«Бугун сизларга покиза нарсалар ҳалол қилинди. Аҳли китобларнинг таоми сизларга ҳалол, сизларнинг таомингиз улар учун ҳалолдир…» (Моида,5).
Аллоҳдан ҳаммамизга доимо ҳалолу покиза ризқ ато этишини сўраймиз ва шунга ҳаракат қиламиз.