Уламоларнинг ихтилофлари ва маний масаласи

Бир неча кун муқаддам устозимиз шайх Обидхон қори аканинг мана бу ҳаволадаги ( Рўзада маний ва мазий келишининг ҳукми ) савол-жавобларини ижтимоий тармоқларда қайта нашр қилиниши ортидан баъзи биродарларимиз манийнинг ҳукми ҳақида эътирозли савол бериб, бу масалада ихтилоф борлигига тўхталишди.

Биз ҳам шу ўринда авваламбор уламоларнинг ихтилофларига қандай муносабатда бўлишимиз лозимлигини эслаб ўтамиз, кейин маний масаласига қайтамиз:

  • Уламоларнинг ихтилофларига муносабатимиз:

Ҳар бир олим Ислом дини аҳкомларини умматга ўргатишда ўзи тўғри деб билган фатволарни етказиш билан чекланишга ҳақлидир. Ҳеч қайси оятда ё ҳадисда ёки ҳеч қайси бир олимнинг фатвосида «оммага бир масалани баён қилишда албатта барча ихтилофларни зикр қилиб чиқилиши шарт» дейилмаган. Валлоҳу аълам.

Балки кўпчилик уламолар «омма халққа уламоларнинг ихтилофларини зикр қилиб ўтирилмасин, чуқур илмга эга бўлмаганларнинг бошларини ихтилофлар билан гангитмаслик керак, домла ўзи ҳақ деб билган раъйни танлаб, оммага фақат ўшани етказсин», деб тавсия қиладилар.

Оми инсонлар ҳам ўзларининг ҳавои нафсларига ёққан фатволарни қидирмасдан, балки иймонли қалб хотиржам бўладиган, ишончли, тақволи, ҳақпарвар уламоларнинг фатволарини ўрганишлари ва унга амал қилишлари лозим бўлади.

Шу билан бирга одамларни бағри кенгликка, ихтилофли масалаларни кўрганда муросали бўлишга тарбия қилиб борилиши зарурлигини ҳам қайта-қайта таъкидланади.

Шариати мутаҳҳара холислик ва илмга асосланган ихтилофни ман қилмаган, балки илмсизлик ва айрим қалблардаги касалликлар туфайли пайдо бўладиган ва турли-туман фитналарни келтириб чиқарадиган ихтилофларни қоралаган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида саҳобаи киромлар ҳам айрим масалаларда бир-бирлари билан далил-ҳужжатларга асосланган ҳолларида ихтилоф қилардилар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг ана шундай ихтилофларини инкор қилмасдилар. Мисол тариқасида Бани Қурайза ғазотида аср намозини қачон ва қаерда ўқиш ҳақида ихтилоф қилиб қолишгани қиссасини ёдга олиш мумкин.

(Уламоларнинг бу мавзуда ёзган китоблари жуда ҳам кўп. Жумладан, шайх Мустафо Кароматуллоҳ Махдум Ал-Бухорийнинг «Мавқифул омий инда ихтилофи фатовал фуқаҳо» деб номалаган китобларига мурожаат қилиш тавсия этилади)

  • Маний нажосатми ?

Имом Абу Ҳанифа ва имом Молик раҳимаҳумуллоҳнинг мазҳабларида маний нажосат ҳисобланади. (Устозимиз Обидхон қори ака ҳам – Аллоҳ шифойи комил ато этсин – юқоридаги жавобларида мана шу қавлни ёзганлар).

Аммо имом Шофеий ва имом Аҳмад раҳимаҳумуллоҳнинг мазҳабларида эса маний нажосатмас, дейилган.

Ҳар икки томон ҳам далил-ҳужжатсиз фатво бермайдиган буюк алломалардир. Биз уларнинг олдиларида жуда ҳам кичкина инсонлармиз.

Ҳар биримиз ўз мазҳабимизни тўғри деб ўйласак ҳам, бошқа уламоларнинг ҳам барча-барчаларини ҳурмат қиламиз.

Ким ўзининг ишонган устозларига эргашиб, холис қалби ила қайсидир бир қавлни олган бўлса уни маломат қилинмайди.

Балки унга ҳам ўзимизга ҳам Аллоҳнинг тавфиқини сўрашимиз савобли амалдир ва мусулмонларнинг бирлигини сақлашдек улкан масъулиятга хизмат қилади.

  • Аллоҳнинг қудрати ва ҳикматидан бир лавҳа :

«Манийни нажас эмас» деган қавл соҳибларидан айримлари мухолифларига эътироз сифатида «қандай қилиб инсон нажосатдан яралади деб айтасизлар?», дейишган.

Манийни нажосат деб ҳисоблаган уламолар бундай эътирозга ўзларининг жавобларини билдирганлар:

Одам отамизнинг лойдан яралганликларига қарайдиган бўлсак, инсоннинг асли албатта пок нарса эканлиги маълум. Лекин кейинги босқичларда ота-онасининг суви бўлиб, кейин алақага айланиб, барибир нажосат ҳолатидан ўтади.

{وَلَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنسَانَ مِن سُلَالَةٍ مِّن طِينٍ (12) ثُمَّ جَعَلْنَاهُ نُطْفَةً فِي قَرَارٍ مَّكِينٍ (13) ثُمَّ خَلَقْنَا النُّطْفَةَ عَلَقَةً فَخَلَقْنَا الْعَلَقَةَ مُضْغَةً فَخَلَقْنَا الْمُضْغَةَ عِظَامًا فَكَسَوْنَا الْعِظَامَ لَحْمًا ثُمَّ أَنشَأْنَاهُ خَلْقًا آخَرَ ۚ فَتَبَارَكَ اللَّهُ أَحْسَنُ الْخَالِقِينَ (14) ثُمَّ إِنَّكُم بَعْدَ ذَٰلِكَ لَمَيِّتُونَ (15) ثُمَّ إِنَّكُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ تُبْعَثُونَ}. [المؤمنون: 12-16].

«(Қасамки), Биз инсонни лойнинг мағзидан яратдик. Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳдаги (яъни бачадондаги) нутфа-маний қилдик. Сўнгра бу нутфадан лахта қонни яратиб, лахта қондан парча гўштни яратиб, парча гўштдан суякларни яратиб, бу суякларга гўшт қопладик, сўнгра (унга жон киргизиб, аввал бошдаги бир томчи сув — нутфадан бутунлай) бошқа бир жонзот ҳолида пайдо қилдик. Бас энг гўзал (энг мукамммал) яратгувчи (яъни йўқдан бор қилгувчи бўлмиш) Аллоҳ баракотли — Буюкдир. Сўнгра шак-шубҳасиз сизлар (эй инсонлар), мана шундан (яъни яралиб, ҳаётга келганингиздан) кейин (ажалларингиз битгач) албатта вафот топгувчидирсизлар. Сўнгра шак-шубҳасиз сизлар Қиёмат Кунида қайта тирилурсизлар».

(Мўъминун сураси, 12-16 оятлар).

{أَلَمْ نَخْلُقكُّم مِّن مَّاءٍ مَّهِينٍ}. [المرسلات: 20]

«Ахир Биз сизларни бир ҳақир сувдан яратмадикми?!»

(Мурсалот сураси, 20-оят)

{خَلَقَ الْإِنسَانَ مِنْ عَلَقٍ}. [العلق: 2].

«У Зот инсонни алақ – лахта қондан яратди».

(Алақ сураси, 2-оят)

Аллоҳ таолонинг қудрати ва ҳикмати чексизлигидан, У Зот бир нарсани пок-мусаффо ҳолатдан нажосатга, нажосат ҳолатидан пок-мусаффо ҳолатга айлантиришга қодирдир.

Аллоҳ берган ақлни тўғри ишлатган инсон ўзининг нимадан яралганлигини, қандай босқичлардан ўтганлигини, аъзои жисмида ва ичида қанча-қанча айбу нуқсонлар борлигини, охир-оқибат ўлиб, чириб, тупроққа айланиб, яна қайтадан тирилиб, Қиёмат даҳшатларига рўбарў бўлишини ўйлайди. Натижада Аллоҳнинг тақдирига рози бўлиб, шариатини қабул этиб, камтарона ҳаёт кечирадиган, ўзига ўхшаган ожиз инсонларнинг устидан мутакаббирлик қилмайдиган, ҳаддидан ошмайдиган бўлади, чунки ҳамма инсонлар қатори у ҳам бир ҳақир бандадир, Аллоҳнинг раҳмату мағфиратига муҳтождир.

Инсон жисмида маний пайдо бўлишидан аввал, у Аллоҳ яратиб берган турли-туман нозу неъматларни истеъмол қилади ва у нарсалар унинг қорнига кирганидан сўнг бутунлай бошқа-бошқа моддаларга айланади, жумладан сийдик, ахлат, қон, маний ва ҳоказо.

Кейин эркак ва аёлнинг суви бўлмиш ана шу манийдан алақа яратилади. Алақа дегани ёпишқоқ лахта қон. Қон нажосат эканида эътиборли уламоларнинг ўрталарида ихтилоф йўқ. Бу масала ҳам фиқҳ китобларида далиллари билан муфассал баён қилинган.

Кейин алақадан инсон вужудга келади, инсон эса покдир. Пок бўлгани билан барибир ичида яна турли нажосатлар пайдо бўлади ва улар икки йўл орқали ёки танага бирор жароҳат етиши туфайли ташқарига чиқиб келади. У моддаларнинг ичкаридаги ҳолатининг ҳукми билан ташқарига чиққанидан кейинги ҳукми ҳам бир-биридан фарқлидир.

Яна бир мисол сифатида сутни келтиришимиз мумкин. Сут аввал қон бўлади, кейин мусаффо сутга айланади, уни инсон ичганидан сўнг маълум бир қисми яна нажосатга айланади, боқша қисми баданга озуқа бўлиб яна сингиб кетади …

Бундай турли-туман ажойиботлар ва коинотдаги сон-саноқсиз мўъжизаларнинг барча-барчаси юқорида айтилганидек Ягона Аллоҳ таолонинг қудрати ва ҳикматидир.

Манийнинг нажосат эканига нақлда собит бўлган асосий далиллардан бири имом Бухорий, имом Муслим ва бошқа муҳаддис имомлар ривоят қилишган аксар ҳадисларда уни ювиб ташлашга буюрилганидир. Уммул мўъминин Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадиснинг айрим лафзларида нам бўлиб турган ҳолатида ювиш, қуриб қолган бўлса қириб, қоқиб ташлаш айтилган.

Демак бу масалада асл ҳукм шуки, баданни ва кийимларни манийдан албатта тозалаш зарур. Имкон қадар уни ювиб ташлаш керак, имкон бўлмаса ёки қуриб қолган бўлса, қириб ва қоқиб ташланса ҳам кифоя бўлади.

Валлоҳу аълам.

«Ислом Овози» таҳририяти

Алоқадор мавзулар:

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi